Бизнинг шарҳ: Ўзбекистон ўз мустақиллгини буюк келажак ваъдаси билан бошлаган бўлсада, орадан йигирма йилдан ортиқ вақт ўтиб аҳвол тескари йўналишда ривожланиб борганлиги кўриниб қолди. Энди мамлакат ичкарисида ва ташқарида ҳам ўзбеклар ва Ўзбекистонликлар мардикорлик қилиб кун кўраётганини яшириб ҳам бўлмай қолди. Айниқса ҳамватанларимизнинг Россияда ўта аянчлик аҳволда яшаётгани, гоҳида улар қип-қизил жиноятчиларга, баъзида эса рус миллатчилари қўлида ўлаётган қурбонларга айланаётгани ҳукумат раҳбарини ҳам безовта қилгандек бўлди. Аслидаку ҳукумат раҳбарини бу мутлоқ қизиқтирмайдиган мавзу, аммо халқаро жамоатчилик, ҳамда халқаро оммавий ахборот воситаларининг бераётган маълумотларига бепарво ўтиришнинг имкони ҳам қолмади. Энди эса Ўзбекистон ўз талабаларини Ватанга қайтишга даъват этаяпди. Кейин нима бўлади деган ҳақлик савол туғилади. Дарҳақиат, бу талабалар аввало тузукроқ илм олиб, ҳунар ўрганиб мутахасис бўла оладими, мутахасис бўлган тақдирда ҳам иш топадими? Елка қимоқдан ўзга чора йўқ! Ҳукуматимизда ҳам бугуннинг ёшлари келажаги ҳақида аниқ тасаввур йўқ! Уларга саол беринг, улар ҳам елка қисади холос. Бир вақтнинг ўзида ҳам Россияда ишлаб, ҳам Ватандаги колледжларда ўқишни ўзбеклар кашф қилишган. Эртага нима бўлишини эса фақат эрта кўрсатади.
Ўзбек муҳожирлари қайтсин! Кейин-чи?
“Прокуратура мулозимлари Россияга ишлашга кетган талабаларни зудлик билан қайтаришни талаб қилишмоқда” – дейди фарғоналик коллеж ўқитувчиларидан бири.
“Аммо коллежнинг иши дарс бериш бўлса, четга ишлашга кетган ёшларни қайтариш вазифасини ҳам елкамизга юклашмоқда”.
Бир неча ҳафта олдин эса Қозоғистонга ишлаш учун кетаётган меҳнат муҳожирлари Тошкент вилоятидаги чегара ўтиш нуқталаридан бир неча кун давомида ўтказилмай, ортга қайтарилаётгани ҳақида хабарлар чиққанди.
Бу – Президент Каримовнинг нега ўзбек ёшлари четга бориб, мардикорлик қилиши керак, деган саволига нисбатан Ўзбекистон мулозимлари кўраётган чора-тадбирлар.
Йил бошида ҳукумат мажлисида гапирган Ислом Каримов четда қийналиб ишлаётган миллионлаб ўзбек муҳожирлари аҳволига илк бора эътибор қаратиб, Ўзбекистондаги ишсизликни тан олганди.
“Уч йил ўқиб, мутахассис бўлган коллеж битирувчиси қаердан иш топади?” – деганди Ислом Каримов – “Мен болаларимизнинг иш қидириб, сарсон бўлишини тасаввур ҳам қилолмайман”.
Ишсизлик ва Ички ишлар вазири?
Ушбу мажлисда Президент Каримов Москвада ўлдириб кетилган ўзбекистонлик фаррош йигитнинг тақдирини эслаган ва ўзбек ёшлари нега чет элларга бориб, қийналиши лозим, деб расмийлар олдига савол қўйган.
Хусусан, Ички ишлар вазирлиги ва бош прокурорга меҳнат муҳожирлиги юзасидан чора кўришга буйруқ берганди.
Кўпчилик бундан кейин четдаги муҳожирларнинг шароитини яхшилаш ва борган мамлакатидаги ҳақ-ҳуқуқларини кучайтириш йўлида чоралар кўрилади ва ёки Ўзбекистонда иш ўринлари яратилиб, ёш-қари муҳожирларни қайтишга ташвиқ қилишади, деб кутганди.
