Мен ахлоқий инқироз деганда порахўрлик, алдов, ўғриликни ёки, айримлар ўйлагандек, аёлларнинг кийимию пайпоқнинг узун қисқалигини назарда тутмаяпман. Мен ахлоқий инқироз деб атаётган ҳодиса, одамларнинг онгида, фикрида бўляпти.
Одамлар ўғрилик, товламачилик, ёлғончиликни, айниқса у юқори синфга мансуб одам томонидан қилинса, нормал қабул қиляпти. Яъни, ўғрилик ва ёлғончиликка истисно эмас, норма, одатий ҳол ўлароқ қараляпти. Бу ўша ишни қилишдан ҳам хавфли, чунки ахлоқсизликни ҳис қиладиган миядаги детектор бузилган.
Аниқ статистик маълумотларим йўқ, аммо буни симптомлардан билса бўлади. Масалан, айёрлик ва ишонмаслик. Бу икки белги кўп касалликка ишора қилади.
Одамлар нопок йўл билан бирор нарса қозонишдан ҳазар қилмаяпти, балки буни иш кўзини билиш, уддабуронлик, ишбилармонлик деб атаяпти. Алдов нормага айлангани боис, одамларда ўзаро ишонч даражаси пасайган. Ўзи алдагани учун, бошқалар ҳам алдаши мумкинлигини билади. Ҳамма айни шу тарзда ўйлагани учун жамиятда ишонч ўлган. Ўзаро ишонч бўлмаган жамиятда одамлар доим сергак туришга, мудом стрессда яшашга мажбур. Бундай босим остида яшайдиган жамиятда руҳий бузилишлар кўп учрайди. Одамларнинг жиззаки ва хўмрайганлиги, жилмайсангиз, ниманидир кўзлаяпти бу деб гумон қилиши бежизга эмас. Ўзбек жамиятида одамларнинг қанча қисми руҳан тўла соғломлигини кимдир ўрганганми? Мен кўрмадим.
Ахлоқий инқирознинг сабаблари кўп бўлади. Аммо бизнинг аҳволимизда, менимча, энг ёрқин сабаб: қонунлар ишламаслигидир. Қонунлар ишламайдиган жамиятни ўрмон қонунлари бошқаради. Болалар боғчага боришидан тортиб, университетни битириб, ишга жойлашгунча ҳамма муаммо таниш-билиш, олди-берди орқали ҳал этилишини кўриб ўсяпти. Яъни ўрнатилган тартиб-қоида орқали эмас, норасмий йўллар билан иш осонроқ битади. Аҳволнинг ўзи шундай бўлиб тургандан кейин маънавият, таълим-тарбия дарслари фойда берадими? Қорни оч одамга, тўқсан деб уқтиришдек гап-ку бу!
Ахлоқий инқироз демократик, ҳуқуқий давлатлардан кўра, ҳамма иш бир одамнинг қовоқ-тумшуғига қараб қолган, яккаҳокимликка асосланган давлатларда кўпроқ учрайди. Қонундан ҳимоя топмаган одамлар хийла-найранг орқали ўз манфаатини ҳимоя қилади. Бунда уларни тушуниш мумкин. Наҳанг тўла жойда наҳанг бўлибгина омон қоласиз. Ёки ўлжа бўлишга ҳам арзимайдиган жонзот бўлишингиз керак.
Тиранлар – мустабид ҳукмдорлар одамлар ўртасида ўзаро ишончни йўқ қилиш орқали, уларнинг бирлашиши олдини олади ва ҳокимиятини мустаҳкамлаб, ўлгунча ҳукмфармолик қилади. Буни 2.5 минг йил аввал Аристотел айтган. Ўшандан бери мустабидлик, ҳокимиятпарастлик табиати ўзгаргани йўқ. Яккаҳокимлик жамият ахлоқини бузади; қўрқув уйғотиш, ишончни ўлдириш орқали бузади.
Демократик давлатларга оиласи билан кўчиб кетганлар, Ўзбекистонга келганда болалари Ўзбекистондаги болалардан соддароқдек кўринаётгани ҳақида кўп гапиришади. Демократик, қонун устувор давлатларда одамларнинг ўзаро ишончи юқорироқ. Биз эса айёрроқмиз. Чунки ишонч паст. Айёрлик ва ишонмаслик бир-бирини зўрайтириб борверади. Баъзида айёрлигимиздан фахрланиб ҳам қўямиз. Аслида бу фахрлангулик сифат эмас, аксинча, патология, ахлоқий инқироз симптоми. Ҳаттоки нима билан фахрланиш кераклигини ажратадиган туйғу ҳам ўлган. Буниси ҳам ахлоқий инқироз белгиси.
Ўзаро ишонч жамиятнинг энг катта бойлигидир. Ишонч юқорилиги ростгўйлик юқорилиги аломатидир. Ўзаро ишонч баланд жамиятда, ҳатто у қашшоқ бўлганда ҳам, ўзингизни енгил ҳис қиласиз, хавотир олмайсиз, ҳаммаси яхши бўлишига умид қиласиз.



Мустақиллик декларацияси қабул қилинган кун
Каримберди Тўрамурод: Биз байрам қиладиган кунларга оз қолди
Шуҳрат Бобожон: “Бир рассом яшаган эди…”
МУҲАММАД СОЛИҲНИНГ 1989 йил 19 январда СССР ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ПЛЕНУМИДАГИ НУТҚИ
Қирғиз президенти Ўзбек ёзувчиси китобини чиқарди – бунинг ортида қандай сабаблар турибди?