O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбекнинг қонини дарё каби оқизадилар – бошини пахта билан кесиб, терисини пичоқсиз шиладилар

Ўзбекнинг қонини дарё каби оқизадилар – бошини пахта билан кесиб, терисини пичоқсиз шиладилар
50 views
01 June 2016 - 5:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpg

Эргаш Сулаймон

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…

(16)

…Президент Каримов ҳалиям, отнинг чоти орасидан кўзини узмасди, “қилт” этмасди, киприк қоқмасди. Бўлиш-туриши, кўзига дурбинни тутиб тош қотиб қолган мурдага ўхшарди.

Кўримсиз чўтир башараси ва нурсиз афт-ангори, уни четдан қараган одамга минг йиллар ёзнинг жазирамасию, қаҳратон қишда қор ва ёмғирларга тутинган ҳайкал сингари таъмирталаб кўрсатарди. Оғзи бақаники сингари очилиб, халқуми соқақушники каби осилиб турарди. Бир тутам қовжираган хашакка ўхшаш тўзғиган сочи пешонасига тушиб, унинг болалигида рахитдан шаклини ўзгартирган бошини – сочи юлиниб, чиқиндига ирғитилган қўғирчоқники сингари пачақ ва кўримсиз кўрсатарди. Ясама тишлари бир бошқа эди. Сарғайиб кетган ўзининг тишлари – калласи куйдирилган қари қўйнинг тишлари сингари шарти кетиб парти қолган бўлса ҳам, дум тиклаб, йўлбарсни қўрқитишга чоғланган мушукка ўхшарди.

Отнинг олд икки оёғи орасидан кўриниб турган, халқнинг тилида “Юридичский” деб аталадиган кўҳна ғиштин бинода жойлашган унверситет, айни чоғда унинг диққат-эътибори марказида эди. У ўзига аталмаган тахтни ҳийла-найранг билан ишғол этиб, ўзбекни қуликка маҳкум қилган кунидан буён қонунларни ва инсон ҳақ-ҳуқуқларини шу унверситетда етишиб чиққан мутахассислар ҳисобидан яксон қилиб, фуқароларни мана шу кимсаларнинг қўли билан ноҳақликларга гирифтор этиб келаётганини яхши биларди.

Қабоҳат ва разолатнинг уяси ҳисобланадиган бу бинода, халқнинг бошига не-не мусибатларни солган хавфсизлик ташкилотидагиларнинг ва ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги кимсаларнинг ўғил-қизлари пора бериб-пора олишдан, инсонларни ноҳақ қамаш ва қийноқларга тутиш усулларидан сабоқ оларди. Улар Президентлик ва Ички ишлар академияларидаги сингари бу жойда бўзрайганча одамнинг икки кўзига боқиб, тап тортмасдан ёлғон гапиришни, давр – Каримов қурбонларини қилмаган айблари учун қасамга қистаб, қамаб юборишни, фуқароларнинг қони-жони ҳисобига орттирган ҳаром пулларига муҳтаҳшам бинолар тиклаб, турли марка қимматбаҳо машиналар сотиб олиб яшашни ва ишлашни ўрганардилар. Улар бу маскандан безбет, учига чиққан мунофиқ ва риёкор бўлиб, орттирилган хислатлар нари турсин, туғма фазилатлари ва озу кўп самимийлик майлларидан ҳам мосуво бўлиб чиқардилар. Хуллас, улар бу жойда бутун ҳалолликлар ва эзгуликлар соясида ҳаром-ҳаришдан жирканмасдан, уялмасдан, кўкрак кериб умригузаронлик қилишни, қозикалон суратида инсон боласи қўлидан келмайдиган фирибгаликларни амалга ошириб, фуқароларнинг умри-жонлари ва мол-дунёларини, киприк қоқмасдан бутун эл-юрт кўзи ўнгида ҳазм қилиш машқини ўтардилар.

Унверситет, мамлакат ҳуқуқ-тартибот тизимларида чорак асрдан буён, мислсиз жиноятларига қарамай бемалол фаолият кўрсатиб келаётган президентнинг суянган тоғи ҳисобланадиган Бўритош Мустафоевга ўхшаган бир гуруҳ – адолат ва эзгуликка тиш-тирноғи билан қарши кимсалар томонидан тўлиқ монополия қилинганди. Бу жойда келгусида содир этилиши муқаррар барча жиноятлар ва ноҳақ-туҳматлар, эзгулик ва адолат байроғи остида, президент ва унинг амалга ошираётган “Ўзбек модели” – бузғунчиликларини асраб-авайлаш принсипларига таяниб шакллантириларди.

Оч ва ёвуз бўриларга қўй териси қопланадиган бу ўқув даргоҳидан Мустақилликнинг ўтган 23 йилида, ўн минглаб ўғри ва каззоблар, йигирма биринчи асрнинг энг тамбал ва ҳаёсиз, аммо еб тўймас қароқчилари етишиб чиқдилар. Бу жой чорак аср мобайнида, инсониятга қарши жиноятлар содир этиш йўли билан оилавий бизнесларини амалга оширадиганлар учун трамплен вазифасини ўтаб келди.

