O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбек тилининг давлат тили бўлганига 20 йил тўлди

Ўзбек тилининг давлат тили бўлганига 20 йил тўлди
296 views
07 May 2017 - 6:00

Бундан 20 йил олдин – 1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон совет социалистик республикаси Олий Совети ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш ҳақидаги қонун қабул қилди.

Бу ўша йили қабул қилинган 3561- қонун эди. Бу қонун совет Ўзбекистонида халқ талабига кўра қабул қилинган илк қонун сифатида тарихга кирди.

Бугун бундан 20 йил муқаддам бу тарихий қарорни қабул қилиниши давридаги вазиятдан яхши хабардорлар хотираларига қулоқ берамиз. Муҳаммад Солиҳ¸ Шукрулло¸ Иброҳим Ҳаққул¸ Гулчеҳра Нуруллаева¸ Жамол Камол¸ Раъно Абдуллаева¸ Анвар Усмон ва Абдулла Абдураззоқ махсус эшиттириш давомида ўз хотираларини гапиришди.

Бу қонун қабул қилиниши арафасида Горбачëв ҳуррияти берган эркинликдан жасоратланган¸ Болтиқбўйи республикалари ўрнагидан илҳомланган минглаб ўзбеклар ўз тилининг расмий мақомини талаб қилиб майдонларни тўлдиришар эди.

Ўзбек шоир-ëзувчиларининг тил ҳимояси учун узатган қўллари истиқболига минглаб қўллар чўзилаëтган эди.

Ўзбек тилига расмий мақом берилган кун мен майдонда эдим¸ деб эслайди ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ.

– Биз ўша куни Ленин майдонида (ҳозирги Мустақиллик майдони) митинг уюштирдик. Мен ўша ерда эдим. Ўшанда бизнинг ëнимизга миллат вакиллари¸ ҳукуматнинг одамлари келиб¸ эсимда Мирсаидов ҳам бор эди¸ “Сал тинчланинглар илтимос. Бугун давлат тили қабул қилинаяпти. Ҳозир муҳокама бўлаяпти” деганлари эсимда. Биз ўша пайтда бир нарсани айтганмиз. Бу қарор қабул қилинди.

Давлат тилини бутун Ўзбекистонда яшаëтган бутун фуқаролар миллатидан қатъий назар маълум бир муддат ичида ўрганиши керак¸ деган нарса бор эди. Ўша пайтда адашмасам саккиз йил белгиланган эди. Бу вақт ичида ўрганиш мумкинлиги ëки мумкин эмаслиги ҳақида биз ўз шубҳамизни билдирган эдик. Бу шубҳа¸ афсуски¸ тўғри чиқди. Саккиз йил эмас¸ 20 йил ўтди. Ўзбек тилини ҳалигача давлат тили мақомига кўтарилган бир тил деб бўлмайди. Давлат идораларида ҳужжатларнинг кўпчилиги ҳали ҳам русча ëзилиб¸ ëмон ўзбекчага таржима қилинаяпти. Кўпчилик давлат маъмурлари мулоқотда ҳам русча¸ ҳатто бошқа бир тилда гаплашаяпти. Ўзбек тилида гаплашиш ҳалигача удум бўлгани йўқ¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ 1989 йилда Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасида раҳбар лавозимида эди. Айнан у ишлаëтган идора ўзбек тили ҳимоясига отланганлар учун макон бўлди. Ўша пайтда “Учителская” бутуниттифоқ газетасининг Тошкентдаги мухбири бўлиб ишлаган Анвар Усмоновга кўра¸ ўзбек тилига давлат мақоми бериш ғояси бутун ўзбек халқини жипслаштирган.

