Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(80-қисм)
Илмда
Кўча кўча-да, кўчанинг оғзини бошқариб бўлмайди, десак, туппа-тузук зиёлилар ҳам тилига парвосиз.
Бугун адабиётшунос олим “илми”ни рангли кўрсатиш учунми (аслида, илмсизлигини ниқоблаш учун) икки гапнинг бирида, масалан, “эстетик-эмоционал пафос” каби бирнималарни ёзиб энсаларни қотиради.
Тилшунос “олим”нинг илмий иши ё мақоласини эса умуман ўқиб бўлмайди: ҳар сатрида бир “лингвистик анализ”, ҳар бетида ўнлаб “нокатегориал”, “функция”, “морфема”, “аффикс”, “суффикс”, “префикс”…
Мана бу ”илмий” жумлаларни ўқиб кўринг:
“Бугунги кунда предикативликни предикатнинг субъект билан муносабати сифатида эмас, балки предикатдан англашилган мазмуннинг объектив воқеликка муносабати сифатида тушуниш…”;
“Субъект эга орқали, предикат эса кесим орқали ифодаланади. Субъект-предикат структурани ифода этган эга билан кесим гапнинг структур асоси…”;
“Ҳозирги ўзбек тилида айрим лингвистик бирликлар борки, улар полуфункционал хусусиятга эга. Полуфункционаллик тилнинг барча сатҳига хос универсал ҳодиса. Лингвистик бирликларнинг полуфункционаллиги қатор тилшунослар томонидан олға сурилган бирламчи ва иккиламчи функция тушунчаси билан узвий боғлиқ”.
Бу хил “илм”дан нимани тушуниб бўлади?
Ҳеч нимани!
“Тилшунос олим” асли тил тозалиги ва бойлиги учун қайғурадиган одамми ё тилни бузиш йўлларини ўргатадиган бузғунчими?
Қаттиқ тегиб кетса ҳам айтамиз: ўзбек тилини энг кўп тилшунос “олим”лар бузяпти! Синчиклаб ўрганилса, ўзбек тилида энг нўноқ ёзадиганлар айрим адабиётшуносу ўзини “тилшунос олим” ҳисоблаб кеккайиб юрадиган “олимча”лар бўлиб чиқади!
Бор ҳолатга қараб яна ҳам очиқроқ айтсак, бугунги ўзбек тилшунослигининг тили ўзбекча эмас! Нафақат тили, фикрлаш тарзи ҳам, назарияси ҳам, усули ва услуби ҳам, ёндашиш йўриқлари ҳам ўзбекча эмас! Ўзбек тилшунослари ўзбек тилини етти ёт бегона қолипларга солиб ўрганишнинг натижаси бу!
То миллий тилшунослик илми яратилмас экан, ҳолимиз аянчли бўлиб қолаверади. Ўзбек тилшунослиги Ғарб ва ўрис тилшунослиги мустамлакаси остидан чиқа олмаяпти, бу қуллиги (боғлиқлиги) кундан-кунга, йилдан-йилга кучайиб бормоқда!
Тилшунос ва адабиётшуносларимизнинг “илмий” мақола ва китобларини эринмай варақлаб чиқинг – бу даъвомизга истаганча далил-исбот топилади. Тилни энг севувчи ва тил қоровули бўлиши лозим бўлганлар ўзи биринчилардан бўлиб тилни бузиб турса, машҳур мақолдаги ҳол каби, додимизни кимга айтамиз?!
Мисолларни атай “Ўзбек тили ва адабиёти” жўрнолидан олдим, шунчалик. Агар техникага ё тиббиётга тегишли ёки аниқ фанларга оид адабиётни титкилаганимизда қай ҳолга дуч келардик – тасаввур қилиб олаверинглар!
Ихтиёрсиз, қўл ёқага боради. Ё тавба, худди бегона сўзларда қанақадир бошқача маъно, бошқача гўзаллик бордай ёпишамиз уларга!
Ҳеч қанақа қўшимча маъно ё сир ё чирой йўқ бу сўзларда! Фақат, миллатимиз ажнабий (айниқса Оврупа) миллатлари қаршисида ўзини кичик кўраётганидек, тилимиз ҳам ажнабий (айниқса Оврупа) тиллари қаршисида ўзини жуда кичик кўряпти, жодуланиб қолган гўё. Ўз тилимизга ишончсизлик туйғуси шундан туғилган.
Демак, умумий аҳволимиз яхши эмас. Тилнинг ўзини ўзи сақлаш қобилияти тобора пасайиб кетяпти. Бу қобилият кучли бўлганида эди, миллат тилини бошқалардан қизғанарди, четдан кирадиган сўзларга энг биринчи галда ўзи тўсиқ қўярди, тили тақдирини асло ўз ҳолига ташламас эди.
Биз унча-мунча эмас, дунёдаги миллатдошларимизни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, нуфуси қирқ милён атрофидаги катта халқмиз ва ўзбек тили шу катта халқнинг тили. Тилимизга қайғурсак, тозалигини, қадрини ва юксалишини ўйласак, миллий шаънимизни, ғуруримизни ўйлаган бўламиз. Тил, адабиёт қоровулсиз ё эгасиз қолса, миллий маданият ва маънавиятимиз ўзакдан чирий бошлаши ҳеч гап эмас, Оллоҳ асрасин.
Яъни, тилимиз палапартиш ва сурбетларча бостириб кириб келаётган ёт сўзлар ҳисобига айниб-қашшоқлашиб кетаверса, болаларимизга биздан қанақа тил қолади ва улар ўзларини қайси тил эгаси деб билишади?