O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар (6)

Ўзбек мухолифати тарихидан лавҳалар (6)
244 views
02 May 2012 - 8:23

СТУДЕНТЛАРНИ ОТИШ

1992 йилнинг 16 январь куни Ҳукумат студентлар намойишини ўққа тутди. Икки нафар ёш йигит ҳалок бўлди, кўплар яраланди. Студентлар шаҳарчаси кўчаларига нон нархи камайишини талаб қилиб, намойишга чиққан талаба ёшлар Ички Ишлар Вазирлиги миршаблари томонидан ўққа тутилди. Президент Каримов ўзининг уч йиллик бошқаруви давомида қайта қуриш давридан бўён салтанатига таҳдид солиб келган жамиятнинг бу қайсар ва бўсунмас авлодидан биринчи маротаба ана шундай қонли ўч олди… Студентларни отиш баробарида у мухолиф кучларга бундан бўён унинг сиёсати билан келишмаган гуруҳлар ана шундай жазоланишини шаъма қилгандек эди гўё. Негаки, студентлар мухолифатнинг катта шаҳарлардаги асосий қатламини ташкил қиларди.

Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар студентларни ўққа тутганларни топиб жазолашни ҳукуматдан талаб қилиб чиқди. Бу иш бўйича парламентда махсус комиссия ҳам тузилди. Айнан шу масала бўйича чиқиш қилган Президент бу тартибсизликларда “ЭРК” ва “Бирлик” алоқадор эмаслигини, лекин бузғунчиларни аниқлаш даркорлигини айтди. Ҳолбуки, бузғунчи ва гиж-гижловчилар Президент саройида эканини ҳамма яхши биларди.

Шу тариқа Парламент комиссияси “студентларни ўққа тутиш” масаласида бирор қарорга келолмай, тарқаб кетди… Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, намойишга чиққан талаба ёшларнинг отиб ўлдирилиши мухолифатни ларзага солиб, анча сергаклантириб қўйди. Энди кучларни бир жойга тўплаб, мухолифат тарқоқлигига барҳам бериш лозим эди. Токи ҳукумат бундан ортиқ фойдаланмаслиги учун ҳам бирлашиш керак эди.

Бу йўлда ҳам биринчи қадамни Муҳаммад Солиҳ қўйди. 1992 йилнинг мартида “ЭРК” ташаббуси билан Ўзбекистон Демократик кучларининг Форуми ташкил топди.

Унга «ЭРК”, “БИРЛИК”, “ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАР УЧУН” ҳаракати, “ТУРКИСТОН”, “ТУМАРИС”, “ЎЗБЕКИСТОН ЁШ ОЛИМЛАР УЮШМАСИ” каби ташкилот ва бирлашмалар жам бўлган эди. Унинг биринчи анжумани Муҳаммад Солиҳ раислигида ўтди. У ўз нутқида мухолифат учун бирлашиш тарихий зарурат экани ҳақида гапирди. Ўшанда у ошкоралик ва демократия тарафдорлари учун репрессиялар бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирди…

 САРОЙГА ТАКЛИФ

1992 йилнинг май ойи эди. Иккинчи Форум анжумани ўтказилиши арафасида Муҳаммад Солиҳни Президент Каримов ўз ҳузурига тушликка таклиф қилиб, Форумни тарқатиб юборишни илтимос қилди. Бунинг эвазига у «ЭРК”чиларга бир қанча вазирлик вазифасини, Солиҳнинг ўзига эса ҳукуматдаги энг юқори ўринни таклиф қилди.

Солиҳ бу таклифни рад этди. У бу ҳақда ўзининг “Йўлнома” асарида шундай ёзади:

“Бу таклиф билан Каримов мендан «Ўзбекистон Демократик кучлар Форуми”ни тарқатиб юборишни сўраётган эди. Мен Президентга миннатдорчилик билдириб, Форумни таркатиб юбориш менинг қўлимда эмаслигини айтдим. Аксинча, Сиз Форумга келиб, биз билан халқ бахт саодати учун қўлни қўлга бериб ишламоқчи эканингизни айтинг, дедим. Ва яна: “Биз конструктив мухолифат бўлайлик, Сиз конструктив ҳукумат бўлинг. Мухолифат билан мулоқотга киришинг!” деб айтдим.

Президент: “Сиз билан мулоқотга доим тайёрман, ҳатто телевизорга ҳам чиқиб баҳслашишим мумкин, лекин Сиз айтган таклиф менга тўғри келмайди!” деб жавоб қайтарди.

