(Суратда: Михаил Ярославич Ўзбекхон ҳузурида )
Ўзбекхон
Ўзбекхон Султон Муҳаммад (тахминан 1282—1342) — Олтин Ўрда хони (1312—42). Ўзбек миллатининг асосчиларидан бири. Биринчи “ўзбек”. Мангу Темурхоннинг невараси.
1313 йил амакиси Тўқтайхон (Тўхта) вафотидан сўнг нуфузли амирлар Қутлуғ Темур ва Исатойбек қиёт ёрдамида тахтга ўтирган.
Исломни давлат дини сифатида жорий этган, ғайридинларни қаттиқ таъқиб этган. Бу амирларнинг исёнига олиб келган, бироқ у беаёв бостирилган.
Олтин Ўрдадаги ички низоларга чек қўйган, салтанатининг юксалишига эришган. Бу даврда ҳокимият марказлашган, улуслар вилоятларга айлантирилган, уларни нўёнлар бошқарган.
Пойтахт Сарой Ботудан Сарой Берка шаҳрига кўчирилган. Олтин Ўрданинг ҳарбий салоҳияти кучайган, қўшин миқдори 300 минг кишига етган.
Руснинг ягона давлат бўлиб бирлашишига йўл қўймаслик мақсадида рус князларини бир-бирига қайраб турган. Твернинг улуғ князи Михаил Ярославични рус князликларини бирлаштириб, рус ерларини мўғуллар асоратидан халос бўлиши йўлидаги саъйи-ҳаракатларига қарши курашган.
Ўзбекхон 1317 йил Москва князи Юрий Дашковичга улуғ княз мақомини бериб унга синглиси Кончакани хотинликка берган. Ўзбехон Юрийга қўшин берган, бироқ Михаил бу қўшинни енгган. Шунда Ўзбекхон Михаилни Ўрдага чақириб ясоққа тортган (қатл эттирган).
1327 йил Ўзбекхон Москва князи Иван Данилович Калита ёрдамида Твердаги исённи бостирган, сўнгра Шим.Шарқий Руснинг асосий ҳудудини 2 қисмга бўлиб, уларни Москва ва Суздал князларига берган.
1339 йил Ў. Иван Калита қутқуси билан Твернинг улуғ князи Александр Михайловични ўғли Фёдор билан қатл этган.
Ўзбекхон, шунингдек, жанубда ҳам фаол сиёсат юргизган. 1319 ва 1335 йилларда у Арронга — ҳулокуийларнинг ҳозирги Озарбайжон ҳудудидаги мулкига юришлар қилган.
Араб сайёҳи Ибн Баттутанинг ёзишича (у 1333 йил Сарой Беркада Ўзбекхон қабулида бўлган), шаҳарда 6 халқ: мўғуллар, аланлар, қипчоқлар (туркийлар), черкаслар, славянлар ва юнонлар яшаган, уларнинг шаҳарда ўз мавзелари бўлган.
Ўзбекхон Сарой Беркада кўплаб масжидлар, мадрасалар, саройлар, мақбаралар қурдирган. Ўзбекхон янги шаҳарлар барпо этиш ва турли иншоотлар қуришга катта эътибор қаратган.
Эски Қрим (Солхат)да у қурдирган масжид бугунги кунгача сақланиб қолган.
Пойтахт Сарой Беркада кўплаб шоирлар, олимлар, мусиқашунослар ва меъморлар яшаган. Шоирлар туркий тилнинг Хоразм лаҳжасида ижод қилган.
Машҳур “Қипчоқ кодекси” — адабий-диний ва сиёсий матнлардан иборат ноёб тўпламга тартиб бериш 1340 йилда тугалланган.
Баъзи туркий уруғлар ва қабилалар Ўзбекхон номи билан аталиб, кейинчалик улар ўзбек халқи таркибига кирган.