O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбек иши TeliaSonera президенти истеъфосига олиб келди

Ўзбек иши TeliaSonera президенти истеъфосига олиб келди
27 views
01 February 2013 - 11:50

70DF93CF-F6E2-4CE2-8AE6-05946FE436A9_w268_r1TeliaSonera бош ижрочи директори Ларс Нюберг истеъфо берди. Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар миқдорида пора берганликда гумон қилинаётган TeliaSonera ўтказган ички текширув натижалари жума куни эълон қилинди. Унда айтилишича, катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera Ўзбекистонда пора берганини тасдиқловчи далиллар топилмаган бўлсада, 2007 йилда ширкат вакиллари Гулнора Каримова билан алоқа ўрнатиш масаласини кўриб чиққани номақбул дея танқид қилинган.

Ларс Нюберг TeliaSonera буюртмасига кўра Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси ўтказган ички текширув натижалари очиқланиши ортидан истеъфога чиқди.

TelaiSonera собиқ президенти эълон қилган баёнотда “Mannheimer Swartling TeliaSonera пора бериш ва пул ювишга аралашганига оид иддаоларни тасдиқловчи фактларни топмаганидан мамнунман”, дейилади.

“Лекин шу билан биргаликда Mannheimer Swartling хулосаларида TeliaSonera ширкати Ўзбекистонга сармоя киритишдан аввал маҳаллий ҳамкор кимлиги ва TeliaSonera ундан сотиб олган активларни қаердан олгани борасида синчковлик билан текширмаганликда танқид қилинган. Бу олди-берди қонуний бўлган бўлса-да, биз маҳаллий ҳамкор тўғрисида кўпроқ маълумотни қўлга киритмасдан, активларни сотиб олмаслигимиз керак эди. Мен бундан афсусдаман”, дея билдирди яна Ларс Нюберг.

Баёнотда айтилишича, TeliaSonera бошқарув кенгашига Mannheimer Swartling ҳисоботи тақдим қилиниши ортидан кенгаш аъзолари Ларс Нюебргга ишончсизлик билдиргани оқибатида, у кетишга қарор қилган.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун президент Ислом Каримовга яқин шахслар, хусусан Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганига оид айбловлар илк бор ўтган йилнинг сентябр ойида Швеция жамоатчилик телевидениеси намойиш қилган “TeliaSonera – ўзбек иши” номли ҳужжатли филмда илгари сурилди.

Ўтган ойда швед журналистлари “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли навбатдаги суриштирув репортажини эфирга берди.

Швеция прократураси бу иш бўйича олиб бораётган терговда Гулнора Каримовага яқин алоқаси борлиги айтиладиган Ўзбекистоннинг уч фуқароси Беҳзод Аҳмедов, Гаянэ Авакян ва Алишер Эргашевлар гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Бундан ташқари Швейцарияда ҳам бу ишга бевосита алоқаси бўлган пул ювиш ва пора олиш жиноят бўйича тергов кетмоқда. Швейцариядаги жиноят ишида ҳам бу уч шахс айбланувчи ҳисобланади.

ozodlik.org