“Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг ширкати айрим хорижий нашрлар ишидан норозилик билдириб баёнот тарқатди.
“Сўнгги вақтлар айрим хорижий интернет нашрлар гўё айрим вилоятлар табиий газ таъминотидан узилиб қолаётгани ҳақида ҳеч қандай асоссиз овозалар тарқатмоқда. Бу ҳам етмагандек, виждонсиз муаллифлар “республика аҳолиси келгусида фақат кўмир ва ўтиндан фойдаланишга ўтади”, деган уйдирма овозалар ҳам тарқатмоқда, деб ёзилган “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг ширкатининг сўнгги баёнотида.
Мазкур ширкатнинг матбуот хизмати томонидан ёйинланган баёнотда республика аҳолисини доимий табиий газ билан таъминлаш бўйича қилинган ишлар ҳақида билдирилган.
“Мамлакат деярли барча ҳудудини қамраб оладиган умумий узунлиги 200 км бўлган газ тақсимоти тармоғининг капитал таъмир ва реконструкцияси якунланди. Шунингдек, 95 мингдан зиёд газ тақсимот пунктлари техник текширувдан ўтказилди” дея билдирган “Ўзбекнефтегаз” масъуллари.
Мазкур ширкат жумладан Самарқанд вилояти, Фарғона водийси ва республика бир қатор шаҳарларида ҳам аҳолини табиий газ билан таъминлаш бўйича анча яхши ишлар қилинганини иддао қилган.
Хуллас, “Ўзбекнефтегаз” Миллий холдинг ширкатининг таъкидича, бу йилги мавсум учун республика бўйлаб 160 мингдан зиёд уйнинг газ таъминоти яхшиланган.
Бироқ, мавзу юзасидан саволларимизга жавоб берган ўзбекистонликлар “ “Ўзбекнефтегаз” ширкати ёлғон маълумот тарқатгани” ни гапирди.
Қўқонлик Валижон ота яшаб турган ўз шаҳарида 2006 йилдан буён табиий газ бериш тўхтатилганини гапирди.
“Бизнинг маҳалламизга 2004 йилда газ трубалари олиб кирилган. Лекин жуда қисқа вақтда, яъни 2006 йилда газ бериш тўхтатилди. Ҳозир биз томонларда умуман табиий газ деган нарса йўқ. Унинг ўрнига газ балонлар тарқатилиб, шартнома тузилган эди. Ўша балонлар ҳам 9 ойда яна қайтариб олинди. Ҳозир аҳоли роса танг аҳволда қолган. Кўмир, ўтинга аллақачонлар ўтилган. Бу маҳсулотларни олиш имкони бўлмаган аксарият тезак ёқаяпти. Мен ҳам мол боқаяпман, фақат шу тезаги учун. Бошқа чорамиз йўқ. Ҳар йил шу аҳвол, дейди хавфсизлик нуқтаи назаридан фамиляси ва яшаётган маҳалла номини айтмаган Валижон ота.
Отанинг айтишича, ҳар йили газ балонлар билан боғлиқ фожеалар республиканинг турли туманларида тез-тез кузатилмоқда..
Самарқандлик Абдусаматнинг маҳалладошлари ҳам анча йилдан буён уйларини кўмир ўтин билан, ночорроқ оилалар эса тезак ёқиб иситаётган экан.
“Газ масаласи йилдан йилга қийин бўлиб кетаяпти. “Ўзбекнефтегаз” одамларни чалғитиш учун гапираверади–да ҳар нарса деб. Ҳар йили кўмир ўтин билан қишдан чиқаяпмиз. Кейинги йиллар кўмир ҳам, ўтин ҳам йўқ бўлиб тезакка ўтилган ўрта асрлардагидек. Нима кераги бор бу нарсаларни яширишнинг, дер экан Абдусамат ҳар йили куз-қиш мавсуми арафасида масъуллар маҳаллаларда аҳолини ўтин ва кўмир ғамлаш, олдинда турган қишга пухта тайёргарлик кўриш ҳақида огоҳлантиришини айтади.
Шуни ҳам айтиш лозимки, табиий газ тақчиллиги сабабли жойларда аҳоли аксар қисми муқобил ёнилғидан фойдаланиши ортидан кўмир, ўтиннинг нархи кескин ошиб кетган.
Биз билан суҳбатлашган ўзбекистонликларнинг айтишича, айни кунларда бир кило кўмир 800 сўм, бир машина ўтин эса 2.5 миллион сўмдан сотилаяпти.
Ўзбекистон газ қазиб олиш бўйича дунёда саккизинчи ўринда туради.
Аммо шундай бўлсада, дейди мустақил таҳлилчилар “Ўзбекнефтегаз” ширкати ўзлаштираётган маҳаллий газ билан ўз истеъмолчиларини таъминлашга ожизлик қилаётир.
ЎХҲ маркази