
Мурод Муҳаммад Дўст Би-Би-Си радиосига берган интервюсида: «Сиёсатда маълум даражада реформалар, бошқалар бўляпти. Партиялар тузиляпти. Лекин, афсуски, бир-бировига ўхшайди – эгизакдай. Уларнинг бари қўғирчоқ партиялар эканини ҳамма билади ва уларга ҳеч ким ишонмайди», дея сиёсий партияларнинг аҳволини қониқарсиз топган.
Журналист Тожиддин Раззоқ ёзувчининг мазкур танқидий фикрини «мактаб ўқувчиси ўз отасини муҳокама қилишидай бир гап» дея баҳолаган. «Депутатлар муштлашмоқда, вазни енгилроқлари оёқ остида ерпарчин. Чунки турли партиялардан сайланган депутатлар турлича фикрлайдилар… Бу манзараларни биз деярли ҳар куни кўриб турибмиз-ку! Сизга ҳам шундай томоша керакми, Мурод ака? Ҳозирча телевизор томошаси билан қаноатланиб туришингизга тўғри келади. Чунки мамлакатдаги тинчликни дахл қиладиган кучларнинг ҳаракатлари самарасиз якунланмоқда ва бундан кейин ҳам, албатта, шундай бўлади! Чунки Бобил минорасининг қурилишида ўзбеклар қатнашмаган эди», деб ёзади Тожиддин Раззоқ.
Манба: Ca-news