O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбек ўрдуси қаердан бошланади?

Ўзбек ўрдуси қаердан бошланади?
506 views
25 August 2021 - 11:08

Одам (Ато) замонидан бугунги кунгача бирор

подшоҳнинг сипоҳи туркникидек муяссар бўлмаган.

“Тўрт улус тарихи”дан

Ҳозир ҳам Ўзбекистон Қуролли кучлари ва куч ишлатар тизимларида старщина, пропорщик, сержант, матрос, офицер, лейтенант, капитан, майор, подполковник, полковник, генерал, округ каби собиқ совет армиясидан мерос ҳарбий унвон ва атамалар қўлланади ва бугун ҳам улар ҳарбий луғатимизнинг асосий қисмини ташкил этади. Биз эса аждодларимиз асрлар давомида оврўосиё ерларида ҳукмронлик қилган, империялар қурган, ўрта асрларда уларнинг ҳарбий салоҳияти дунё миқёсида энг илғор бўлган, деб ғурурланамиз. Аммо ана шу миллий тарихимизга бугунги Қуролли кучларнинг мутлақо алоқаси йўқдай.

МИЛЛИЙ ЎРДУМИЗ ҚИЗИЛ АРМИЯ ВОРИСИМИ?

Бу саволга тасдиқ жавоби беришга мажбурмиз. Чунки бугунги ўрдумиз (биз “ўрду” сўзини “армия” маъносида қўллаймиз) на шаклан ва на моҳиятан ўтмишдаги тарихий ҳарбий анъаналарга интилади, гўёки юз йиллик жарлик миллий тарихимизни иккига бўлиб қўйгандек, аждодларимиз ҳарб иши билан умуман шуғулланмагандек.

Афсуски, инсоният тарихи урушлар тарихи ҳамдир. Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам барча империялар қон эвазига қурилган. Қурол тутишдан икки мақсад кўзланади: уруш ва мудофаа. Мудофаа нуқтаи назаридан ҳарб иши бугун ҳам аҳамиятини йўқотмаган.

Расмий ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон Қуролли кучлари тарихи мустақилликдан кейин бошланади ва 1992 йилнинг 14 январи унинг туғилган куни ҳисобланади. Нафақат Ўзбекистон, кўпчилик собиқ иттифоқ таркибида бўлган республикаларда ҳам аҳвол шундай, фақат Озарбойжон ўз қуролли кучларини 1918 йили ташкил этилган деб ҳисобларкан.

Бошқа бир туркий мамлакат – Туркия эса ўз Қуролли кучлари (Türk Silahlı Kuvvetleri) тарихини расман эрамизнинг 209 йили, яъни Хунлар империяси асосчиси ва биринчи ҳукмдори Мете хон (Модэ шанюй) нинг тахтга ўтириши санасидан бошлайди. Хунлар империяси, Турк хоқонликлари, салжуқийлар, усмонли давлати даврлари бугунги Турк силаҳли қувватлари тарихининг босқичлари ҳисобланади. Қуролли кучларнинг бундай улуғвор тарихга эга бўлиши аскарларда жанговар руҳ, ватанпарварлик туйғусини шакллантириш учун муҳим. Тарихдан биламизки, Чингизхон, Амир Темур каби жаҳонгирлар оз киши билан катта қўшинларни мағлуб этганларида уларнинг лашкари ичидаги жанговар руҳ муҳим рол ўйнаган. Бобур ҳам ўзидан бир неча баробар кўп қўшинга эга Иброҳим Лўдий ёки Рана Сангаа каби рақибларини мағлуб этганда ўрдусида жанговар руҳ баланд бўлганлигини қайд этган. Хусусан, Гулбаданбегим “Ҳумоюннома”да Панипат жанггида Лўдийнинг 180 минг отлиқ аскари ва 1500 фили бўлганлигини, Бобурнинг эса: “аскарлари савдогарлар ва яхши-ёмон билан қўшганда 12 минг кишидангина иборат бўлиб, булар ичида жангга қатнаша оладиган қисми фақат 6-7 минг кишигина эди”, деб ёзади[1]. Албатта, бу рақамларда муболаға ёки ноаниқликлар бўлиши мумкин, лекин рақибига нисбатан Бобур лашкари камсонли бўлгани тарихий ҳақиқат.