Анвар Усмонов: Ëзувчилар уюшмасининг бунақа таклифини халқ¸ студентлар жуда қўллаб-қувватлаган. Ундан кейин митинглар бошланди. Энг катта митинг¸ биз Қизил майдон деймиз¸ бошқа номи ҳам бор эди¸ олдин жуда ҳам хавфли эди. Одамлар нашриëтнинг олдидан Қизил майдонга қараб борди. Каскалар келди. Спецвойскани чақирган. Ўша пайтда спецвойска ҳам турган. Ҳеч эсимдан чиқмайди Абдураҳим Пўлатов олдинга чиқиб “Йигитлар¸ қизлар¸ фақат дисциплина бўлсин. Провакацияга аҳамият беринглар. Провакацияга жавоб берманглар” деб илтимос қилди. Ундан кейин кимдир рухсат берди. Бизлар Қизил майдонга бордик. У ерда Гулчеҳра опа¸ Абдураҳим Пўлатов¸ Муҳаммад Солиҳ¸ Ëзувчилар уюшмасидан анча одамлар бор эди. Жуда ҳам обрўли бўлиб қолди. Шу митингда менимча¸ 15 минг одам қатнашган. Майдон тўла эди.

Ўша ерда Беларусиядан битта одам келди. У ҳам сўзга чиқди. Уни кейин прокурор чақириб¸ “Сен нима учун ўзбеклар билан бирга бўлаяпсан? Ўзбекларнинг йўли бошқача. Бу мол деган халқ” дегандан кейин¸ бу беларус прокурор билан анча жанжаллашган. Мана шу воқеани айтиб берди у. Одамлар жуда ҳайрон қолди. Қуда томон ўша пайтда жуда ҳам совуқ эди.

Ўзи учта катта митинг бўлди. Биттаси Қизил майдонда¸ биттаси Талабалар шаҳарчасида бўлди. Бу проблемани ҳукумат еча олмади. Бу проблема туриб-туриб ривожланган. Бу проблема ҳар бир ўзбекнинг оғзида эди. Конституцияда Ўзбекистонда давлат тили йўқ эди. Шунақа ëзилган. Бу 1977 йилда қабул қилинган Конституция. Грузияда¸ Арманистонда бор эди¸ аммо Ўрта Осиëда йўқ эди.

Масалан¸ агар одам рус тилини анча билмаса¸ унинг келажаги йўқ. Ўзбекфильм фильмни ўзбек тилида суратга олади¸ кейин уни русчага таржима қилади. Комиссия фильмни фақат рус тилида қабул қиларди. Бу расво бўлиб қолди ўзи. Ҳақиқатан¸ мана шу митинглар ўз ишини қилган. Ўзбек тили ўз уйини топган. Давлат ҳам¸ ўртоқ Каримов ҳам бирор нарса қила олмади.

Озодлик: Анвар ака¸ шунча одам кўчага олиб чиқилди¸ шунча куч сарфланди¸ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Одамлар уйида бемалол ëтганида ҳам орадан икки йил ўтиб¸ мустақиллик эълон қилинганидан кейин давлат тили бўлар эканку. Икки йил олдин¸ икки йил кейиннинг нима аҳамияти бор?

– Мен сизга битта нарсани айтаман. Болтиқбўйини олайлик¸ Саюдесни олайлик. Саюдес биласиз Литвадаги. Арманистонда Звартоцда (Арманистон халқаро аэропортининг номи) қўзғолонлар бор эди. Бокудаги фожеаларни эсланг. Бирликсиз Ўзбекистон ҳеч қачон мустақил бўлмас эди. Ҳеч қачон СССР парчаланмас эди. Озгина-озгина ишладик. Литвада “Саюдес”¸ Озарбайжонда “Народный фронт” бор эди. Бу проблема кўтарилиб¸ ундан кейин орқага йўл бўлмаган. Шунинг учун ундан кейин СССР парчаланди. Одамлар бемалол ëтса¸ маза қилиб ухласа¸ эски ҳаммом¸ эски тос бўларди¸ дейди Анвар Усмонов.

Анвар Усмоновга кўра¸ ўша пайтдаги русийзабон матбуот ўзбек тилига давлат мақоми берилишига қарши бўлган. Ўша пайтдаги газеталарни варақлаган шоира Гулчеҳра Нуруллаева хотирлайди.

