13 рақами! Кўплар бу рақамни иблис рақами деб, ёки шайтон мучали, жуда бўлмаса омад келтирмайдиган рақам деб ҳисоблаши маълум. 13 чи, тағин жума куни бўлса, википедия маълумотларига кўра, бундай кунда турли-туман кўнгилсизликлар, ҳамда омадсизликларга тайёр бўлиш керак деган ирим кенг тарқалгандир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, кўпчилик бундай кунни иблис куни деб тушунса, ўзбекларга, жумладан мен учун ҳам бу кун дўзах азоблари куни бўлган десам бўлади. Жума мусулмонлар учун муқаддас бир кун саналади, ҳамда бу кунни улар ҳафта давомида интиқлик билан кутишади ва хушҳол ҳолларида масжидларга жума намозини адо этиш учун боришади. Бу кунда улар катта бир жамоага бирлашиб дуо қиладилар. Мана шундай муқаддас кунлардан бири диктатор Каримов томонидан дўззахий бир жумага айлантирилганди.
Бирор ўзбек йўқки, 2005 йилнинг 13 май, жума кунида Андижон шаҳрида нима фожеа юз берганлигини унута олса, қайсики, бу кунда ўзбек ҳукумати ваҳшийларча ва оммавий тарзда ўз халқини отиб ташлаганди. Халққа қарши амалга оширилган бу қирғин жинояти жазосиз қолиб ҳам кетди. Бу воқеа бутун Ўзбекистон халқини даҳшатга солди ва шу билан бирга дунёга мамлакат аҳлининг қанчалар ҳуқуқсиз ва ҳимоясиз эканлигини кўрсата олди.
Албатта эслаймиз, кўплаб ғарб мамлакатлари, жумладан АҚШ ҳам бу жиноят устидан мустақил тергов ўтказиш талабини қўйганди, бироқ Ўзбекистон ҳукумати бунга йўл бера олмасди ҳам, акс ҳола одамларни оммавий қирғин қилинганлиги факти ошкор бўлиб қоларди. Шу сабабга кўра ҳам, ЕИ ва АҚШ томонидан Ўзбекистонга қарши санкциялар ҳам жорий қилинганди.
Шунингдек, ўша йилнинг 23 ноябрь кунида БМТ нинг Бош Ассамблияси Ўзбекистонда Андижон воқеалари қатнашчиларини таъқиб қилнаётгани учун ўз резольциясини ҳам қабул қилганди. Вақт ўтиб боргани сайин, ўзбек халқига нисбатан уюштирилган бу жиноят учун биров жавобгар қилинмагани ҳолда, 2009 ва 2011 йилларда ЕИ ва АҚШ бу санкцияларни бекор қилди. Ғарб мамлакатларининг бу каби ҳаракатига бир неча сабаблар бўлиши мумкин ва улардан бири сифатида Ўзбекистоннинг ғарб мамлакатларига Марказий Осиёда ҳудудида стратегик шерик сифатида зарурлигидан ҳам келиб чиқади.
Ҳозирда, ғарбнинг бу ҳатти-ҳаракатлардан сўнг нобуд бўлганларнинг қариндошлари қачондир бир кун келиб адолат қарор топишидан умид қилиб қолишаяпти холос. Уларнинг сўзларидан бу каби маъноларни уқиш мумкин: “Бу дунёда бўлмаса, у дунёда бу қотиллар ҳақ жазоларини олишади”, ёки “Президент айтгандек, бизнинг болаларимиз унинг ҳам болалари эди ва у ўз болаларини оттирди, бунинг учун жавоб ҳам бермади”.
Биз – ўзбек ёшлари 13 санадаги жума кунини ҳеч қачон унутмаймиз, қайсики бу кунда бизнинг ватандошлар отилганди, ҳамда бу жиноятни содир этганлар устидан адолатлик суд ҳукми чиқарилишини умидворлик билан кутиб қоламиз. 2005 йилда Андижонда содир этилган оммавий қирғинга ва унинг ҳеч қачон унутилинмаслигига халқаро ҳамжамиятнинг диққатини қаратиш учун бор имконларни ишга соламиз.
Биз унутмадик ва ҳамон қайғудамиз!
Искандар