Аслида, бугунги Ўзбекистон Қуролли кучлари ҳам ўз тарихини, Турк Силаҳли қувватлари каби, хунлар давридан бошлаши, чингизийлар, темурийлар, бобурийлар, шайбонийлар ва кейинги даврларда мавжуд бўлган ҳарбий анъаналарни мерос ўлароқ қабул қилиши мумкин.

Тарихдан биламизки, “турк” исми ўтмишда деярли “жангчи”, “ҳарбий” сўзларининг маънодоши каби янграр, кўпчилик эр кишилар учун ҳарб иши касб, турмуш тарзига айланган, шу боис турк тилларида ҳарбий сўз ва атамалар ҳам кўп бўлган. Хўш, ана шу тарих, ҳарбий сўз ва атамалар бугунги қуролли кучлар учун ҳам мерос, хом ашё бўлиб хизмат қилиши мумкинми?

Бу борада ҳам турк қардошларимиздан ўрнак олса арзийди. Ҳозирги кунда туркий давлатлар ичида энг замонавий, энг йирик ўрдуга эга мамлакат бу Туркиядир. Қолаверса, Турк ўрдуси НАТО (Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти) таркибида ҳам нуфузига кўра АҚШ дан кейин иккинчи ўринда туради. Аммо бу Турк ўрдусида қадим туркий атамаларнинг қўлланилишига, ўзини хунлардан то Усмонли давлатигача бўлган турк ҳарбий тарихи давомчиси деб билишга монелик қилмайди. Яъни, бугунги турк ўрдуси ўзида энг қадимийлик ва энг замонавийликни мужассам эта билган.

Турк ва озарбойжон қардошларимиз бугунги кунда “армия” ўрнида “ўрду” сўзини қўллайди, нега бизда “армия” сўзидан ҳали ҳам воз кечилмаган? Ёки тилимизда шунга муносиб бир сўз йўқми?

Аслида, “ўрду” сўзи бизга яқинроқ, десак нотўғри бўлмайди, Навоий, Бобур асарлари ва бошқа манбаларда ҳам бу сўзни кўп учратамиз. “Девону луғотит-турк”да: “орду – шоҳ турадиган шаҳар, ўрда”, деб изоҳланган[2]. Яъни, “ўрду” ва “ўрда” бир сўз. Аммо ҳар доим юриш, урушда бўлган турк хоқонларининг қароргоҳи ҳам кўчиб юрганлиги учун “ўрду”, “ўрда” сўзлари кўпроқ “ҳарбий лагер” маъносини касб этган. “Бобурнома”дан ўқиймиз: “Бизнинг ўрду била мирзоларнинг ўрдусининг ораси бир шаръий бўлғай эди[3]”. Кўриниб турибдики, бу ерда “ўрду” – бир жойда муқим турган шаҳар маъносида эмас, “ҳарбий лагер”, “армия” сўзининг деярли маънодоши сифатида ишлатиляпти. “Ўрду” “Бобурнома”да энг кўп қўлланган сўзлардан биридир. Ҳиндистондаги мусулмон қатлам сўзлашадиган тил ҳам кейинчалик ўрдуга, бобурийлар давлатига дахлдор тил сифатида “ўрду тили” номини олди.

Шу ўринда маъно жиҳатидан “армия”га яқин баъзи сўзлар хусусида ҳам бироз тўхталиб ўтсак. Адабиётларда “лашкар / сипоҳ / черик / қўшин тортиб…келди”, қабилидаги ибораларни кўп кўрганмиз. Ўтмишда форсча “лашкар” ва “сипоҳ” сўзлари кенг қўлланилган, аммо бу сўз русча “войско” атамасига кўпроқ тўғри келади. Шу маънодаги энг қадимий туркий сўзлардан бири – “черик”дир. XI аср шоири Юсуф Хос Хожиб “Қутадғу билиг”да шундай ёзади:

“Қайусы чэрикдǝ қылыч балду йэр,

Қайу жан йулуғлар йатыб жан бэрир[4]”.

