Бугун, 27 август куни соат тахминан 15:00 лар атрофида Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сайрам тумани Қаромурт қишлоғида яшовчи ўзбеклар бир гуруҳ қозоқлар томонидан оммавий равишда шафқатсизларча калтакланган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, аҳолисининг 98%ни ўзбеклар ташкил қиладиган Қаромурт қишлоғига давлат рақамига эга бўлмаган машиналарда 150 га яқин жисмоний бақувват эркаклар кириб келишган. Уларнинг барчаси қўлларида ўқотар қуроллар (қирқилган милтиқлар), тўппончалар, учлари найза каби ўткирланган арматуралар билан қуролланиб келишган.
Воқеани ўрганиш давомида суҳбатлашганимиз – ўзини Али Умаров деб таништирган гувоҳлардан бирининг айтишича улар машиналаридан тушиши билан учраган ўзбек миллатига оид одамларни уриб отиб арматураларини ўзбекларнинг баданига тиқишган. Ўзбекларга қарашли магазин ва тўйхоналарни тошбўрон қилишган, музлаткич ва витриналарни парчалашган сотувчиларни уришган.
Унинг сўзларига кўра бостириб келганлар маҳаллий қозоқлар эмас, балки четдан келган ёки ёлланган қозоқлардир.
“Бостириб келганлар таксистларни ва уларни машиналарини ҳамда шу ерда турган бегона машиналарни уриб устиларига чиқиб ҳайдовчиларни қонга белашди. Реанимацияларда хозир талофат кўрганлар етибди. Одам ўлган ўлмагани номалум. 8 ёшли бола ҳам арматура калтаклари остида қолган. Ўк еганлар сони номалум. Полиция ходимлари 150дан ошиқ гилза йиғишган бироқ ҳали ҳам гилзалар ёзилиб ётибди кўчаларда. Полиция ва омон ходимлари туполондан кейин шу жойни ўраб олиб хамманинг телефонлардаги тасвир видеоларни ўчиртирган. Иккита магазин ва битта тўйхонанинг видео наблюдениясига тўлиғи билан тушган видеоларни ўчиртириб юборган. 22 00 дан бошлаб комендантлик соати элон килинган”, – дейди суҳбатдош.
Суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:
Унинг таъкидлашича, ушбу ходисадан икки кун олдин худди шунга ўхшаш ходиса Первомайск қишлоғида ҳам содир бўлган. Ҳодиса натижасида бир ўзбекнинг ҳаётдан кўз юмгани айтилмоқда.
“Бизга Қирғизистон жанубида бўлган фожеа жуда ёмон таъсир қилди. Чунки ўшанда Ўзбекистон президенти ўзбекларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатмади, ҳаттоки қочоқларни ҳам киритмасдан қаршилик қилди. Бу нарсадан эса қозоқларнинг хабари бор. Улар жанжал чиқиб қолганда – “санлар Қирғизистонда қўлларингдан ҳеч нарса келмади, қирғизлар санлардан фоҳишалардек фойдаланишди, бизам ҳудди шу ишни қиламиз. Санларни қўлларингдан ҳеч нарса келмайди барибир. Тепаларингда ҳимоя қиладиган подшоҳларинг йўқ”, деб юзимизга очиқ ойдин айтишади. Бу бизга жуда ёмон бўлди. Ҳозир бутун дунё олдида биз кучсиз, шарманда ва заиф миллат баҳосини олиб қолганмиз”, – дейди ўзини Умаров деб танишдирган йигит.
Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин:
Қозоғистон оммавий ахборот воситалари ҳам, Ўзбекистон матбуоти ҳам юқоридаги ҳодисалар юзасидан ҳеч қандай маълумот берганича йўқ.
Афтидан қозоқ раҳбари Назарбоев ва ўзбек режими раҳнамоси Каримовларнинг жимликни сақлашларига кўра 1990 ва 2010 йиллардаги Ўш воқеаларидан сўнг учинчи маротаба ўзбеклар қатлиоми бошланадигандек. Фақат бу сафар Қирғизистон эмас, Қозоғистонда.
ЎХҲ ахборот бўлими