Мен унга агар Форумда сўзга чиқиб, мухолифат билан алоқа ўрнатса, ўзига яхши бўлишини, Ғарб наздида демократик лидер бўлиб кўриниши ва охир оқибат чет эл инвестициялари мамлакатга кела бошлашини тушунтиришга ҳаракат қилдим. Энг муҳими мухолифат билан ҳукумат орасидаги низо барҳам топиб, нормал муносабатлар шаклланишига эътибор қаратдим.

Мен бу сўзларни мутлақо самимий айтдим. Унинг менга ўтказган тазйиқ ва таъқибларини унутиб, мухолифат вазиятини ўзгартириш учун имкон борлигидан максимум фойдаланиш илинжида эдим.

Лекин Президент ҳануз ўз таклифлари билан овора эди:

– “Токи мен таклиф қилган вазифалар ҳақидаги бирон бир Фармонга имзо қўймагунимча, бу ердан чиқиш йўқ! – деди у муғомбирона жилмайиб…”

Солиҳ ҳукуматга кирса, мухолифат лидери ва сиёсатчи сифатида қайта қуриш йилларидан бўён йиққан барча обрў эътибори ва нуфузи инқирозга учрашини яхши биларди. Шунинг учун ҳам у Каримовга шундай жавоб қилди:

” – Нормал сиёсий партияларнинг нормал сиёсий фаолият юритиши фақат демократик тузумлардагини мумкин. Бизда эса, ҳамма нарса бир кишининг, яъни Сизнинг хоҳиш иродангизга боғлиқ бўлиб қолган. Ҳукуматга кирган мухолифат аъзоларини истаган пайтингизда бўшатиб юборишингиз мумкин. Сиз жуда импульсив характерга эга одамсиз, Ислом ака.

– Нима, Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз?, – сўкиниб тиржайди Каримов”.

(“Йўлнома”, 1999, Анқара, 282 бет)

Солиҳ Каримов табиатини мукаммал ўргангани учун ҳам унинг биринчи таклифи биланоқ ҳукуматга кириш гумроҳлик эканини яхши биларди. Шу билан бирга у мухолифат билан ҳукумат муносабатлари тобора таранглашаётганини ҳам тушунарди. Лекин, энг муҳими, у не-не машаққатлар билан дунёга келган Форумдан воз кечишини тасаввурига ҳам сиғдиролмасди.

Демократик Форумнинг иккинчи йиғилиши белгиланган муддатда ўз ишини бошлади.

Президент дарғазаб эди.

КГБ Пўлатов гуруҳи билан актив ишлай бошлади.

Пулатов Демократик кучларнинг иккинчи анжуманида иштирок этмади. Форумни эса, ўзининг унга кечикиб таклиф қилингани учун, легитим эмас деб эълон қилди. Лекин унинг бу баёнотига ҳеч ким эътибор бермади. Чунки, «Бирлик” ҳамраисларидан Бек Тошмуҳамедов Форум йиғилишида “Бирлик”ни легитим вакили сифатида иштирок этган эди…

Лекин Пўлатов барибир тинчимади. У КГБ нинг ошкора ёрдами билан «Бирлик”чилар орасида янгидан янги иғво ва бўҳтон ёйиш, тарқатиш билан шуғулланарди. Унинг беминнат ёрдами билан шундоғам камайиб бораётган сафдошлар орасидан яна янгидан янги «сотқин” ва “хоинлар” аниқланаётганди…

“Бирлик” ичидаги бўлиниш ва инқирознинг навбатдаги тўлқини ана шундай бошланган эди.

“БИРЛИК” ҚУРУЛТОЙИ

1992 йилнинг 23 майида “Бирлик” Ҳаракатининг 5 съезди ўз ишини бошлади.

Ҳакат лидерларидан бири Алибой Йўляхшиев ўзининг “Бирлик” ҳақида менинг билганларим” номли китобида шуларни ёзади: “Қурултойда ташкилий масала кўрилиб, Ҳаракатнинг янги дастури муҳокама қилинди. Ташкилий масала жуда оғир кечди. Қўқонлик делегатлар ва Тошкентлик вакилларнинг аксар қисми А. Пўлатов Ҳаракат раиси бўлишга номуносиб деб, унга қарши чиқишди. Баҳслар ҳам натижа бермади. Абдулазиз Маҳмудов бошчилигидаги гуруҳ ўзини “Ўртадаги центристлар” ёки “Марказчилар фракцияси” (Фракцией центристов) деб эълон қилишди. Қўқонлик делегатлар билан Абдулазиз Маҳмудов гуруҳи Пўлатовга қарши овоз беришди. У бир озгина устунлик билан раис қилиб сайланди.