Аммо Президент Каримовнинг гапларини ўзича тушунган Ўзбекистон мулозимлари тақиқ ва зуғум йўли билан ёшларни мамлакатдан чиқармасликни энг мақбул йўл сифатида танлаган кўринадилар.
Айни дамда, айрим таҳлилчилар Ислом Каримов нега ишсизлик масаласини эслаганда Меҳнат вазири эмас, балки жазоловчи муассаса саналмиш Ички ишлар вазири олдига муҳожирлар муаммосини кўндаланг қўйганига ҳам эътибор қаратадилар.
Кузатувчиларга кўра, тузукроқ яшаш имконини берадиган маошли иш ўринлари яратилмаскан, юз минглаб муҳожирларни мажбуран ватанга қайтариш Ўзбекистонда фақатгина қашшоқликни кучайтириб, норозилик ва алал-оқибатда ижтимоий портлашга йўл очиши мумкин.
‘Иш бўлса, газ бўлса…’
Бугун ўзбекистонлик муҳожирлар четда ҳақ-ҳуқуқлари қанчалик кам таъминланган бўлмасин, барибир, ватанга қайтишса, иш топа олишларига ишонишмайди.
“Иш бўлса, газ бўлса, уй бўлса, албатта, Ўзбекистонга қайтаман” – дейди Би-би-си билан суҳбатда Сибирда ишлаётган ёш йигит -“Лекин ҳозир бориб нима ҳам қила оламан?”
Ўзбекистонлик муҳожирларга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ичидан айнан Ўзбекистон мулозимлари четда муҳожирга айланган ўз фуқаролари тақдири ва шароитини яхшилаш борасида етарлича қизиқмайдилар.
Дейлик, Қирғизистон ва Тожикистон каби таъсир воситаси заиф ҳамда нисбатан кичик мамлакатлар ҳам ўз муҳожирларининг Россиядаги шароитларини яхшилаш, керак бўлса, уларнинг руслар билан тенг ҳуқуқли бўлишлари йўлида рўйхатдан ўтиш ва ё ишга олиниш тартибларини енгиллатиш, ҳатто енгиллатилган тартибда Росия фуқаролигини олишларига эришиш каби чораларни амалга оширишга интиладилар.
Ўзбекистон фуқаролари эса бу ўринда Россияда ҳақ-ҳуқуқлари энг кам таъминланганини айтишади.
Ўзбеклар ва Ўзбекистон
“Қўшни мамлакатлардаги ёшлар ватанига қайтишганда, кўкрагини кериб, ватанимга кетаяпман, у ерда ўз давлатим мени ҳимоя қилади, деб айтишади” – дейди Россиядаги ўзбек муҳожирларидан бири – “Биз эса худди жиноятчилар каби қўрқа-писа борамиз ва айнан ўз чегарамиздан ўтгунча энг кўп текширув, қўпол муносабат ва кези келганда, таҳқирларга ҳам юз тутамиз”.
“Биз Ўзбекистон давлати бизнинг ортимизда турибди, зарур бўлса, бизни қўллайди, деб қандай ишонайлик?”
Расмий рақамларга кўра, Россия ва Қозоғистондаги ҳам қонуний, ҳам ноқонуний ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар сони 5 миллион атрофида.
Уларнинг кўпчилиги қийин шароитларда, ҳақ-ҳуқуқсиз ва энг оғир ишларни қилиб, пул топишади.
Ўзбекистон ичкарисида эса, одатда, бу каби муҳожирларни борига қаноат қилмасдан, бойлик орттириш учун четга кетган ношукурлар сифатида тасвирлашади ва ҳатто машҳур ашулачилар муҳожирларни қоралаб қўшиқлар айтишган.
Аммо Ўзбекистон иқтисодида муҳожирлар жўнатадиган пулларнинг салмоғи жуда катта ва уларнинг Ўзбекистонда қолган оилалари айнан ана шу маблағ эвазига кун кўраётгани, уй солиб, тўй қилаётгани айтилади.
Шу асно, бу муҳожирларни мажбуран қайтариб келган билан мавжуд муаммолар ҳал этилишига ишонч йўқ.