(Мазмуни: “айримлари лашкарда (уруш пайтида. А.Ҳ.) қилич ва болтадан зарба ейди, баъзилари жон фидо қилади, ётиб жон беради”). Мазкур байтда жанг майдонидаги лашкар кўзда тутилган, “Девону луғотит-турк”да ҳам: “чӭрик – уруш сафи”, деб изоҳланган[5]. Манбаларда “черик” сўзи “лашкар” (“войско”), баъзан “алоҳида аскар” маъноларида келади. Бу сўз мўғул тилига ҳам ўтган ва ҳозир ҳам “черик” (“цэрэг”) мўғул тилида “аскар”, “ҳарбий” маъноларида ишлатилар экан. Усмонли давридаги “yenıçerı” (“яничери” – “янги черик”, яъни “ёш аскар”) атамасида ҳам “черик” сўзи “аскар” маъносида иштирок этган.

“Қўшин” сўзи ҳозир ҳам тилимизда фаол истеъмолда. “Чегара қўшинлари”, “пиёда қўшинлар”, “қоровул қўшинлари” ва ҳоказо деймиз, яъни бу сўз муайян ҳарбий қисм (русча: “войско”) маъносида ҳарбий луғатимиздан мустаҳкам ўрин олган. Аммо Чингизхон даврида “қўшин” бироз бошқачароқ маъно билдирган. Бу сўзнинг асли – мўғулча “пона” маъносидаги “хошун” бўлиб, Чингизхон даврида душман лашкарини ёриб ўтиш учун махсус учбурчак пона, ўткир тиғ шаклида тизилган, тез ҳаракат қиладиган отлиқ ҳарбий қисмга нисбатан “хошун” дейилган.

Қадимда “қўшин”, “лашкар” маъносида яна бир туркий сўз бўлган. Кул тигин, Билга хоқон ва бошқа тошбитикларда дарж этилган бу сўз – “сў” (“sü”) бўлиб, “Девону луғотит-турк”да: “سُو сў – аскар”, деб изоҳланган. “Девон”да келтирилган: “Сў кӭlдi jӭр jапа…” – яъни, “ер юзини қоплаб (ёпиб) лашкар келди…” мисолидан “сў” – ҳам “алоҳида аскар”, ҳам “лашкар” маъносида ишлатилгани англашилади[6]. Билга хоқон тошбитигидаги: “їlki sü tašїqmiš ẹrti” (“олдиндаги илғор ҳарбий қисм қўшиндан олдинга ажралиб чиқди”), жумласида “сў” – “қўшин” (“войско”) маъносида келган[7].

Хуллас, “армия” сўзи “черик”, “лашкар”, “сипоҳ”, “қўшин”га нисбатан бироз кенгроқ маънога эга, кўпгина мамлакатларда давлат раҳбари ҳам “бош қўмондон” сифатида армияга дохил ҳисобланади, шу нуқтаи назардан, “армия”га “ўрду” сўзи кўпроқ мувофиқ келади. Қолаверса, турк ва озарбойжон қардошларимиз томонидан бу сўз муваффақиятли истифода этилаётган экан, уларга яқинлашиш, умумтуркий меросга ворислик маъносида ҳам бу сўзни қўллаш муҳим ва шу сабабдан ушбу мақолада биз “ўрду” сўзини “армия” ўрнида қўлламоқдамиз.

СЎ”НИНГ ИККИНЧИ УМРИ

“Сў” сўзининг Кул тигин, Билга хоқон каби VII аср ёдгорликларида дарж этилгани унинг жуда қадимий эканлигидан далолат беради. XI аср ёдгорлиги – Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ҳам бу сўзни кўп учратамиз. Хусусан, “лашкарбоши” маъносида “Қутадғу билиг”да “сү башчысы”, “сү башлар”, “исфаҳсалар” (“сипоҳсолор”) сўзлари қўлланилган[8]. XIV аср шоири Қутб Хоразмий замонида ҳам бу сўз фаол истеъмолда бўлган. Мана, Қутбнинг “Хусрав ва Ширин” достонидан “сў”га бир мисол: “Ҳазимат болди Рум султани сўси” (“Рум султонининг лашкари қочди”)[9].

“Сў” сўзи бугун ҳам Турк ўрдусидаги “офицер” маъносидаги “subay” (“su+bay”) атамасида яшаб келмоқда. Бу атаманинг иккинчи бўлаги: “-bay” – тилимиздаги “бек”, “бей” сўзидир. Яъни, “subay”нинг луғавий маъноси: “сў беги, аскарларнинг бошлиғи”, демакдир. “Subay” (сў беги) “Қутадғу билиг”да зикр этилган “сү башчысы” калимасининг усмонли туркча кўриниши, дейиш мумкин.