– Шу масала атрофида Ўзбекистон матбуотида шундай қизиқ баҳс-мунозара олиб бордикки¸ тарафлар асосан икки гуруҳга¸ икки жабҳага бўлинган эди. Ўзбек тилида чиқадиган матбуот¸ ўзбек тилидаги оммавий ахборот воситалари “Ўзбек тили Ўзбекистонда¸ албатта¸ давлат тили бўлиши керак” деган фикрни илгари сурган эди. Икинчи томонда эса “Йўқ¸ Ўзбекистонда рус тили давлат тили бўлиши керак”¸ деган фикрни илгари сурувчи рус тилида чиқувчи оммавий ахборот воситалари бўлган.

“Ўзбек тили камбағал. Унинг сўз бойлиги жуда ҳам оз. Шунинг учун Ўзбекистонда ўзбек тили эмас¸ рус тили давлат тили бўлиши керак” деганга ўхшаган гапларни “Ташкентская правда” газетаси ëзган эди.

“Йўқолсин ўзбек тили” деганга ўхшаган гапларни “Пионер Востока” газетаси ëзган эди.

“Студентлар институт территориясида эрталаб соат 9 дан кеч соат 9 гача рус тилида гапириши керак” деганга ўхшаган гапларни Тошкент Транспорт институтининг кўп тиражли газетаси ëзган эди.

“Шу пайтгача ҳамма иш рус тилида олиб борилган. Бундан кейин ҳам шундай бўлиши керак” деганга ўхшаган фикрларни “Правда востока” газетаси деярли ҳар сонида ëзиб турган эди. Айниқса¸ “Правда востока” газетаси бу масалада ашаддий эди. У дастлаб “Йўқ¸ Ўзбекистонда фақатгина рус тили давлат тили бўлиши керак” деган тезисни илгари сурган эди. Лекин халқнинг майдонларга чиқиб митинглар ўтказаëтганлигини¸ ўзбек матбуотининг ўзбек тилини ашаддий ҳимоя қилаëтганини кўриб¸ улар бироз юмшади шекилли¸ “Ўзбекистонда бир тил эмас¸ икки тил – ҳам рус тили¸ ҳам ўзбек тили давлат тили бўлсин” деган тезисни мунозара ўрталарига бориб¸ майдонга ташлайдиган бўлди.

“Правда востока” нинг тутган йўлларидан бири шу бўлдики¸ у асосан ўзи ўзбек бўла туриб ëки ўзбек фамилияли бўла туриб ўзбек тилини билмайдиган одамлардан фойдаланди. Шундай одамларнинг чиқишларини кўплаб уюштирди. Айни пайтда Ўзбекистонда яшаëтган руслардан ҳам фойдаланиб¸ “Ўзбек тили давлат тили бўлмаслиги керак. Рус тили давлат тили бўлиши керак” деган қарашларни илгари суришга улар муваффақ бўлишди¸ дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

Ўша пайтда ўзбек тилига мақом берилишига нафақат русийзабон аҳоли вакиллари балки ўзбек ëзувчилари ҳам қарши бўлган деб эслайди¸ профессор Иброҳим Ҳаққул.

Иброҳим Ҳаққул: Сарвар Азимов¸ яна бошқа ëзувчиларимиз¸ бир қанча олимларимиз икки тиллиликни тарғиб қилганлар. “Биз рус тилидан ажралиб қолсак¸ нима бўлади? Мен рус тили орқали олим бўлдим¸ бошқа бўлдим” деган гапларни академиклар айтган.

Озодлик: Раҳматли Ўлмас Умарбеков ҳам ëзиб чиқувди.

Иброҳим Ҳаққул: Ўша пайтдаги амалдор ëзувчилар борку¸ ўшаларнинг аксарияти “икки тилли бўлсин” деган эди. Уларнинг аксарияти амалдор эди. Агар шунақа демаса¸ амалдан ажралар эди. Сарвар Азимов “Правда востока” газетасида ўзбек тилининг давлат тили бўлишига тиш-тирноғи билан қарши чиққан. У икки тиллиликни илгари сурган.

Озодлик: Биз билмаган қаҳрамонлар кимлар. Биттаси Мирзо Кенжабек эди. Тиниб-тинчимасдан югуриб юрарди.

