O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон ҳукумати хориждаги мухолифатдан қўрқадими?

Ўзбекистон ҳукумати хориждаги мухолифатдан қўрқадими?
117 views
14 December 2019 - 21:32

Мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси яқинлашаётган Парламент сайловларини масхарабозлик, деди ва одамларни унда иштирок этмасликка чақирди. Партия раҳбари Муҳаммад Солиҳ уч йиллик сукутдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатни танқид қилди.

Партия баёнотида айтилишича, Шавкат Мирзиёев иқтисодий жабҳада баъзи либерал қадамларни ота бошлаши, мухолифатнинг Ўзбекистонга қайтишига умид уйғотган.

“Лекин Мирзиёев янги йўл танламади. У ўз муаллимининг изидан юришни афзал кўрди: мухолифатга ўлка эшикларини очмади, уни аввалги “халқ душмани” мақомида қолдирди ва унга қарши таъқибни давом эттирди”, дейилади баёнотда.

“Эрк” партияси Парламент сайловига шахсан Каримов тарафидан тузилган 5 та “қўғирчоқ партия”ни киритганини танқид остига олган.

“Энди, 22 декабр 2019 да айни қўғирчоқ партиялар парламентдаги ўринлар учун эмас, Мирзиёевга лаганбардорликда мусобақага шайланишяпти. Биз ўзбекистонликларни бу сиёсий масхарабозликда иштирок этмасликка чақирамиз, бу ўйинга қарши норозиликларини Конституцияда кўрсатилган ҳақлари доирасида ифода этишга чақирамиз”, дейилади баёнотда.

Би-би-си “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ билан боғланиб нима учун 3 йил сукут сақлаб, энди Мирзиёев сиёсатини танқид қилаётгани ҳақида сўради.

Муҳаммад Солиҳ: Чунки 3 йил Каримов даврида ўтказилмаган сиёсий ислоҳотлар Мирзиёев даврида ўтказилади, деб умид қилдим. Фақат мен эмас, умуман, бизнинг ташкилотимиз, бизнинг тарафдорларимиз мана уч йилни катта умид билан ўтказди.

Нега биз умид қила бошладик? Чунки Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин қандайдир либерал ҳаракатлар қила бошлади. Хусусан, иқтисодий жабҳада эркинликлар берилди. Ташки муносабатларда ҳам либераллашув бўлди. Чегараларда Каримовнинг олдинги қаттиқ тутими ўзгарди.

Би-би-си: Яқинда Ўзбекистон сенати раиси ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистонда мухолифат халқ ичидан чиқиши кераклиги, уни ташқаридан олиб келиб бўлмаслигини айтди. Балки сиёсий ислоҳотларни талаб қилишлар халқ ичидан чиқмаётгандир?

Муҳаммад Солиҳ: Агар у бизни назарда тутган бўлса, ташқаридан келаётган, деб биз ташқаридан келганимиз йўқ. Ичкаридан қувилган мухолифатмиз. Инглизларни олиб келаётганингиз йўқки, сиз мухолиф қилиб. Бизнинг ватанимизга қайтишимиз, бу ташқаридан бирини олиб келиш дегани эмас-ку.

Би-би-си: Лекин айрим кузатувчилар, “Эрк” партияси, умуман сиз раҳбари бўлган Ўзбекистон халқ ҳаракати ҳам Ўзбекистонда оддий блогерчалик таниқли эмаслиги, таъсир кучига эга эмаслигини айтишяпти. Сиз сайловни масхарабозлик, деб бойкот қилишга чақиргансиз. Одамлар чақириғингизга қулоқ солади, деб ўйлайсизми?

Муҳаммад Солиҳ: Соладиганлар ҳам бор, солмайдиганлар ҳам бор. Агар биз блогерчалик машҳур бўлмаган бўлсак, нега бизни чақиришдан қўрқади Мирзиёев. Чақирсин. Агар бизни ҳеч ким сайламаса, сайламайди, демак. Машҳур бўлмасак, нега қўрқяпти? Ҳамма гап шундаки, бизни у ерда қўллаган ижтимоий қатлам ҳалиям мавжуд. Бундан Каримов ҳам қўрққан эди, бундан Мирзиёев ҳам қўрқяпти. Шунинг учун ҳам киритмаяпти. Бунинг ҳаммаси улар ўтказаётган бизга қарши арзон пропаганда.

Би-би-си: Лекин сизнинг мухолифларингиз сизни ҳам “Эрк” партияси пайдо бўлгандан буён унинг раҳбарлигини ҳеч кимга топширмасликда айблашади. Бу партия жамиятга керак бўлса, унинг бошқарувига ёшлар келиши кераклигини айтишади. Ушбу танқидларга нима дейсиз?

Муҳаммад Солиҳ: Бу нарса қип-қизил демагогия. Чунки биз, биринчидан, мамлакат ичкарисида қурултойни ўтказиш учун қанча уриндик. Бизга изн бермади. Қурултойимиз тўпланган жойда милициялар бориб тарқатиб юборди. Қани энди, бир мард чиқиб, мана шу ишни мен бошқараман, деб олса-ю, биз қутилсак бу раисликдан. Бу Каримовчилар уйдирган демагогия. Ўша пайти ҳам айтарди, ҳозир ҳам айтяпти. Раислик дегани, биз бу ерда пул олиб ёки бойлигига қараб ўтирганимиз йўқ. Том тескариси. Бу ерда ўша ҳақоратларга маъруз қоляпмиз. Бу юкни қайси мард қичиб олади бугун?

Манба: bbc.com/uzbek