Айни пайтда, Турк қуролли кучларида “subay”дан бошқа атамалар ҳам ясалган: 1. Astsubaylar (яъни, ост сўбейлар) – курсантлар; 2. Subaylar – кичик офицерлар таркиби; 3. Üstsubaylar (яъни, уст сўбейлар) – катта офицерлар таркиби. Кўриниб турибдики, турк қардошларимиз мингйилликларни босиб ўтган “сў” сўзини бу ўта эски сўз, оврўпоча “офицер” сўзига муносиб эмас демаган, балки унга янгича маъно юклаб, қайта ҳаёт бахш этган.

Кўпгина мамлакатларда куч ишлатар ва бошқа ҳукумат тизимларида доимий хизмат қилувчи расмий ходимларга нисбатан “офицер” (L>fr. Officier) дейилади. Мустақилликдан кейин Ўзбекистонда “офицер” маъносида “зобит” сўзи қўлланила бошлади. Асли арабча “зобит” (“ضَابِطٌ”) – “офицер, идора этувчи, забт этувчи” каби маъноларга эга, “зобита” эса – “тартиб, қоида, тизим”, айни пайтда, араб тилида “зобита” – “полиция” ҳамдир[10]. Яъни, “зобит”нинг луғавий маъноси оврўпоча “офицер”га тўла мос келади. Навоий ҳам бу сўзни “сипаҳдор зобит”, яъни “бошқарувчи”, “қўшин бошлиғи” маъносида қўллаган[11]. Аслида, “зобит” мустақилликдан олдин ҳам тилимизда “офицер”нинг маънодоши сифатида ишлатилган, 1981 йили чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам бу сўз “офицер” деб изоҳланган ва ушбу мисол келтирилган: “Буни менга бир турк зобити ўргатган эди. А.Қаҳҳор, Сароб”[12]. Қолаверса, Озарбойжон қардошларимиз ҳам “офицер” ўрнида “зобит”ни қўллайди. “Зобит” ҳақида батафсилроқ тўхталишимиз боиси – сўнгги йилларда Ўзбекистон расмий ҳужжатларида “зобит” эмас, “офицер” кўпроқ кўзга ташланяпти, яна “зобит”дан кечиб “офицер”га қайтилаётгандай. Бу эса ҳали ҳам бу борада бир тўхтамга келинмаганидан дарак беради.

СЕРЖАНТМИ  Ё  ЧОВУШ?

Бугунги Ўзбекистон куч ишлатар тизимларида энг қуйи командирлар таркиби – сержантлар таркиби бўлиб, кичик сержант, сержант ва катта сержант даражаларига бўлинади. Ваҳоланки, Турк ва Озарбойжон қуролли кучларида “сержант” ўрнида соф туркча “човуш” (“çavuş”) ишлатилади. Бу қадим туркий сўзга бобомиз Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит-турк”да шундай изоҳ беради: “чаwуш – жангда сафларни тузатувчи, дам олиш вақтида аскарни зулм қилишдан сақловчи бошлиқ[13]”. “Човуш” сўзини Навоий асарларида ҳам учратамиз. “Садди Искандарий”дан бир байт:

“Рикобингда човуш ўлуб Жабраил,

Бу маъниға меърож шоми далил”.

“Навоий асарлари луғати”да: “човуш – 1.Ҳудайчи (арзга келган кишиларни шоҳга рўпара қилувчи ва кузатувчи амалдор); 2. Эшик оғоси; 3. Хизматкор, навкар”, деб изоҳланган[14]. Қардошларимиз ҳамон асраб келаётган бу сўзни биз негадир унутганмиз. Аслида, французча “сержант” (“sergent”) ҳам “човуш” сингари “кичик ҳарбий хизматчи” маъносини билдиради (“être au service de…” – “… хизматда бўлиш”[15]). Ўйлаймизки, биз ҳам французча “сержант” ўрнида қардошларимиз сингари соф туркча “човуш”ни қўлласак, тилимизни бир чет сўздан тозалаш билан бирга боболаримиз Кошғарий ва Навоийларнинг ҳурматларини ҳам бажо келтирган бўлармидик. “Сержантлар таркиби” эмас, “човушлар таркиби” десак тўғрироқ бўлади.

