O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекистон ҳукумати “шарофати” билан Хитойда газ муаммоси йўқ

Ўзбекистон ҳукумати “шарофати” билан Хитойда газ муаммоси йўқ
182 views
04 December 2014 - 18:32

9

Шу йилнинг октябрь ойида пойтахт Тошкентнинг бир қатор туманларида газ етишмаслиги ва чироқ йўқлиги муаммоси ҳақида ёзган Anhor.uz нашри бу сафар деярли барча вилоятларда газ йўқлигига асосий сабаб бўлган Ўзбекистоннинг Хитойга газ сотиши билан боғлиқ мавзуни тилга олди.

Нашрнинг ХХР Шинжон-Уйғур автоном ҳудудининг божхона идораси берган маълумотга таяниб ёзишича, 2014 йил октябрь ойи охирига келиб Марказий Осиёдан Хитойга 65 млн тоннадан зиёд табиий газ етказиб берилган.

Марказий Осиёдан Хитойга тортилган газ қувури Туркманистон ва Ўзбекистон чегарасида бошланиб, Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтади, кейин Хоргос НЎП ҳудудида Хитой чегарасини кесиб ўтади. Газ қувури йилига 55 млрд кубометр ёнилғи ҳажмини ўтказишга қодир.

2014 йил январь-октябрь якунлари бўйича ушбу қувур орқали Хитойга 17 млн тонна ёнилғи етказиб берилган. Бу 2013 йил январь-октябрь ойларига қараганда 3,5% га кўп.

Бундан ташқари, “Тожикистоннинг Рудакий туманида (Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти билан чегарадош) “Марказий Осиё-Хитой” давлатлараро газ қувурининг Тожикистон участкасини қуриш бошланди, – деб ёзади нашр. Мазкур лойиҳага йўналтирилган инвестициялар ҳажми 6,7 млрд.долларга баҳоланмоқда. Магистралнинг лойиҳа бўйича қуввати йилига 30 млрд.кубометрни ташкил этади. У бошқа учта тармоқдан фарқли ўлароқ минг километрга қисқароқ бўлади. Газ қувури Ўзбекистон, Тожикистон ва Қиғизистон ҳудуди бўйлаб Туркманистондан Хитойга ўтади. Унинг Тожикистондаги қисми энг узун эканини ва 400 км дан ортиқни ташкил этишини қайд этиш жоиз. Ушбу объектнинг кўлами ҳақида унинг қурилиши уч йил давом этиши, умумий узунлиги 76 км келувчи 47 та туннелдан иборатлиги ҳам далолат беради. Йигирма тўртта ҳолатда туннел сув остидан ўтади”.

Юқоридаги маълумотдан келиб чиқиб, Anhor.uz нашри Хитой Ўзбекистон ва Туркманистондан етказиб берилаётган газ туфайли ушбу маҳсулот таъминоти бўйича муаммоларга эга эмас, деган хулосага келади. Шу билан бирга, яқинлашиб келаётган парламент сайловларида янгидан сайланаётган депутатларнинг келгусида Хитойга “зангори олов” етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш ва бундан мўмай валюта тушумини олишдан ташқари, мамлакат аҳолисини ҳам газ билан барқарор таъминлаш борасида саъй-ҳаракатларни кучайтиришларига умид билдиради.

Шу ўринда ЎХҲ таҳририяти мамлакатдаги табиий газнинг ҳақиқий эгаси бўлган Ўзбекистон халқини қарийб 25 йилдан бери қийнаб келаётган газ муаммосига ечим топишда парламент депутатларига мурожаат қилиш ҳеч қандай самара бермайди деган фикрда.

Бошқарувда халқ вакиллигини амалга оширувчи парламентнинг ўз вазифасини бажармай қўйганига ҳам 20 йилдан ошди. Бу ҳақда биз шу йилнинг февраль ойида эълон қилинган “Ўзбек парламенти фаолиятига парда ортидан назар” сарлавҳали мақолада батафсил тўхталиб ўтганмиз. Ушбу мақолада тилга олинганидек қачонки халқ тақдирини ўйлайдиган ва миллат дарди билан яшайдиган инсонлар адолатли сайловлар орқали вакиллик органларига сайланмас экан, ўзбек парламентаризми ҳақида гапириш ноўрин.

Шундай экан, кўтарилган муаммо ечимини 25 ярим йилдан бери ўзбек халқи елкасига миниб олган диктатор Каримов ва унинг ҳукуматидан излашга тўғри келади. Қонунсизлик ва зўравонликка асосланган Каримов диктатураси ҳукм сурган муддат давомида ўзбек халқининг ҳаётида бирор ижобий ўзгариш бўлиши даргумон.

ЎХҲ ахборот бўлими