O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбек мухолифати Ислом Каримовни ағдариш режасида собитқадам

Чехия пойтахтида ўзининг иккинчи қурултойини ўтказаётган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳукуматига қарши кураш режасини ишлаб чиққан.

Ўзбек мухолифати Ислом Каримовни ағдариш режасида собитқадам
16 views
30 June 2012 - 10:51

Чехия пойтахтида ўзининг иккинчи қурултойини ўтказаётган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳукуматига қарши кураш режасини ишлаб чиққан.

Ҳаракат фаоллари ва кузатувчилар дохил 50 нафар киши иштирок этаётган қурултойда қабул қилинган ушбу режа етти банддан иборат.

Уларда ЎХҲни Ўзбекистон халқига танитиш ҳаракатларини “янада кенгайтириш”дан тортиб Каримов ҳукуматининг “даъфатан йиқилишига ва ҳатто бунинг оқибатида келиб чиқадиган катта хаос эҳтимолига тайёр туриш” зарурати қайд этилади.

Бандларда, шунингдек, “талабалар ва армиядаги аскар ёшлар ўртасида ташвиқотни ошириш” лозимлиги таъкидланган.

Асосан хорижда яшаётган мухолифатнинг бир неча гуруҳини ўзида бирлаштирган ЎХҲ ўтган йил Берлинда таъсис этилган эди.

Прага қурултойи иштирокчилари қизғин баҳслар ортидан ЎХҲнинг ўзгартирилган низомини тасдиқладилар.

Аммо, ҳаракатнинг ниҳоий мақсади ўзгаргани йўқ. У ҳам бўлса, “Ўзбекистонда мавжуд сиёсий тузумни ағдариш ва эркин, ҳуқуқий, адолатли фуқаровий жамият ўрнатиш”.

Қурултой ташкилотчилари тарқатган баёнотда “Дунёда энг мустабид режимлардан биттаси бўлиб қолаётган Ўзбекистондаги тузумнинг Ғарб тарафидан ҳеч бир шартсиз қўллаб-қувватлаётганиши инсонларда таажжуб уйғотмоқда. Бу вазиятда биз ўзбек мухолифати вакилларининг ўз кучимизга, халқимизнинг кўмагигагина ишонишдан бошқа чорамиз йўқ”, дейилади.

Қурултойда чиқиш қилган ЎХҲ раҳбари Муҳаммад Солиҳ ҳаракат мақсадига эришиш осон бўлмаслигини айтди.

“Бизнинг ишимиз 100 метрга чопиш мусобақаси эмас. Биз сиз билан узоқ йўлга чиқдик,” – деди Муҳаммад Солиҳ. – “Бу йўлда сабрлилар, матонатлилар ва Яратганннинг тақдирига ишонганларгина ғолиб бўлажак.”

Қурултойнинг иккинчи кунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказиш режаланган.

 

bbc. uzbek