ЭСКИ АТАМАЛАР ВА ЯНГИ МАЪНОЛАР

Атоқли олим Бўрибой Аҳмедов ўзининг “Соҳибқирон Темур” китобида ёзади: “Темур ва Темурийлар қўшини жанговар тузилиши жиҳатдан Ўғузхон ва Чингизхон қўшинига ўхшаш эди. У отлиқ ва пиёда қисмлардан иборат бўлиб, ўнлик, юзлик, минглик ва туманларга бўлинган. Лашкар фақат ҳарбий юришлар олдидан тўпланган[16]”.

Мазкур иқтибосда Ўғузхон номи ҳам тилга олинган. Ўғузхонни кимдир миф, кимдир тарихий шахс деб билади. Гап бу ерда Ўғузхон ҳақда эмас, балки кўпгина ҳарбий анъаналар илдизи олис ўтмишга бориб тақалиши ҳақида. Аммо ўрта асрларда мавжуд бўлган аксарият ҳарбий тартиб-қоидалар тамал тоши Чингизхон томонидан қўйилганлигини эътироф этиш керак.

Барча кўчманчи империяларда бўлгани каби Чингизхон даврида ҳам аҳоли ва ўрду (армия) битта нарса эди. Тинчлик пайтида аҳоли чорва ёки рўзғор ишлари билан шуғулланиб, уруш пайтида черикка айланган. Чингизхон ўзига бўйсунган уруғ ва қабилалар, улусларнинг уруш пайтида тезда ясолда ўз ўринларини эгаллашлари учун уларни ўнлик, юзлик, минглик ва туманларга бўлиб чиққан (мўғулча: аравт – ўнлик, арван цэрэг – ўн черик; зуут – юзлик; мянгат – минглик; түмт –туман, ўн минг).

Ўнлик (арван) – рус армиясидаги “взвод”га мувофиқ келади, ўнлик таркибига черикка ўн навкар бера оладиган бир оила ёки қариндошлардан иборат бир неча оила тўпи кирган. Тинчлик пайтида улар ўз юмушлари, чорваси билан машғул бўлишган, уруш пайтида ўнбоши (арван) бошчилигида ясолдаги ўз ўрнини эгаллаган.

Ўнта ўнлик бир юзликка (зуут) бирлашган ва уларга бошлиқ – бир юзбоши (зуун, зуутын ноён) тайинланган. Ўз навбатида ўн юзлик бир мингликка (мянгат ) бирлашган ва уларга бир мингбоши (мянган, мянгатын ноён) тайинланган. Мингликлар эса туманларга бирлашган. Бу атамалар Чиғатой улуси ва Жучи улуси (Олтин Ўрда) да ўнбоши, юзбоши, мингбоши, туманбоши ёки туманбеги шаклларини олади. Чингизхон ўрнатган бу тартибга темурийлар, бобурийлар ва бошқалар ҳам амал қилдилар.

Темур ўрдусида ҳам ўнбоши (айлбоши), юзбоши (қўшинбоши), минг боши (амири ҳазора), туманбеги (туман оға), бекларбеги, амирул-умаро ва бошқа ҳарбий лавозимлар бўлганлиги маълум. Бу атамаларнинг ҳаммаси ҳозирги кунда тилимиздаги архаик сўзларга айланган. Уларга тарихий асарларда дуч келамиз холос.

Аммо Турк қуролли кучларида бу атамаларнинг баъзилари ҳамон яшаб келмоқда. Хусусан, “ўнбоши” (“onbaşı”) ҳарбий рутбаси ҳозир ҳам Турк қуролли кучларида мавжуд бўлиб, биздаги “кичик сержант” ёки кўпгина оврўпо мамлакатларидаги “капрал” унвонига тўғри келади.

