Шу йилнинг 9 ноябр куни эрталаб Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасининг Ғишткўприк чегара-назорат ўтказиш постида тахминан 40 ёшлардаги аёл вафот этган. Бу борада Фарғона.ру ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Шахси номаълум қолаётган марҳума чегарадан ўтиш учун навбат кутиб турганида ўзини ёмон ҳис қилган. Гувоҳларнинг айтишича, қийналиб нафас олиб турган аёл бутунлай ҳолсиз бўлиб йиқилгунча тик туришда давом этган.
Айтилишича, рация орқали чақирилган Тез ёрдам гуруҳи воқеа жойига кечикиб етиб келган.
Фарғона.ру ахборот агентлигига гапирган гувоҳларнинг тахминича, аёл юрак хуружи ёки мияга қон қуйилишидан жон берган бўлиши мумкин.
Айни пайтда, мазкур воқеа ортидан Қозоғистонга ўтмоқчи бўлган йўловчилар чегарада узоқроқ туриб қолишга мажбур бўлган.
Маҳаллий кузатувчилар мулоҳазасича, бундай ҳодисалар Ўзбекистоннинг қўшнилари Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегара масканларида аввал ҳам кузатилган.
Айтилишича, хусусан, Ўзбекистон чегара постларида хавфсизлик ва қонун ижроси важидан йўловчилар соатлаб текширилади. Бунинг ортидан юзага келган тиқилинчлар ва узоққа чўзилган навбатларда ёш болали аёллар ва қариялар изтироб чекади. Айрим ҳолларда нохуш воқеалар келтириб чиқаради.
Кечаги воқеа гувоҳларининг айтишича, бундан икки йил аввал айнан Ғишткўприк чегара-назорат ўтказиш постида тиқилинчда қолган 78 ёшли ўзбек аёли юрак хуружидан ўлган эди.
ЎХҲ ахборот бўлими