Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эски (нобиометрик) паспортлар 2015 йилнинг 31 декабридан бошлаб ўз кучини йўқотгани борасида расман маълум қилди.
“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Вазирлик президентнинг 2011 йил 5 январида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг нобиометрик паспорти 2015 йилнинг 31 декабридан сўнг ўз кучини йўқотганини таъкидлаган.
Ушбу фармонга мувофиқ эски паспортларни 31 декабрдан кейин ишлатиш мумкин эмас ва 1 январдан бошлаб хорижда бўлган Ўзбекистон фуқароси агар биометрик паспорти бўлмаса, “Ватанга қайтиш учун сертификат”ини олиши шарт ҳисобланади.
Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги билан Ички ишлар вазирлиги ҳамкорликда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисида йўриқнома”га мувофиқ чет элда бўлган фуқаро Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик бўлимларига мурожаат қилиб, ушбу ҳужжатни олиши лозим.
ЎХҲ хабарлар бўлими