Ўзбекистон маиший чиқиндиларни утилизация қилиш тизимларини модернизациялаш лойиҳасига Осиёт тараққиёт банки (ОТБ)нинг 400 миллион долларлик кредитини жалб қилмоқчи, дея хабар тарқатди ca-news.org сайти.
Умумий қиймати 500 миллион долларга тенг мазкур лойиҳага кўра, Тошкент ва мамлакатнинг саккизта ҳудудида қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизациялаш тизимларини замонавийлаштириш кўзда тутилган.
Лойиҳага давлат бюджетидан 100 миллион доллар ажратилади.
Лойиҳа доирасида чиқиндиларни қайта ишлаш корхонаси қурилади, чиқиндиларни йиғадиган машиналар парки янгиланади, қўриқланадиган чиқинди йиғиш майдончалари барпо этилади.
2013 йилнинг баҳорида лойиҳа Осиё тараққиёт Банки раҳбарияти томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Ҳар йили Ўзбекистонда 100 миллион тоннадан ортиқ саноат ва 35 миллион тоннага яқин маиший чиқиндилар йиғилади. Умумий майдони 12 минг гектарга тенг чиқиндихоналарда 2 миллиард тоннадан ортиқ саноат, қурилиш ва маиший чиқиндилар бор.