– Биласизми¸ ўзбекнинг фожеаси шундан иборатки¸ умумий удум бўлиб¸ ҳеч жазо бўлмайдиган нарсани билгандан кейин ҳаммаси шу ҳақда ëзаверади¸ ëзаверади. Катта жазо олиш хавфи кетгандан кейин кўпчилиги ëзганда. Биринчи бўлиб “Давлат тили учун кўкрагимни кериб¸ мана бундай гапни айтаман” деган ëзувчини мен билмайман¸ дейди Иброҳим Ҳаққул.

Иброҳим Ҳаққул айтган икки тиллилик ғоясини кўтариб чиққанлардан бири Ўзбекистон комфирқаси мафкура котиби Раъно Абдуллаевага қулоқ берамиз.

– Совет даврида¸ бу менинг инициативам эмас¸ биринчи раҳбарларимиз доимо “Она тили қатори рус тилини ҳам билсак яхши бўлади” деб икки тил тўғрисида гап олиб борган. Менимча¸ миллион-миллион халқимиз рус тилини билгани учун бошқа чет давлатда ишлаганида¸ бир бўлак нонини топиб еб юрибди. Агар биз рус тилини билмасак¸ қандай қилиб бошқа жойда ишлашимиз мумкин? Менимча¸ инсон қанча кўп тилни билса¸ шунча бойлик орттиради¸ шунча бой бўлади. Мен ўша пайтда битта масалани кўтармаганман. Мен “Ўзбек тили ва рус тилидан ташқари яна бирор тилни билсак¸ қандоқ яхши бўларди” деб айтганман¸ дейди Раъно Абдуллаева.

Педагог олим Абдулла Абдураззоқ Раъно Абдуллаева фикрларига қўшилмайди.

– Ўнлаб мақолалар чиққан эди. Ўша мақолаларда “Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши рус тилининг мавқеини заррача камайтирмайди” деган гап айтилди. Мен “Бунақа ëлғонлар билан ўзимизни алдашнинг кераги йўқ” деб айтдим.

Масалан¸ Оролга қачон сув бориши мумкин? Биз пахта монополиясидан воз кечсак¸ Оролга сув бориши мумкин. Ўзбек тилига қачон давлат тили мақоми берилиши мумкин? Рус тилининг монополиясидан воз кесак. Бу дегани ўзбек халқи фақат ўзининг тилини билсину¸ бошқа тилни билмасин деган гап эмас. Ўнлаб тилни билсин. Нур устига аъло нур. Қанча кўп билса¸ шунча маъқул.

Ўзининг ватанида¸ ўзининг юртида ишга кириш учун рус тилида ариза бериб¸ ҳокимлар билан рус тилида гаплашишга мажбур бўлгани миллий ғурурга ҳам тўғри келмайди. Бир миллатни пастга уриш бўлади. Шу маънода¸ мен Раъно опанинг икки тиллилик фикрларига қўшилмайман¸ дейди Абдулла Абдураззоқ.

Шоир Жамол Камол ўзбек тилига давлат мақоми берилган пайтдаги умид кайфияти ҳозирги реалликдан узоқлигини ҳам гапиради.

– Ўша пайтда бир сўз тез-тез айтиларди. Эйфория деган сўз айтиларди. Биз “Мустақил бўлсак¸ ҳамма ишлар зўр бўлиб кетади. Ҳамма нарса гуриллаб юриб кетади. Унақа¸ бунақа” дердик. Баъзи жиҳатларда биз қисқа ўйлаган эканмиз. Ўша пайтда рус тили бизнинг ўзбек тилини бир четга суриб қўйгандай туюлгани учун ҳам рус тилига нисбатан муносабатимиз у қадар тўғри бўлмаган¸ дейди Жамол Камол.

Кекса шоир¸ Сталин қамоқхоналарида миллатчи тамғаси билан ўтирган Шукрулло учун ўзбек тилига давлат мақоми берилиши кўнгил истаги эди.

