Тошкентда кўп мактаб, боғча ва бошқа муассасаларда арча байрами ўтказишга рухсат этилмагани билан, Қорбоболар барибир маҳаллаларга чиқиб, аҳолини янги йил билан табриклади. Лекин бу йилги Қорбоболар аввалгилардан бошқача, ўзга сайёралардан эканлиги маълум бўлиб қолди. Айтишларича, Тошкентнинг қадим ўн икки дарвозаси ўрнида ўн икки Қорбобони кутиб олишган.
“Самарқанддарвоза”га ташриф буюрган Қорбобомиз топишмоқчи экан. Мана, у маҳаллани ўйлатиб, жиддий ишга бел боғлатган топишмоқ: “Сиёсий фанлар доктори, профессор, ўнлаб касб-қорларнинг эгаси, тикувчи, қўшиқчи, шоира, раққоса, дизайнер, сценарист, публицист, ишбилармон, тадбиркор, қайга узатса етган қўли фақат битта нарсага етмай турибди, у ким?”
– Шу ҳам топишмоқ бўптими? Диктатор Каримовнинг қизи Гулнора-да!
– Қўли етмай турган нарса нима экан?
– Президентлик.
– Яшанг! Топдингиз, мана сизга янги йил совғаси.
Қорбобо совғасини бераркан, “топишмоқни топишга топдингиз, лекин сиз шунга розимисиз, шу ҳақда ўйланг”, деганича қўшнилар орасида бир тортишувни бошлаб кетди.
– Сиёсий фанлар доктори бўлгани билан сиёсатдан» «ғирт ноль» бу хоним қандай қилиб сиёсатга аралашиб юрганига ҳеч тушуна олмайман-да. Хоббиларини санасангиз юзтача бор-ов. “Фонд Форум”ининг Президенти бўлиб юравермайдими?
– Э, каллангизга балли. Бу хоним ўзи Ўзбекистоннинг барча вазирлик ва бошқармаларига иш қолдирмади, ҳаммасини тортиб олди, олмоқда. Маданият вазирлиги ишлайди, номи буники, соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам “отставка”га чиқиб, дўхтирлари-ю, барча ходимлари “Фонд Форум” томонга ўтиб кетишибди. Бутун мамлакат оёқ-ялангу, бош яланг югуряпти. Югуришса саратон билан оғримасмиш. Ана сизга даволаш. Ўрта, олий таълимлар уники, спорт мусобақалари уники, ташаббуслар уники, зиёфатлар уники. Бу киши юртга тўй беради. Ҳокимлар “конверт”, ишбилармонлару, фермерлар “тоғора кўтариб” қуллиғида, хизматда. Шунинг ўзи ўнта президентликдан авло эмасми?
– Ҳай-ҳай, гапимиз бир жойдан чиққанини қаранг, лекин сизга кўпдан бир гап айтмоқчи эдиму, мавриди бўлмади. Қорбобонинг топишмоғи менга туриб-туриб ботяпти. Отасиям, қизиям нима қилса қилиб ётибди, биз оғиз очиб бир нарса демаймиз, худди қулга ўхшаймиз. Ўзаро гапимизниям зўрға гапирамиз, ҳар ҳолда эҳтиёти шарт, биров эшитиб қолмасин, деймиз, қўрқиб қолганмиз. Қизининг қилиқларига ҳам «эрка-да, эрка», деймиз. Бурунги ўзбеклар нима деган биласизми? Қизнинг эркаси, битнинг сиркасидан ёмон, дейишган. Ўзингиз айтинг, мамлакатда билса-билмаса бурнини суқмаган бирор жой қолдимикан бу “маликамиз”нинг?
– Қолгани шу битта отасининг тахти. Отасиям имо-ишорага тушунай демайди.
– Тўғри. “Минг йигитнинг ўрнин босай”, деб қўшиқ айтяпти, етиб бормаяпти шекилли-да. Шу, одамлар билмайди эмас, билади. Шу еб тўймас маликанинг қўли узун бўлгани билан кўнгли яримта, (сал шивирлаб) эр йўқ… Ҳамма бало шунда.
– Синглисининг оти Лолахонмиди, ўзидан тиниб-тинчиб кетган дейишади. Гулнорахон ўксимасин, деса керак-да Ислом отаям. Кўнгли учун беш-ўн кун подшо бўлса бўлар, бу дунё кимлардан қолмаган, эй дўстони азиз.
– Э, гапингизни ел учирсин. Жиминг-е. Қорбобо айтди деб валдирайверасизми?
Қўйчивон бўладиган итнинг йўриғи бошқа. Подшолик сизга “ночной клуб”ми? Харитага ҳеч қараганмисиз, не бир салтанатлардан қийила-қийила қолгани бир қийқим жойда турибмиз-у, ишониб бўладими?
– Қўрқитманг-е. Қўйинг шу гапларни. Мени унча-мунча тушунмаган нарсага аралаштирманг, илтимос. Биз бир кичкина одам, пошшолик билан нима ишимиз бор. Бўлган бўлсин, қолган қолсин, садқайи сар. Ҳалигина бинойидек ўтиргандик, кайфдан капейка қолмади, ҳаммаси бир тийин бўлди…
– Қўрқманг, яқинда қўрқмай яшайдиган кунлар келади. Бунинг учун озгина ҳаракат лозим. Диктатор Ислом отангиз сургун қилган ватанпарварлар, ҳар жойда хор юрган ватандошлар, мардикорлар бирлашиб юртга қайтадилар. Юртдагилар ҳам бирлашадилар. Ҳукуматдагиларнинг ҳаммаси ҳам аблаҳ эмас. Ҳалол одамлар кўп. Худо хоҳласа ички ишлар ҳам ташки ишлар ҳам бир ёқадан бош чиқариб, халққа, курашга қўшиладилар. Бизга келган Қорбобо уларга бормади дейсизми? Ана ўшанда диктатура сиз билан бизнинг олдимизда ҳисоб беради. Нима дедингиз, қўрқиб ўтираверамизми, ё курашга қўшиламизми, қани, қўлни ташанг.
– Мен ҳам сиз биланман, қўшни. Халқ бирлашса биз четда қолармидик, жон деб қўшиламиз. Қорбобоки, бизни ўйлабди, нега биз ўзимизни ўзимиз ўйламаймиз. Раҳмат шу Қорбобомизга.
***
Қорбобонинг топишмоғи анча баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Ўзбекнинг минглаб йигитлари имон-эътиқоди, ҳақ сўзи, тўғри йўлда юргани, ҳукуматдан ҳам шуни талаб қилгани учун қамоқда, сургундалиги ҳақиқат. Хотин, бола-чақа доим назоратда, кирган-чиққани рўйхатда, ҳисобда, қачонгача чидаш мумкин? Йўқ, энди бундай бўлмайди, биз бирлашамиз, шайтоннинг бўйнини синдирамиз, дейишди улар.
Муҳожиротдаги барча мухолиф партиялар ва харакатлар аъзолари ва мардикор йигитларга ватандошларнинг тилаклари ва саломларини етказувчи
Абдулқодир КАРИМ