O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзбек ҳукумати “зарарсиз” деган қум бўронини NASA “мисли кўрилмаган” деб баҳолади

Ўзбек ҳукумати “зарарсиз” деган қум бўронини NASA “мисли кўрилмаган” деб баҳолади
194 views
13 November 2021 - 11:31

АҚШ Коинот агентлиги – NASA Тошкентда юз берган қум ва чанг бўронининг ўз сунъий йўлдошидан олинган фотосуратини 11 ноябрнинг Кун сурати деб эълон қилди.

NASA хабарида таъкидланишича “бу ғайритабиий чанг бўрони антициклон бўрони самарасидир ва унинг тезлиги соатига 55 мил (88,5 километр) ни ташкил қилган”.

NASA чанг бўронининг “бир қисми Қозоғистоннинг Туркистон вилояти шимоли-шарқидаги қуриган яйловлар ва ўтлоқлардан” келганини билдирди.

“Ўзгидромет”нинг расман билдирилишича, сўнгги 150 йилда Тошкентда бу каби чанг ва қум бўрони кузатилмаган. Бўрон оқибатида Тошкент шаҳрида ҳавонинг қаттиқ зарралар билан ифлосланиш даражаси бир куб метрга 18 минг микрограммни ташкил қилган. Бу эса белгиланган хавфсиз меъёрдан 30 баробарга кўпдир.

“Агар ўлчовларга ишонилса, демак, бу ҳақиқатан ҳам ҳавонинг қаттиқ зарралар билан ифлосланиш даражаси экстремал ва фавқулодда даражага етганини англатади”,– деб билдирди NASAга Техас университетининг атмосфера бўйича мутахассиси Томас Гилл.

АҚШ атроф-муҳитни ҳимоя қилиш агентлигининг билдиришича, АҚШда зарарли қаттиқ моддаларнинг шаҳарлар атмосферасидаги кунлик меъёри бир куб метрга 150 микрограммдан ошмаслиги шарт.

9 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар Академияси Биоорганик кимё институти олимлари чанг таркибини ўрганиб чиққани ва қум бўронидан сўнг Тошкентга чўккан чанг таркибида оғир металлар, тузлар, инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.

4 ноябрь куни Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида бошланган кучли қўм бўрони Тошкент шаҳрига ҳам етиб келган эди.

Ўшанда мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлган Тошкентда маҳаллий вақт билан соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори рухсат этилган меъёрдан 30 баробаргача кўтарилгани қайд этилди.

Шу куни пойтахт ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди.

Манба: Озодлик радиоси