Кейинчалик “Бирликчилар”нинг ҳикоя қилишларича КГБ Қурултойнинг кириш эшикларида ўз одамларини қўйиб, Пўлатовга қарши бўлганларнинг йиғилишга киришларига тўсқинлик қилган. Улар бунга қайсидир маънода эришдилар ҳам, лекин тўлиқ эмас…

 БИРИНЧИ АЙБЛОВ.

1992 йил июнь ойи охирларида Пўлатовни уриб кетишди. Мутахассислар фикрича, бу “буюрилган уриш” эди (избиение было заказным). Уларнинг фикрича, уриб, калтакланиб кетилган гуруҳ ичида КГБ нинг ҳам одами бор эди. КГБ “уриб кетган гуруҳ” ва унинг ортида ким турганини яхши билган. Лекин иш тергов қилинмади. Бунда албатта калтаклашни буюрган кишининг шахси ҳам катта рол ўйнаган эди. Улар “бир ўқ билан икки қуённи уриб”, бу ишлари билан ҳатто Каримовга ҳам доғ туширишмоқчи бўлишган. Негаки, яқин кунларда “ҳокимият алмашинуви” мумкинлигига ҳали кўплар ишонишар ва мабодо шундай бўлиб қолган тақдирда ҳар бир “клан” “ҳукмдор” бўлиши мумкин бўлган ўз раҳнамосига эга эди. КГБ ҳам бундан мустасно эмас эди…

Уриб кетилгандан сўнгги воқеалар шиддат билан ривожлана борди.

1992 йилнинг 2 июль куни Муҳаммад Солиҳ Парламент минбаридан айтгани каби «Мамлакатда диктатура ўрнатилгани” боис бунга норозилик сифатида истеъфо берди.

Назаримда, у ўзи орзу қилганидек “Бутун миллат иштирокида ҳуқуқий давлат қуриш” режаси рўё бўлиб чиққанини тушунган ва ҳукумат билан мулоқот ўрнатилишидан тамоман умидини узган эди.

Америкалик журналист Скотт Малкомсон ўша давр ҳақида шундай ёзган эди: “Эрк” партияси янги Конституция Лойиҳаси устида ишлар ва ўз тузилмаларини мукаммаллаштириш ҳақида бош қотирарди. Шароитлар жуда ёмон эди. Газета чоп қилиши мумкин бўлган ҳукуматнинг бирдан бир “Матбуот уйи” “ЭРК” ҳафталиги тиражини юз мингдан ўн икки мингга тушириб қўйди. Энди эса, мана, унинг лидери Олий Кенгаш деб аталган Парламент аъзолигидан истеъфо берди. Унинг истеъфоси кўпчилик овоз билан қабул қилинди (Scott Malcomson, “Empire’s edge”, Travel in South-Eastern Europe, Turkey and Central Asia. London and New-York, 1994, pp: 187-191).

Ҳеч шубҳасиз, Муҳаммад Солиҳнинг иштироки Парламент “об ҳавоси”га сезиларли таъсир кўрсатаётган эди. Унинг истеъфоси эса шундоғам эркин Каримовни тамомила эмин эркин қилиб қўйди. Буни ҳатто чет эллик таҳлилчилар ҳам сезган эдилар: “Июлнинг сўнггида Солиҳнинг Олий Кенгашдаги истеъфосидан сўнг қабул қилинган янги Қонун итоатгўй кўпчилик томонидан мустақил депутатларни Парламентдан бемалол ҳайдашга яхшигина замин яратди” (Willliam Fierman, Conflict, cleavage and change in C. Asia and Cauc. Cambrige Un. Pres-97, p 386)

 “МИЛЛИЙ МАЖЛИС”

Бир нечта узоқни кўра олмайдиган кишилар «Миллий мажлис” деган акцияни бевақт ва бемавруд кун тартибига олиб чиқишди. Уни тузиш таклифига Бобир Шокиров деган бизнесмен асос солган бўлса-да, лекин ундан асосан «ЭРК” ва “Бирлик”чилар зарар кўришди.

1992 йил июл ойининг охирларида «ЭРК” партияси котиби Отаназар Орипов, Президиум аъзоси Саловат Умурзоқов ва “Бирлик” Халқ Ҳаракати Тошкент вилоят раиси Ҳазратқул Худойбердиевлар ҳибсга олиниб, қамоққа ташландилар.

Муҳаммад Солиҳ бу ноаниқ ва тушуниб бўлмас «Мажлис”га бошиданоқ қўшилмаган бўлса-да, лекин унга ҳам бу борада айб эълон қилишди. 1992 йилнинг кеч кузида ундан Тошкентни тарк этмаслик ҳақида тилхат олишди…

 РЕПРЕССИЯНИНГ БОШЛАНИШИ

Шуни айтиш жоизки, ўзбек мухолифати давр ва вақт тақозоси билан бунёд этилган бўлиб, у ҳали тез ўзгариб турадиган сиёсий вазятларга тайёр эмас эди. Президентлик сайловларидан сўнг эса унга кучли сиёсий партия бўлиб шаклланишига бир оз вақт керак эди. Лекин бу вақт унга берилмади.

