Бугун “араб баҳори” ҳақида жуда кўп гапириляпти. Араб мамлакатларида сўнгги икки йил ичида бўлиб ўтган инқилоблар собиқ совет ўлкаларида яшаётган ва диктатура зулмидан азоб чекаётган халқларга кўп умидлар бахш этди, бу халқларда ҳам араб инқилобларини ўз ўлкаларида такрорлаш орзусини уйғотди. Аммо ҳеч ким бу инқилобларнинг қандай қилиб бу қадар изчил ва кетма-кет амалга оширилганлиги ҳақда ўйлаб кўрмади ва бу воқеаларга шубҳа билан қарамади. Ҳолбуки, бундай қарашлар мантиқдан ҳоли эмасди.
Бу фикримизга далил сифатида Америка Қўшма Штатлари армияси генерали, 1997 йилдан то 2000 йилгача
Косова операциясида НАТО кучларига қўмондонлик қилган Уеслей Кларкнинг 2007 йил 2 март куни берган матбуот конференциясида ( http://www.youtube.com/watch?v=OC2GX1xOOds&feature=related ) айтлган маълумотларини келиришимиз мумкин. Кларк бу конференцияда Ироққа ва Афғонистонга ҳеч қандай сабабсиз уруш бошлангани ва энди (2007 йилдан сўнг) беш йил давомида 7 та мамлакат АҚШ ва НАТО кучлари томонидан бомбардимон қилинажаги ҳақида гапиради.
Бомбардимон қилиниши керак булган мамлакатлар қуйидагилар, дейди Кларк ва рўйхатни ўқийди: Ироқ, Сурия, Ливан, Ливия, Сомали, Судан ва энг сўнггида Эрон. Кўриб турганимиздай, бу мамлакатлар руйхатида Миср йўқ, демак, бу мамлакатда бўлиб ўтган воқеаларга ҳақиқий инқилоб сифатида қараш мумкин, қолаверса, Ғарбнинг энг ишончли иттифоқчиларидан бўлган Ҳусни Мубаоракнинг давлат тепасидан кетишини Ғарб исташи мумкин эмас эди. Зотан, юкорида санаб утилган мамлакатлар ичида нисбатан кам қон тўкилган ва собиқ давлат бошлиқлари халқаро миқёсда ибратли бир равишда махкамага тортилган мамлакат ҳам шу Миср бўлди. Демак, энди биз гапирсак, ибрат сифатида “араб бахори” ҳақда эмас, балки, “Миср баҳори” ҳақда гапиришимиз мумкин.
Шу кунларда санаб ўтилган мамлакатлар рўйхатида энг сўнгги ўринда турган Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар тайёрланмокда, демак, Эрондан кейин бошқа мамлкаталарда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам “араб баҳори” бўлмайди. Зотан, 2007 йилдан бошлаб беш йил давомида амалга оширилиши кўзда тутилган муддат ҳам охирига етиб қолди – ҳозир 2012 йил.
Бундан икки хафта олдин,18 январ куни АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон тарафидан АҚШнинг Ўзбекистонга 2003 йилда эълон қилган қурол-яроғ эмбаргосини бекор қилиш ҳақдаги қарорга имзо чекиши ҳам бу фикримизни тасдиқлайдиган яна бир сўнгги хабардир. Демак, энди биз “араб бахори” ҳақда эмас, балки, “Миср бахори” ҳакда, яна ҳам яхшироғи эса,”ўзбек баҳори” ҳакда гапиришимиз керак бўлади. Ким билади, балки, хайрлиси ҳам шудир.
МАҚСУД БЕКЖОН