O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбеклар ҳали ҳам арзимаган нарсалар устида фаол!

Ўзбеклар ҳали ҳам арзимаган нарсалар устида фаол!
143 views
26 June 2017 - 11:39

Йил бошидан, яъни январдан бошлаймиз. Бизнинг йилимиз ҳар доим бир хил. Февралда валентин куни, мартда 8 – март, наврўз, кейин рамазон бошланиши ва тугаши устида баҳслар. Мавлуд ҳақида баҳслар ва ҳоказо… йилни янги йил устида баҳс билан тамомлаймиз. Ҳар баҳор шу бўлар такрор. Энг қизиғи, жонимизга ҳам тегиб кетмайди. Бир лентани айлантираверамиз. Дунёда учадиган машина яратяпти. Бизни эса муаммоларимиз, баҳсларимиз ўзгармайди.

Ҳайит масаласида жумҳур уламоларни фатволари келтириб берилди. Ана энди, ё шунга қаралинади, ёки қалбга қараб рўза тутилмайди. ИншаАллоҳ иккала ҳолатда ҳам гуноҳкор бўлмайди.

Бўлди, шу билан тугатиш керак мавзуни. Ёки муаммони аниқ бир ечимини таклиф қилиш керак, агар мақсад ҳолис бўлса.

Бир масала устида ўралашиб юравермай, ундан долзарб бўлган мавзуларда ҳам мана шундай жонкуяр бўлайлик.

Масалан оддийларидан бошлайман:

1) Ўзбекистонда қанча-қанча одамлар (мусулмонлар демайман) рўза тутади лекин намоз ўқимайди.

Бу нарсани аниқ айтяпман, сабаби 5-6 кун аввал бир чойхонада ифтор қилишга тўғри келди. Таҳминан юзга яқин одамдан ўн уч киши шом намозини ўқиди. Ваҳоланки, чойхона эгаси намозхона барпо қилиб қўйган экан. Ана шундайларга намоз ўқимасликни ҳукми нима эканлигини ҳамма шу ҳайитни устида баҳс қилиб турганлар алоҳида-алоҳида мақола қилиб ёзсин.

2) Аёлларни сатр авратсиз кўча-куйда бемалол юриши.

Ҳамма бирдек, ушбу кийимли яланғочларга қарши ҳаракат қилишини, мен, сиз ва бошқалар, яқинларимизни, ҳа, айнан яқинларимизни сатрсиз кўча кўйда юришларига қаршилик қилайлик. Бундай дейишимга сабаб, ўзимизни опа-сингилларимиз ёки қизларимиз ҳижобда бўлиши мумкин… лекин ҳаммамизни қариндош уруғларимизни, қўни-қўшниларимизни ичида ярим яланғочлар топилади. Ана шуларни ўзига эмас, ўшаларни дадалари, ака-укалари, амаки тоғаларига айтиб, уялтириб шу муаммони ўнгласа бўлади. Мана шу масала устида ҳайитни баҳс қилиб турганлар алоҳида-алоҳида мақола қилиб ёзсин.

3) Ночорларга ёрдам бериш.

Бир шаҳарда демайман, қариндош-уруғ ёки қўни қўшни ичида тўйиб овқат ея олмай, яхши уст-бош кия олмай турганлар бўлсаю, сизу-биз бепарво бўлсак дуруст эмаслиги тўғрисида ҳам, шу ҳайитни устида баҳс қилиб турганлар алоҳида-алоҳида мақола қилиб ёзсин.

4) Яқинда «боровский» коллежини ўқувчиси уриб ўлдирилганига фейсбук фаолларини кескин фикрлари, айбдорларни жазолаш кераклиги ҳақида ҳамма бир ёқадан бош чиқаргани натижасини берди. Шу петиция орқали нималарга эришиш мумкинлиги ойдинлашди. (Ўша ишда ким айбдор экани бошқа масала) Буни гапиришдан мақсадим, шунчалик журъатли эканмиз, нимага дини учун ноҳақ қамалганлар, қамоқлардан калтаклар оқибатида ўлиги келаётган мусулмонлар учун ҳудди шундай петициялар уюштира олмаймиз. Бу арзимас масала эмаску? Қани, мана шу тўғрисида ҳайитни устида баҳс қилиб турганлар алоҳида-алоҳида мақола қилиб ёзсин. Бир инсонни ўлимига бефарқ бўлмаганлар ўн минглаб инсонларга бефарқ қараб туриши абсурт эмасми?

Мен тўрттагина, бажаришимиз мумкин бўлган муаммони айтиб ўтдим. бундай муаммолар юзлаб, минглаб қалашиб ётибди.

Тушиб кетган чуқуримиз жуда ҳам чуқур! Ундан аста секинлик билан, битта-битта зинапоя ясаб чиқиш мумкин, биттада сакраб чиқа олмаймиз. Чиқишга ҳаракат қилмасак, юз йил ўтиб ҳам шу масалалар устида болаларимиз бахслашиб юрган бўлади.

Sayyid Islom

facebook.com