– Асосан ҳамма хурсандчилик билан қабул қилган. Беайб парвардигор. Оилада нуқсонсиз бўлмайди. Ўша пайтда ўриспарастлар¸ “Йўқ¸ икки тилли бўлсин. Ўрис тили бўлсин” деганлар ҳам бўлган. Моҳият қандай бўлди? Яхши бўлди. Мана мажлисларимизнинг ҳаммаси ўзбек тилида ўтаяпти. Ўқишларимиз асосан ўзбек тилида. Ўзбек тили давлат тили. Ҳозир ўрис тилининг ҳукмронлиги йўқ¸ дейди шоир Шукрулло.

Педагог олим Абдулла Абдураззоқов суҳбат давомида таниқли ëзувчи Расул Ҳамзат билан боғлиқ бир ҳикояни айтиб берди. Расул Ҳамзат бир тоғ қишлоғига бориб бир кампирдан 270 та қарғишни ëзиб олибди. Улар ичида энг даҳшатлиси “Илойим она тилингдан ажраб қолгин” деган маънода эди.

Воқеадан узоқлашган сайин баъзи тафсилотлар хиралашади. Ўзбек тили ҳақидаги қонунни биз фақат биринчи бандига қараб зўр қонун экан деймиз¸ аммо бу қонун моҳиятан ўзбек тили мартабасини мустаҳкамлай олмади¸ дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

– Унинг бошида “Ўзбек тили давлат тили бўлиши керак” деган модда бор эдида. Ундан уëғида 45 хат бошида “Айни пайтда ўзбек тили билан бирга рус тилида олиб борилиши керак. Фалон нарсалар рус тилида ëзилиши керак. Фалон мажлислар рус тилида олиб борилиши керак” дейдиган гаплар билан¸ фақат рус тили деган сўзнинг ўзи 45 марта такрорланган. Ўзбек тили бир марта тилга олинган бўлса¸ рус тили 45 марта тилга олинган эди. Худди шу йўл билан аслида ўзбек тилининг давлат тили бўлиши четга суриб қўйилган эди¸ дейди Гулчеҳра Нуруллаева.

Ўзбек тилига давлат мақоми берилгани ҳақидаги хотираларни эшитар эканман¸ Москвадаги Ленин музейида ишлаган танишимнинг ҳикояси эсимга тушди. Таваллуди муносабати билан “Ленин билан шанбаликда қатнашганлар кимлар эди?”¸ деб газетада эълон беришган. Бир кун ўтиб мен ҳам Ленин ëнида туриб хода кўтарганман деганлардан мингтаси қўнғироқ қилган. Агар уларга ишонилса¸ Ленин кўтарган ходанинг узунлиги километрларга чўзилиши лозим эди. Бугун ëв қочса кўпайган ботирлар фонида ўзбек тилига мақом берилишига кимлар қарши эканини яна бир эслашда хайр бор. Муҳаммад Солиҳ гапиради.

– Давлат тилига Каримовдан бошлаб Каримовнинг атрофидаги бутун мулозимлари қарши эди. Уларни ўзбек тилининг давлат тили ўлароқ қабул қилинишига мажбур қилган нарса кўча эди¸ оломон эди¸ халқ эди. Халқнинг тазйиғидан қўрқиб¸ “Жанжал чиқмасин. Халқ кўчага чиқиб¸ тартибсизликлар бошланиб¸ ижтимоий беқарорлик чиқиб кетмасин” деган қўрқув уларни бу қарорни қабул қилишга мажбур қилди. У пайт халқ уйғонган бир пайт эди¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Бугун ўзбек тилига мақом берилган кунинг 20 йиллиги куни гаплашганимиз филолог олим Иброҳим Ҳаққул ўша пайтдаги амалдор шоирларнинг иккиюзлилиги ҳақида гапирар экан¸ Абдулла Ориповнинг бир сатрини ҳам эслаб ўтди.

100 йилларки булбул каломи¸
Ўзгармайди¸ яхлит ҳамиша¸
Лекин шўрлик тўтининг ҳоли¸
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

Она тилим сен борки доим¸
Булбул куйин шеърга соламан¸
Сенсиз қолган куним¸ шубҳасиз¸
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.

http://www.ozodlik.org/content/transcript/1858389.html 

22.10.2009

(135)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (410-417-саҳифалар.)

(давоми бор)