Ўзбекистон ички ишлар органлари ходимларидан уч киши 2012 йил 27 сентябрь куни ҳуқуқ ҳимоячи Гулшан Қораеванинг уйига келдилар. Улардан фақат биттаси ўзини таништирди – у Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармасининг ходими экан.
Бундан олдинроқ, 22 сентябрь куни Гулшан Қораева ички ишлар бошқармасига паспорт билан келиши талаб этилган навбатдаги чақирув қоғозини олганди. Чақирув қоғозида Гулшан Қораева сабабсиз келмаса жавобгарликка тортилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Гулшан Қораева 13 сентябрь куни ҳам повестка олган ва унда айтилишича, ҳуқуқ ҳимоячи айбланувчи сифатида чақирилаётгани, агар ўз ихтиёри билан келмаса, уни мажбуран олиб кетишлари мумкинлиги айтилган эди. Бироқ Г.Қораева 13 сентябрь куни қон босими кўтарилгани боис Қарши ИИБга бора олмади. Унинг уйига икки марта “Тез ёрдам” чақиртирилган эди. Гулшан бу ҳақда терговчи Шералиевни телефон орқали огоҳлантирмоқчи бўлганди, аммо у гўшакни кўтармади. Шунда у повесткани олиб келган участка нозирини касаллиги туфайли ИИБга бора олмаслигини огоҳлантира олди.
Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциациясининг раҳбари Надежда Отаеванинг маълум қилишича, Гулшанга қарши “Туҳмат” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Гулшан Қораева Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлимининг раиси. Яқинда у ҳуқуқ-тартибот идоралари унинг ортидан кузатув қўйганлари, уйига чақирув қоғозлари юбораётганлари ҳақида билдирган эди.