…20 декабр, Муҳаммад Солиҳ таваллуд топган кун арафасидаги ҳаёллар
1
Ўзини топиш учун гапирар биров,
Бировлар, ўзлигидан кечмоқлик учун.
Вақт дегани тўхтамас, ўчмас бир олов,
Умрлар, лаҳзалардан сачраган учқун.
2
Бир замонлар, улканроқ эдим,
Лоқайдлик асари урмасдан бурун.
Худбин бўлиб бир кун панд едим,
Тирноқлаб йиққаним, совурдим барин.
3
Одам кўксидаги темир қафасда,
Юракдан бошқа ҳам нимадир ёнар.
У отсиз нарсани ким бир нафасда,
Кимдир ўлаётиб, қон қусиб топар.
4
Вагонлардек қисқа умр ичинда,
Кафтда китоб ушлаб, ҳечам чарчаманг.
Релес бўлиб сунинг кўҳна очунда,
Дарёлардек шошинг, елдек очқаманг.
5
Қайси маконда яшайди оғриқ?
Суратини чиза олурми, вужуд?
Таассуротлар магар шунчалар илиқ,
Демак-ки, оғриқнинг шакли ҳам мавжуд.
Таассуротлар совуқ бўлса ҳам барбир,
Оғриқни чеккага чиқариш қийин.
Дардларсиз, яшашлик – бўшлиқдек долғир,
Оғриқ хумор этар, улғайган сайин.
7
Бобом қурган бино қартайиб қолди,
Изғиринни аввал қилмасди писанд.
Йиллар бўронида, карвондек толди,
Оддий шабада ҳам, энди унга дард.
Эҳ-э, нималарни кўрмади, бу уй,
Чивинларга қалъа бўлди тўрт девор.
Кимлар, бунда йиғлаб, кимлар чалди куй,
Энди унинг ўзи, тузалмас бемор.
8
Гулларнинг бўғзидан “чирт” узиб, қўллар,
Совуқ шишаларга қамайдилар, сўнг.
Рангсизлик қонига ғарқ бўлган бошлар,
Милтирар, шишадан хонага маҳзун.
Ғунчанинг ҳуснига бўлиб маҳлиё,
Нафис бир вужудни қалб қилди хазон.
Гўзаллик расмини қилганлар даъво,
Дидингиз шунчалар эдими, арзон?
9
Хуллас, ўтиб кетди эски даврлар,
Яланғоч фикрлар замони келди.
Эсини танигач, ҳатто гўдаклар
Шалворини ечиб, қўлига олди.
Катталар ўргатди, ҳамма балони,
Фикрсизлик юртга ҳужум бошлади.
Унутдилар, Қуръон билан Аллоҳни,
Олимларни оми ютмай, ошлади.
10
Тунлар карвонининг ортида,
Унутилган қора қуёш бор.
Унда мукка тушган донолар,
Китоб ўқимоқлари душвор.
Намоз ўқир, улар тун бўйи,
Тонгнинг отишидан умидвор.
Дарвозанинг олдида соқчи
Киприк қоқмай, турибди ҳушёр.
Қўриқлашдан мақсад қалъани:
Тонгга ўхшаш оқ одамлар бор.
Оқ бўлсалар ҳам улар хавфли,
Қорага ҳам тикадилар, дор.
11
Қоғоз пуллар, гулга айланди,
Тувакка ёйилиб кетди ўқ илдиз.
Қариб, сахий бўлганда бахил,
Қолди ўзи уйида ёлғиз.
Тувакдаги гуллардан бошқа
Қолмаганди бирор яқини.
Аждарҳога айланиб бир тун,
Гуллар ютди, охир қарини.
Ёлғизликка бермадилар дош,
Ўзбек эмас эдилар улар.
Талончини қароқчи урди,
Миллатпарвар чиқди, бу гуллар…
Эски бир “Эрк”чи