Хабарингиз бор, шу йилнинг 20-21 май кунлари Чикагода НАТОнинг саммити бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
“Янги Европа” онлайн-нашрининг ёзишича, саммит доирасида Абдулазиз Комилов сўз олиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида қўшни мамлакатлар, АҚШ, Россия ва НАТО ҳамкорлигида “6+3” мулоқот гуруҳини ташкил этиш Афғон муаммосини ҳал қилишда муҳим омиллардан бири бўлишини таъкидлади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири расмий Тошкентнинг Афғонистон муаммосини ҳал этишдаги ўрни ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Афғонистон операциясини амалга ошириш учун гуманитар ва ноҳарбий юкларни ўтказиш мақсадида Ҳайратон кўпригини очганлигига урғу берди. Ушбу транспорт йўлаги Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи ягона темир йўл тизими эканлиги билан ҳам ниҳоятда аҳмиятлидир. “Афғонистон ҳудудида Ўзбекистон кўмагида ўнлаб кўприклар, автомобиль йўллари барпо этилди. Ҳозирги пайтда Кобул шаҳри тўлиқ электр энергия билан таъминланмоқда. Афғонистон Ўзбекистоннинг оптик толали алоқа линиясига уланган”, деди Абдулазиз Комилов.
Ташқи ишлар вазири ўз нутқида, шунингдек, “Ўзбекистонлик мутахассислар томонидан бунёд этилган Ҳайратон — Мозори Шариф темирйўли 2011 йилдан бери минтақа келажаги учун муҳим роль ўйнамоқда. Мозори Шарифдан темирйўлнинг Шибирғонгача давом эттирилиши Трансафғон корридори лойиҳасини амалга оширишда қўл келади. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатларини денгиз портларига олиб чиқувчи энг яқин йўл вазифасини бажариши мумкин”, деб таъкидлади.
Абдулазиз Комиловга кўра, 2002 йилнинг февралидан Термиз аэропорти Афғонистонда Халқаро хавфсизликка кўмаклашиш кучлари миссиясини амалга оширишда Германия томонидан самарали фойдаланиб келинмоқда.
“Бугун Ўзбекистон Шимолий таъминот тармоғида муҳим аҳамиятга эга давлатлардан ҳисобланади. Зеро, ушбу транспорт ва алоқа корридори Болтиқ ва Қора денгиз портларини Афғонистон билан боғлаб, НАТО ҳарбий контингентини қўллаб-қувватлашда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Шимолий таъминот тармоғи ишга тушгандан бери 400 минг тоннага яқин ноҳарбий юклар Ўзбекистон ҳудуди орқали етказиб берилган”, дея хулоса қилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.