Ўзбек мухолифати ташкилотларидан бир қанчасини бирлаштирган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) ўзининг иккинчи қурултойини шу йилнинг 29-30 июн кунлари Прага шаҳрида ўтказади. Журналистлар учун мўлжалланган матбуот анжумани 30 июн куни соат 10.00 да бошланади.
Ўзбек мухолифати ташкилотлари Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига мамлакат президенти Ислом Каримовнинг кўп йиллик диктатурасини нозўравон кураш йўллари билан ағдариш мақсадида қўшилишган. Маълум-ки, яқинда айнан шундай йўллар билан Миср ва Тунисдаги аксилдемократик режимлар ағдарилганди.
Ўзбекистонни 1989 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг аксилдемократик ва аксилхалқ режимини ағдаргач, ЎХҲ мамлакатда қонун устиворлигини ва миллий ҳукуматнинг демократик тамоилларини таъминлашни мақсад қилган.
“Узоқ йиллик иқтидори даврида Каримов ўзини нодон ҳукмдор эканлигини кўрсатиб, мамлакатни сиёсий ва иқтисодий инқирозга олиб келди”, – дейди Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳ. Унинг фикрига кўра, ЎХҲ мамлакат аҳолисини сиёсий эркинликлар ва президент Каримовнинг истеъфосини сўраб, Тошкент ва бошқа шаҳарлар кўчаларига сафарбар эта олишга қодир. “Мустабидларнинг замони ўтди, бугунги кунда уларга жой йўқ”, – дейди Муҳаммад Солиҳ.
“Араб баҳори” демократик оламнинг энг кўп тарқалган икки сафсатасини барбод қилди. Биринчиси – мустабид тузумларга қарши фақат тинч йўллар билан курашиш зарурлиги ҳақидаги сафсата. Иккинчиси эса – Ислом ва демократия бир-бирига тескари тушунчалар эканлиги ҳақидаги сафсата. Эндиликда, Миср халқи Ғарбдан ўрнак олиб, мамлакат президентини универсал овоз бериш йўли орқали сайлагач ҳамда кўп йиллар давомида аксилғарб ҳаракатларининг ўзига хос рамзи бўлиб келган “Мусулмон Биродарлар” партияси сайловларда ғалаба қозонгач, “Ислом ва демократия бир-бирига зид тушунчалар”, – дейишга асослар қолмади”, – таъкидлайди Муҳаммад Солиҳ.
ЎХҲнинг ўтган йил май ойида Берлин шаҳрида бўлиб ўтган биринчи қурултойида ўзбек муҳолифати аъзолари ва АҚШ, Канада, Австралия ҳамда Европадан келган сиёсий қочқинлар Ўзбекистондаги аксилдемократик режимни ағдариш мақсадида мамлакатда фуқаровий бўйсинмаслик тадбирларини ташкил қилиш режаларини эълон қилишди. Шу қурултойда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига қўшилган “Эрк” демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ЎХҲ раҳбари қилиб сайланганди.
Муҳаммад Солиҳ – 1993 йилдан бери сиёсий сургунда яшаб келаётган таниқли ўзбек шоири ва мухолифат арбоби. 2001 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг талабига биноан Муҳаммад Солиҳ Прага аэропортида ҳибсга олиниб, шу шаҳардаги Панкрац қамоқхонасига жойлаштирилганди. Қизиғи шунда-ки, таниқли чех мухолифатчиси, кейинчалик Чехия президенти лавозимида ишлаган Вацлав Ҳавел ҳам бир пайтлар айнан шу қамоқхонада ўтириб чиққанди. Ўзбекистон ҳукумати расмий Прагадан Муҳаммад Солиҳни Тошкентга экстрадиция қилишни сўраганди.
Бироқ кейинчалик кучли халқаро босим натижасида Муҳаммда Солиҳ қамоқдан озод қилинди ва Прагадаги Президент саройида расман қабул қилинди. Муҳаммад Солиҳнинг, гўёки, айбдорлиги ҳақида Ўзбекистон ҳукумати тақдим қилган барча хужжатлар Прага суди томонидан асоссиз ва сохта деб топилди.
Қўшимча маълумот учун телефонлар:
+ 42 060 556 2179
+ 46 739 557238
+ 90 507 3877451
ЎХҲ Матбуот Хизмати