Британияда нашр этилувчи The Independent (“Индепендент”) газетаси маълум қилишича, француз кино юлдузи Жерар Депарде “Ўзбекистон шафқатсиз диктаторининг қизи қаламига мансуб” сценарий асосида олинажак филмда бош ролни ижро этади.
“Индепендент”га кўра, Гулнора Каримова муаллифдошлик қилган филм VI-асрда Марказий Осиёда юз берган ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилади ва унда Жерар Депарде оврўполик роҳиб ролини ижро этади.
“Аксарият ўзбеклар қашшоқликда яшаса, Каримова хоним кўнгилхушлик билан ҳаёт кечиради, заргарлик ва мода буюмлари дизайни билан шуғулланади ҳамда яқинда ўз номига аталган атир тақдим этди” – деб ёзади “Индепендент”.
Газетанинг илова қилишича, Каримова хоним мамлакатдаги бизнес соҳаларини ўзлаштириб олиши учун ўз мавқеъидан фойдаланишда айбланган.
Бироқ Гулнора Каримова бу даъволарни доимо инкор этиб келган.
“Индепендент”нинг билдиришича, “Гугуша” тахаллуси билан саҳнада “ширин поп қўшиқларини” куйловчи Гулнора Каримова яқинда ўзини “Экзотик ўзбек гўзали” дея таърифлаб, АҚШ бозорига киришга уринган.
“Ўзбекистондаги лойиҳа бўйича филмни олиш қачон бошланиши ёки француз актёрига қанча пул тўланиши маълум эмас,” – дея илова қилади газета.
Жерар Депарде яқинда Россияда француз киночилари суратга олган тарихий филмда телба руҳоний Григорий Распутин ролини ижро этди.
Актёр, шунингдек, келажакда қатор ишқий можаролар гирдобида қолиб кетган Халқаро Валюта Жамғармасининг собиқ раҳбари Доминик Сраусс-Кан ҳақидаги филмда ўйнаши кутилмоқда.
Жерар Депарде собиқ Совет иттифоқи республикаларида йўлга қўйилган лойиҳаларда илк бор иштирок этаётгани йўқ.
Ўтган ой у инсон ҳуқуқларини сурункали поймол этишда айбланган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг туғилган куни шарафига ўтказилган кечада ҳам иштирок этганди.
Француз актёри, “Индепендент”нинг Москвадаги манбага иқтибосан маълум қилишича, Россия президенти Владимир Путин билан ҳам яқин дўстона алоқаларга эга.