O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ўзбекнинг иқрорномаси” варақаси экстремистик, деб топилди

“Ўзбекнинг иқрорномаси” варақаси экстремистик, деб топилди
128 views
24 November 2012 - 11:36

Россия маҳкамаси Москва жануби-шарқида номаълум шахслар томонидан тарқатилгани айтилган “Ўзбек гастарбайтерининг иқрорномаси” деб номланган варақаларнинг мазмунини экстремистик, деб топган.

Шу тариқа Кузьминский туман маҳкамаси прокуратуранинг сўровини қондирган.

Россия матбуотининг прокуратурадан иқтибос келтиришича, шу йил майида пойтахтнинг “Выхино” тумани яшовчиларидан бири ўзининг почта қутисида варақани топиб олади ва уни полициянинг таянч пунктига олиб келиб беради.

Жануби-Шарқий административ округ прокуратураси округ ҳудудида варақаларнинг тарқатилиши юзасидан текширув бошлайди.

“Ахборот-таҳлилий технологиялар маркази” мутахассислари варақа матнида осиёликлар ва мусулмонлар, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот ходимлари, руҳонийлар ҳамда ҳокимият вакилларига нисбатан нафрат қўзғотиш уриниши бор, деган хулосага келадилар.

Текширув натижасига мувофиқ, округ прокуратураси Кузьминский туман маҳкамасидан варақаларни экстремистик, деб топишни сўраган.

Прокуратура текшируви материаллари Россия Жиноят кодексининг 282 -“нафрат ёки душманлик қўзғаш” банди бўйича жиноят иши очиш борасида қарор қабул қилиш учун маҳкамага ҳам юборилгани айтилмоқда.

Россия прокуратураси варақаларда айнан нималар дейилгани ҳақида маълумот бермаган.

Айни пайтда Москвада бир ўзбекнинг номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган хабар қилинган.

Интерфакс агентлигига кўра, 22 ноябр куни кеч соатларда Москва жанубидаги Ростокино туманидаги турар-жой биноси олдида 20 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилган.

Хабарларда жасадда кўплаб жароҳатлар бўлгани ва қурбоннинг қулоғи кесиб олингани айтилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, ўзбекистонликка ёш йигитлардан иборат бир гуруҳ ҳужум қилиб, пичоқ билан бир неча жойидан яралаган ва кейинроқ ҳодиса жойидан яширинган.

Қотиллик юзасидан жиноят иши очилган.

 

bbc.co.uk/uzbek