Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлардан Podrobno.uz. агентлиги республика иқтисодиётининг баъзи соҳаларида, жумладан умумий овқатланиш марказлари ва савдода ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилинмаган ишчи-ходимларнинг фаолият юритаётгани ҳақида ёзади.
Хабарда келтирилишича, юқорида номи тилга олинган ташкилотларда бир неча ўнлаб ишчилар хизмат қилишади, бироқ ҳужжатга кўра эса уларнинг сони 3-4 та қилиб кўрсатилади. Шу сабабли ҳам расмийлаштирилмаган ишчиларнинг ижтимоий муҳофазаси таъминланмаган. Улар исталган вақтда ишдан ҳайдалиши ва меҳнати учун ҳақ ололмасликлари мумкин. Бундан ташқари, иш берувчи улар учун ижтимоий тўловларни ва пенсия жамғармаси учун бадалларни тўламайди. Натижада пенсияга чиққан ишчиларда иш стажи етмайди ва улар минимал пенсия олишади.
Муаллиф ушбу ҳолатни бартараф қилиш борасида республикада бир қатор чораларни амалга ошириш режаланаётгани ҳақида сўз юритади. Бундай чоралардан бири сифатида келаси йилдан бошлаб микрофирмалар ва кичик корхоналар, ҳамда фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25%дан 15%гача туширилиши мисол келтирилади.
Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ташаббуси билан амалга киритилиши режалаштирилаётган ушбу чора истиқболда солиқ юкламаларининг камайиши эвазига ишчи ўрнини легаллаштиришга имкон бериши айтилади.
Бироқ, фақат ижтимоий тўлов ставкасини камайтириш билан норасмий ишчилар муаммосини ҳал қилиш қийин. Зеро хусусий корхоналарда аксарият ишчи ходимларнинг расмийлаштирилгани билан боғлиқ муаммо ечимини фақат ижтимоий тўлов ставкаларининг юқорилиги билан боғлаш нотўғридир. Чунки, микрофирмалар ёки кичик корхона айланмасидаги нақд пул банкдаги ҳисоб рақамлар орқали ўтиб расмийлаштирилган ишчига маош сифатида корхонага қайтиб келгунича бир қанча босқичларни босиб ўтади. Шунинг учун ҳам масалага умумий тизим нуқтаи назаридан ёндашув талаб қилинади. Бунинг учун эса, нафақат солиқ тизими, балки мамлакатдаги банк тизимида ҳам бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши, биринчи навбатда нақд пул етишмовчилиги билан боғлиқ муаммо ҳал қилиниши лозим.
Ижтимоий тўлов ставкаси ҳақида сўз борар экан, масаланинг яна бошқа томони ҳам борки мамлакатдаги умумий иқтисодий ҳолат, аҳоли турмуш даражаси ва ишсизлик билан боғлиқ. Ушбу кўрсаткичлар нуқтаи назаридан Ўзбекистонда меҳнат учун фавқулотда оз ҳақ тўланиши ҳисобга олинса ҳар қандай ставкадаги ижтимоий тўлов номутаносибликни келтириб чиқаради. Шундай экан, иқтисодиётдаги давлат бошқарувининг барча механизмлари тубдан ислоҳ қилинмагунча ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий муҳофазасини тўла таъминлаш имконсиздир.
ЎХҲ ахборот бўлими