Халқ ичида юрадиган гап-сўзларга қараганда, республикадаги суд ва прокуратура органларининг энг олий курсиларида қатор йиллар ишлаб келган Бўритош Мустафоев атрофида беш юздан ортиқ оила жипслашган. Бу оилалар учун ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик тизимларида ўқиш ва ишлаш, ота-боболари бошлаб берган жирканч анъаналарга содиқлик рамзи бўлиб, мазкур оилаларнинг барчалари бир-бирлари билан алоқаларини қариндош-уруғчилик ришталари билан боғлайдилар. Улар, ўзлари йиллар давомида вужудга келтирган мана шу ҳалқа ичида, бир-бирларига қиз узатиб, бир-бирларининг оилаларидан келин туширадилар. Тўй-маъракаларига ва яхши-ёмон кунларига ҳам бир-бирларидан ташқари кимсаларни камдан-кам чақирадилар. Албатта, фойдаси тегиши мумкин баъзи бир кишилар – мансабдорлар ва машҳурлар бундан мустаснолар.

Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот тизимлари, мана шу каби оилаларнинг бизнес хўжалиги, бошига иш тушган фуқаролар эса, уларнинг чорваси ўрнида бўлиб қолди.

Мустақиллик йилларида бирор-битта иш амалдаги қонунлар ҳукмронлигида яхшилик билан ниҳоясига етмаган. Бирор кимсанинг иши, холисаниллоҳ, ҳозирги дунё талаблари даражасида кўриб чиқилиб, бирор фуқаро тақдири инсоф ва диёнат нуқтаи назаридан ҳал қилинмаган.

Вақтида таниш-билишини ишга солган жиноятчи, одам ўлдирган бўлса ҳам пора бериб қутулгани каби, ўзининг айбсизлигига иқрор бўлиб, вақтида ҳаракатини қилмаган кимса, арзимаган баҳона билан пора бермагани учун қамалиб кетаверади. Президент Каримов учун маҳкама ишларининг фуқаролар тақдирида бу каби ноқуний ва фожеали ниҳоя топиши, унинг курсисини узоқ ушлаб туриш гарови бўлса, ҳуқуқ-тартибот ходимлари учун бедодликлар – бойлик орттириш манбаи бўлиб хизмат қилади.

Шу йўл билан президент мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот ходимларига зимдан, ўзларигина тушунадиган тилда имо-ишоралар орқали хизмат кўрсатса, улар миннатдорчиликлари рамзи сифатида, сидқи-дилдан фуқароларни қилмаган жиноятларда айблаб, президент манфаатларини кимса билмас тиш-тирноқлари билан ҳимоя қиладилар. Тўкин-сочин ҳаётларининг асоси бўлган президентнинг тахтда узоқ қолиши учун қўлларини қонга ботирмасдан, ўзбекнинг қонини дарё каби оқизадилар – бошини пахта билан кесиб, терисини пичоқсиз шиладилар.

Қон дарёлари қизариб эмас, шаффоф бир тарзда – йирингга-зардобга айланиб оқади. Унинг қизариб асл ҳолатини кўрсатмаслиги учун Каримов ўзбекнинг сара ўғлонларини қийноқларга солишдан, зиндонларга ташлаб, қоронғи бурчакларда дунё кўзидан овлоқда ўлдириб юборишдан на чарчайди, на безади.

“Сиздан угина, биздан бугина хизматлари”, қоғоздаги “Ўзбек модели” принсипларига умуман тескари бўлса ҳам, уларнинг кучи-қудрати ва Мустақиллик йилларидаги салб юришлари, амалдаги қонунлардан бир неча баробар таъсирли ва ишончли тарзда давом этмоқда.

Аслида, “Ўзбек модели” маъно-моҳиятини халқ бир бошқа, президент ва унинг теварак-атрофидагилар бир бошқа тушунадилар.

Шу учун ҳам президент ва унинг атрофига яқинлашиш “шараф”ига мушарраф бўлганлар, авваллари президентнинг барча айтганларини тўғридан-тўғри қабул қилиб, бир неча вақт азият чекиб, карахт бўлиб юрардилар. Хотиралардаги оқ доғлар таналарида пайдо бўлаётган ёғлар орасига сингач эса, улар жамият ҳаётига “Ўзбек модели” принсипларини қоғоздаги сингари эмас, президент Каримовнинг кўнглидаги каби асл ҳолида аёвсиз қўллай бошладилар. Аламларини мустабид ва иккиюзламачи Каримов ва унинг атрофидагилардан олиш ўрнига, ҳимоясиз ва замон бедодликларидан ҳориб-чарчаган халқдан олдилар…

(давоми бор)