“Юзбоши” (“yüzbaşı”) – ҳозирги Турк ўрдусида “капитан” (фр. “capitaine”) ўрнида ишлатилади. Ўзбекистон қуролли кучларида кичик офицерлар таркиби: “лейтенант”, “катта лейтенант” ва “капитан” рутбаларини ўз ичига олади. Агар асли французча бўлган мазкур ҳарбий атамаларнинг луғавий маъносига эътибор қилсак, ҳеч қандай мураккаблик йўқ. Айтайлик, французча: “capitaine” – лотинча “caput”, яъни “бош” сўзидан ясалган бўлиб, “бошлиқ” деган маъно билдиради[17]. “Лейтенант” (“lieutenant”) эса – французча: “lieu” – “ўрин”, “tenant” – “олувчи, эгалловчи” сўзларидан ясалган ва “ўринбосар, ноиб” демакдир. Яъни, капитан бу – бошлиқ, лейтенант эса унинг ўринбосари, ноиби. “Лейтенант” деганда биз “ўринбосар” сўзини бошқа тилда айтамиз холос. Турк қуролли кучларида “лейтенант” рутбаси учун ҳам соф туркча атамалар қабул қилинган:

  1. Asteğmen – кичик ўринбосар – кичик лейтенант;
  2. Teğmen – ўринбосар – лейтенант;
  3. Üsteğmen – катта ўринбосар – катта лейтенант;
  4. Yüzbaşı – юзбоши – капитан.

“Темур тузуклари” Темур ўрдусидаги ҳарбий рутбалар ҳақида маълумот берувчи муҳим манбадир. Хусусан, “Амирлик ва ҳукмдорлик тузуги”да Темур 313 хос навкарига амирлик мансаби бериб, уларнинг ҳар бирига ўринбосар тайинлаганлиги айтилади ва нима сабабдан ноиб тайинланишига тушунтириш ҳам берилади: “Агар амирлардан бирортаси вафот этса, у ҳолда ўринсобар унинг ўрнига ўтиради ва уни “амирликка номзод” (мунтазир ул-аморат) деб атайдилар[18]”.

Шунингдек, бугунги Турк қуролли кучларида “мингбоши” (“binbaşı”) рутбаси ҳам мавжуд бўлиб, у оврўпо мамлакатларидаги “майор” ( “major”) унвони ўрнида ишлатилади. Турк қуролли кучларидаги бу соф туркча унвонлар, айни пайтда, НАТО да ўз кодларига эга.

(Давоми бор)

Абдувоҳид ҲАЙИТ

[1] Гулбаданбегим. Ҳумоюннома //Форс тилидан С. Азимжонова тарж. Т.: “Маънавият”, 1998.–104 б. 35-бет.

[2] Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк. Т.: «Фан» I том. 1960 −500 б. 145-бет.

[3] Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Т.: “Шарқ” НМАК, 2002, – 336 бет + 32 бет зарварақ. 143-бет

[4] Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг. Т.: “Фан”. 1971. – 964 б. 300-бет.

[5] Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк. Т.: «Фан» I том. 1960 −500 б. 369-бет.

[6] Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит-турк. III том. Т.:”Фан”. 1963 − 463 б. 226-бет.

[7] Древнетюркский словарь. Ленинград. “Наука”. – 1969. 516-бет.

[8] Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг. Т.: “Фан”. 1971. – 964 б. 374-бет

[9] Фазылов Э.И. Староузбекский язык. Хорезмийские памятники XIV века. Т.: “Фан”, II том, 1971. 313-бет.

[10] Баранов Х.К. Арабско-русский словарь. М.: Русский язык, 7-е изд. 1989. – 928 с. 454-бет.

[11] Навоий асарлари луғати. Порсо Шамсиев таҳрири остида.-Тошкент, 1972. -784 б. 254-бет

[12] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. М.: Рус тили, 1981. Икки томли.I – 632 б.; II –715 б. I-том, 308-бет.

[13] Маҳмуд Кошғарий. Девону луғотит турк. I− III.-Тошкент, 1960−1963. III−463 б. 349-бет.

[14] Навоий асарлари луғати. Порсо Шамсиев таҳрири остида.-Тошкент, 1972. -784 б. 681-бет.

[15] Le Petit Robert. Dictionnaires. Paris.2006. page 2412.

[16] Бўрибой Аҳмедов. Соҳибқирон Темур. Т.: Абдулла Қодирий нашриёти, 1996. 20-бет.

[17] Le Petit Robert. Dictionnaires. Paris.2006. p.347

[18] Темур тузуклари. Т.: Ғ.Ғулом нашриёт-матбаа юирлашмаси. 1991. – 144 б. 78-бет.