Президентлик сайловларидан сўнг дарҳол мухолифатни тамомила тугатиш ҳақида кўрсатма берилди.

Буннинг икки сабаби бор эди.

Биринчи сабаб: сайловлар мухолифатнинг халқ орасида кучли иттифоқчи ва хайрихоҳлари борлигини аниқлади. Сайлов ҳисоботидаги беҳисоб кўзбўямачилик ва лўттибозликларга қарамай мухолифатдан Президентликка кўрсатилган номзод сайловчиларнинг 12.7 фойиз овозини олишга муваффақ бўлди. Бу дегани, мухолифат учун сайловчиларнинг бир миллион 115 минг аъзоси овоз берди дегани эди. КГБ мухолифатни тизилмалар ва лидерлар аро уриштиришга улгурган бўлса-да, лекин катта халқ оммасига ҳали таъсир қила олмаган эди. Ҳукумат доим алдаб келгани учун ҳам халқ унга ишонмас эди. Шунинг учун ҳам ярим-ёрти ошкоралик шароитида ўтган биринчи сайловданоқ ҳукумат сасосимага тушиб қолди. Ҳолбуки, бу сайловга кирган «ЭРК” ҳали кучли сиёсий партия сифатида етарлича шаклланиб улгурмаган эди. Лекин шунинг ўзиёқ агар эркин ва ошкора сайловлар ўтказилса, бу ҳукумат имконлари ҳаминқадар эканини кўрсатиб қўйди…

Иккинчи сабаб: Мухолифат батамом бирлашиш арафасида турган эди. Яна бир неча ойлик ҳатти-ҳаракатлардан сўнг “ЭРК” ва “Бирлик”нинг барча маҳаллий ташкилотлари бир бутун бўлиб бирлашишга тайёр эди. Масалан, Фағона воҳасининг уч вилоятида Бирлашган Мухолифат Демократик Форуми бўлинмалари аллақачон янги куч ва ғайрат билан ишга киришган эдилар. Энди режимни ўз ноаён келажаги ташвишга солар ва шунинг учун ҳам вазиятни тамомила қўлга олишга у астойдил киришган эди.

Президентнинг «ҳукуматга кириш” ҳақидаги таклифи Муҳаммад Солиҳ томонидан рад этилди. Каримовда эса: “Ким биз билан бўлмаса, у бизга душман” деган шиор бор эди. Қолаверса, “агар душман таслим бўлмаса, одатда уни йўқ қилишади”…

Лекин қандай қилиб, қайси йўллар билан?

Ғарб ҳали ўзбек мухолифати тимсолида “мамлакат хавфсизлигига дахл” сезмаган эди.

Шунинг учун ҳам уни батамом йўқ қилиш учун «тош босадиган” баҳона ва аргументлар зарур эди…

“Миллий мажлис” ўзбек режими учун ана шундай вах-корсон вазифасини ўтади. Бу Каримовнинг Ғарб олдида ўзини оқлаш борасидаги дастлабки уриниши эди. “Миллий мажлис” асосчиларини мамлакат Парламентига муқобил бўлган тузилма тузиш ва ҳукуматни куч ишлатиш орқали ноқонуний алмаштириш каби даъволар билан айблашди. Кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас. Ана шунақа!

Зотан, ҳеч қанақанги тузилма ҳам, “давлат тузумини ўзгартириш” деган гап ҳам йўқ эди. Ҳолбуки, А. Пўлатовдан бошқа барча мухолифат лидерлари “назорат”га олинган бўлиб, афсонавий жиноий иш бўйича аллақачон КГБ биносида “кўрсатма” бераётган эдилар.

“Эрк” ва “Бирлик” амалда ҳануз қонуний жамоат ташкилоти бўлиб қолаётган эсалар-да, бироқ «ЭРК” газетаси аллақачон расмий цензура назоратига олинган бўлиб, ойда атиги бир мартагина нашр этиларди, холос. Бу пайтга келиб “ЭРК” партияси газетасининг бирданига уч вилоятдаги тиражи расман тақиқланган эди.

Хуллас, мухолифат ахборот марказларини режали йўқ қилиш ҳаракатлари муваффақиятли давом этаётган эди.

Энди Каримов режими репрессияларга юз бурганига шубҳа қилмаса ҳам бўларди…

(Давоми бор)

 

yangidunyo.org