“Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг!”
Абдулла Авлоний (1874-1934)
✽ ✽ ✽
Бундан 100 йил муқаддам севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирий тўй ҳақида шундай сатрларни битган эканлар:
Қилди бу вақт бизда жавлон тўй,
Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй.
Бир-биридин ошурдилар тўйни,
Топди равнақ, ғайрат ила боён тўй.
Беш кун ўтмай тўйни сўнгидин
Кетибон мулклар боис фиғон тўй.
Боён тўйиға ерлилар қараб
Этди сарф токи тандаги жон тўй.
Эй ғанийларимиз, эй фақирларимиз,
Амр этибдурму бизға Қуръон тўй.
Мундайин ишлар шаръимизда йўқ
Кори маъжус, кори шайтон тўй.
Ишламас шундай ақллик киши,
Йўламас асло аҳли виждон тўй.
Ўтса тўй бирла ёзу қишимиз,
Айлагай бизни ерға яксон тўй.
Келингиз дўстлар, дин қариндошлар,
Ташласун бўлса гар мусулмон тўй.
✽ ✽ ✽
Хонанда Азиза Ниëзметова: “Ўзбекистонда тўйга 50-60 минг доллар кетади. Келин кўйлаклар ижараси 500 доллардан тортиб 10-15 минг долларгача”.
✽ ✽ ✽
Биз шундай қавммизки, биргина муаммони 100 йилда ҳам ҳал қилолмаймиз. Тўғри, гапираверамиз, чайнайверамиз, аммо-лекин ҳал қилолмаймиз. Бу ҳақда керак бўлса бутун халқ гапиради: шоҳу гадо, олиму оми, шоиру ёзувчи, деҳқону дурадгор, хуллас гапирмаган одамнинг ўзи йўқ. Натижа эса ҳар доимгидек нолга тенг.
Билиб қўйинг, биз шундай қавммиз!
Кимки бизнинг “қудратимиз”га шубҳа билан қараса, бизнинг тўй-ҳашамларимиз, маърака ва маросимларимизга боқсин!
Жаноб Камина
✽ ✽ ✽
ТЎЙ ФОЖЕАСИ (“Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй”)
Яқинда эндигина элликка кирган яхши бир акани тупроққа қўйдик. Ичагида яраси бор экан. Шу очилиб кетибди. Аммо бу одамни ўлдирадиган дард эмас. Ҳарқалай, қолоқ бўлса ҳам медицинамизнинг бунга ақли етади. Бироқ марҳум шифохонага бормаган.
— Нега шифохонага олиб бормадингизлар? — дедим ҳайрон бўлиб.
Аёли ерга қарайди. Болалари онасига хўмраяди. Бир амаллаб масаланинг тагига етдим.
Ака яқинда набирали бўлибди. Тўнғич қизи ўғилли бўлиб, шунга бешик тўйи олиб бориши керак экан. “Бешик тўйи”нинг харажати катта эмиш. “Агар мен касалхонага тушиб қолсам тўй беролмай қоламиз”, деб ота шўрлик шифохонага бормаган ва бир ҳафта давомида қон туфлаб юраверган.
— Бир неча марта айтдим, лекин ҳар сафар: “Қудаларнинг олдида уятли бўлиб қоламиз, қизингнинг кўнгли ўксийди”, деб бормадилар, — дейди аёли.
Хуллас, шу одам ўлди. Бир тийинга қиммат анъанани, бемаврид ғурурни деб ўлиб кетди.
Муҳтарам ўзбеклар, тўйлар фожеасидан қачон қутилади? Қачон эс киради бизга? Биз қачон тонналаб гуруч дамлаб тўй қилишнинг фазилат эмаслигини тушунамиз?
Ажабо, бир аср илгари Беҳбудий ҳазрат ҳам худди шундай нолиб ёзган эканлар. Орадан 100 йил ўтибди ҳамки, ҳамон ўша “қўшиқ”!
Алишер Назар
✽ ✽ ✽
Аллоҳ таоло “Исро” сурасининг 16- оятида айтади:
«Биз қачонки, бирор шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг бой-бадавлат маишатпарастларини (биз юборган пайғамбарларга ва бизнинг буйруқларимизга итоат қилишга) амр қилурмиз, бас, улар у (шаҳар)да фисқ – итоатсизлик қилурлар. Шунда у (шаҳар аҳлига) «Сўз» (азоб тушиши) муқаррар бўлур. Бас, Биз у (шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз».
Манба: sof.uz