Ўзбекистон “Қурмонжон додхоҳ” фильмининг баъзи эпизодларини Бухорода суратга олинишига рухсат бермаганидан кейин 4-5 млн. сом тежалган. Бу ҳақда 3 июнь куни картина режиссёри Содиқ Шерниёзнинг сўзларига таяниб Вечерний Бишкек хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, фильмни суратга олиш ишлари якунланган. Фильмнинг монтаж ишлари ҳам тугалланган ва ҳозирда овоз бериш жараёни кетмоқда. “Нутқий матнларга овоз беришни якунига етказганмиз, олдинда синхрон овоз бериш жараёни турибди. Ундан ташқари фильм учун 40-60 дақиқага мўлжалланган мусиқа ёзишимиз керак. Бу устида Бакит Алишеров ва Мирзали Жээнбаев ишлашмоқда. Синхрон овоз беришни Санкт-Петербургда қилишни режалаштирганмиз. Россиялик ҳамкасблар билан бу борада келишувга эришдик”, – дейди режиссёр.
Унинг эътироф этишича, фильмни суратга олиш учун давлат бюджетидан 70 млн. сом ажратилиши назарда тутилган, бироқ 4-5 млн. сом тежашга муваффақ бўлинган. “Режага мувофиқ 4-5 млн. сомга фильмнинг баъзи эпизодлари Ўзбекистонда, Бухорода суратга олиниши керак эди. Бироқ, сиёсий вазиятдан келиб чиқиб бизга бунинг учун рухсат беришмади. Биз бу эпизодларни ўзимизда, жанубда суратга олдик, ижодий импровизация қилишимизга тўғри келди”, – дея таъкидлайди режиссёр.
Шер-Ниёз фильмда 5 минг атрофида одам қатнашганини айтади. “Тасвирга олиш гуруҳини тахминан 100 киши ташкил қилди. Оммани суратга олишда 500 одамни жалб қилишга тўғри келди. Мен суратга олиш гуруҳининг ишидан жуда мамнунман. Хусусан, мени ҳайратлантирган нарса таниқли актёрларнинг юқори пул тўланадиган ҳорижий лойиҳалардан воз кечиб, икки йил давомида тахминан 7 минг сом атрофидаги оз пулга биз билан ишлаши бўлди”, – дейди у.
“Қурмонжон додхоҳ” тарихий бадиий фильмининг тақдимот маросими 31 августда Ўш шаҳрида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Фильмни суратга олиш ишлари икки йил давом этди. Фильм давлат буюртмаси бўлгани учун даставвал ҳукуматга тақдим қилинади, ундан кейингина томошабинлар эътиборига ҳавола қилинади.
Манба: UZBEK.FM