Ўзбекистон ва Туркия миллий терма жамоалари ўртасида 14 августда ўтказилиши лозим бўлган ўртоқлик учрашуви мусулмон ва туркий халқлар душмани Ислом Каримовнинг талаби билан бекор қилдирилиб, ўзбек футболи ва футбол федерацияси мустабид президент қўлидаги қўғирчоқ эканлиги маълум бўлгани етмагандек, миллий футбол маҳаллий бойларга ҳам мутеъ эканлиги кун сайин ошкора бўлмоқда.
Гап шундаки, “Гулистон” профессионал футбол клубининг расмий сайтида эълон қилинган бир фотосурат Ўзбекистоннинг футболга оид интернет нашрларидаги қизғин мунозаларга сабаб бўлмоқда. Интернет тармоғида http://www.fcguliston.uz/media/photogallery/32 манзили бўйича жойлаштирилган фотогалереяда, аниқроғи, шу галереянинг 6-чи расмидаги 20-рақамли футболчи Алишер Эргашев ортиқча вазни борлигига қарамасдан “Гулистон” жамоаси таркибидан ўрин олгани ва жамоанинг баъзи учрашувларида иштирок қилиб келаётгани мухлисларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Маълум бўлишича, фотосурат “қаҳрамони” Алишер Эргашев “Гулистон” футбол клуби хомийларидан бирининг ўғли бўлиб, Тошкентдаги “Diyor-Bek Hotel” хусусий меҳмонхонанинг ижрочи директори экан. Шунга қарамасдан меҳмонхона раҳбари “Гулистон” жамоаси таркибидан ҳам ўрин олиб, футболчи сифатида клубдан ҳам маош олмоқда. Шунси қизиқ-ки, айни пайтда, яъни Олий лигада иккинчи давра учрашувлари бошланиб, “Гулистон” қатор учрашувларни ўтказаётган бир пайтда жамоа хомийларининг “эркатойи” Алишер Эргашев Ялтада дам олмоқда.
Бу ҳолат учун кимдир “Гулистон” футбол клуби хомийлари ва мураббийларини айбласа, бошқа биров ушбу аянчли аҳволга бефарқ қолаётган Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) ва Футбол федерацияси (ЎФФ)ни айбламоқда. Интернет фойдаланувчилари ва мухлислар танқиднинг “сара”сини ЎФФ президенти Мираброр Усмоновга шаънига йўллашмоқда.
Масалан, uff.uz сайтида http://www.uff.uz/news/sections/liga/86809 манзил бўйича жойлаштирилган “Сергей Лукин: Мухлислар чиройли ўйин гувоҳи бўлишди” сарлавҳали хабар остига ZENIT83 никли мухлис шундай шарҳ қолдирган: “Бу эргашев деганлари нортой филмидаги парпига ухшарканми:-)хай болапакири уйнагиси кепти уйнайверсинди”.
Ҳудди шу ҳабар остига шарҳ қолдирган QORAKUL_2011 никли мухлис бу ҳолат ҳақида: “Аҳвол шу зайлда давом этса, ҳали бу қоринбой ҳужумчини Миллий терма жамоага ҳам таклиф этишса керак (Худо асрасин). Шармандалик!!!” – деган.
Хуллас, Каримов диктатурасининг барча иллатларини – адолатсизлик, порахўрлик, таниш-билишчилик, келишилган ўйинлар, халқни алдаш ва ҳоказо жирканчликларни ўзида акс этган ҳозирги ўзбек футболи мустабид режим изидан бориб, тобора шармандали аҳволга келмоқда.
ЎХҲ ахборот бўлими