O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбек пахта саноатини ўзгартирган Умида Ниëзова Тошкентда!

Ўзбек пахта саноатини ўзгартирган Умида Ниëзова Тошкентда!
285 views
01 December 2021 - 9:30

Таниқли ҳуқуқ фаоли Умида Ниëзова раҳбарлигидаги  Cotton Campaign коалицияси делегацияси 1 декабрь куни Ўзбекистонга келди. Улар бир ҳафта мобайнида Ўзбекистон расмийлари ва тўқимачиилик саноати, кластер вакиллари ҳамда мустақил фермерлар билан учрашишади.

13 йил сўнгра Ўзбекистонга келган Умида Ниëзова «Элтуз» мухбири билан қисқа суҳбатда бу ташриф пировардида мамлакат пахта саноатини тубдан ўзгартириб мажбурий меҳнатга барҳам берган 10 йиллик фаолиятининг самараси бўлганини айтди:

«Биз 10 йил давомида Ўзбекистон пахта етиштириш жараёни бўйича  жиддий мониториинг олиб бордик. Бу мониторинглар асосида Ўзбекистон пахта етиштириш тизимидаги мажбурий меҳнат, ҳусусан болалар меҳнати акс этган 10 та ҳисобот нашр қилиб жамоатчиликка тақдим қилдик. Биз бу ишни бошлаганимизда Ўзбекистон пахта далаларида камида  бир миллион бола мактабдан қолиб пахта терарди. Буни ўзгартириш учун ҳукуматга молиявий босим зарур эди. Бизнинг талабимиз ортидан дунëдаги 300 дан зиëд етакчи ширкатлар  ўзбек пахтасини бойкот қилди.  Бу жиддий зарба ва ҳукумат учун бош оғриғи эди. Ислом Каримов ўлиб Шавкат Мирзиëев иқтидорга келганидан кейин бу соҳада силжиш бошланди. Мулозимлар биз билан мулоқотга киришди. 2017 йил Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев  БМТда гапирганида пахта мажбурий меҳнати мавжудлигини дангал тан олди. Босқичма босқич давлат қишлоқ хўжалигидаги  систематик мажбурлаш тизимини йўқ қилишга тушди.  2021 йилга келиб мажбурий меҳнат бархам топди. Бу бизнинг  ишимиз самараси дея, Тошкентдан туриб айтаëтганимдан ғурурланаман.»

«Элтуз» билан суҳбатда Умида Ниëзова  Cotton Campaign коалициясининг келажакдаги режасига ҳам тўхталди:

«Ўзбекистон пахта саноати бугун мажбурий меҳнатдан холи бўлди. Айни пайтда бу саноат ишчилари ҳуқуқлари халқаро даражада ҳимоя қилинмоқда дея олмаймиз. Шу боис яқин келажакда Ўзбекистон ҳукумати, пахта билан боғлиқ бизнес вакиллари ва мустақил касаба уюшмалари думалоқ стол атрофида ўтириб, қишлоқ хўжалигининг эхтимолий келажагидаги хатарларини бартараф қилишни излаши лозим. Cotton Campaign шу масалани ўзбек расмийлари билан муҳокама қилади.

Умида Ниëзова 13 йил ўтиб Ўзбекистонга  илк бор қадам қўйди. У 2008 йили Ўзбекистонни тарк этган эди.

Ниёзова 2006 йилнинг декабрида Тошкент аэропортида, бир ой сўнгра ўзбек-қирғиз чегарасини ноқонуний кесишда айбланиб икки бор қўлга олинган.

Таркибида диний экстремизм ғоялари бўлган материалларни ноқонуний олиб ўтиш, ҳамда жамият тинчлигига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатишда айбланган фаол тўрт ой қамоқда сақланган.
2007 йилнинг  май ойида  Сергели туман суди уни етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган, бироқ кўп ўтмай Тошкент шаҳар маҳкамаси ҳукмни шартли жазога ўзгартирган.

Ниёзованинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти 1998 йилда таниқли мухолифатчи шоир Рауф Парфи билан учрашувидан кейин бошланган эди.

Умида Ниёзова Рауф Парфи аъзо бўлган инсон ҳуқуқлари ташкилотида ишлай бошлаган ва 1999 йил февраль портлашлари ортидан юзага келган қувғин ва босимлар, қийноқлар ва адолатсизликларга гувоҳ бўлган эди.

У сўнгра Варшавадаги Инсон Ҳуқуқлари мактабида таълим олиб, Женева, Москва ва Белградда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билимини бойитган.

Умида Ниёзова Москвадаги учрашувлари чоғида Совет Иттифоқида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган Людмила Алексеева, Сергей Ковалев ва бошқа машҳур фаоллар билан учрашгани  ва бу жасур фаоллардан олган таассуроти ортидан инсон ҳуқуқлари фаолиятига яна ҳам жиддий киришган.

Ниёзова хоним  Интерньюс, Экстремал Журналистика Маркази,  Фридом Хаус инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Халқаро Инқироз Гуруҳи, Хюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотларида фаолият олиб борган.

У олиб борган тадқиқотлар жумласига пахта саноатидаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари, Ўзбекистондаги диний экстремизм хавфининг нақадар реаллиги, қийноқлар, ҳамда аёлларга босим мавзулари киради.

Умида Ниёзова Берлинда тузилган Инсон Ҳуқуқлари  Ўзбек Форумининг асосчиларидан бири. Форумга Германия парламенти аъзоси Доктор Диана Куринг ҳам аъзодир.

Умида Ниëзова Хюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти мукофоти совриндоридир.

Манба: Eltuz.com