O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзимиз ўтирган шохга болта уриб ётибмиз…

Ўзимиз ўтирган шохга болта уриб ётибмиз…
301 views
06 June 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(30-қисм)

Саккизинчи шох: Дўппи

Ўн-ўн беш йиллар илгари Ўзбекистонда бирдан дўппи муаммоси ўртага чиқди. Оқдўппи кийилмасин. Кўкдўппи кийилмасин. Нега?

“Муҳтарам Президент”га ёқмас экан.

Ие… Оббо… Менга ёқар эди-ку… Энди нима қиламан? Аралашмаганлари битта дўппи қолувди, шунга ҳам кўз олайтирибдилар-да. Ҳеч бўлмаса, уйда кийсам бўлармикан? Қайдам…

Тили қичиган айримларга гап топилди:

Оллоҳ-Оллоҳ, бу “Муҳтарам”га нима бўлган ўзи, қиладиган бошқа ишлари йўқми?!

Ўзбекистонда бошқа ҳеч қанақа муаммо қолмадими?!

Биров кийган, кийишни хоҳлаган дўппи билан нима ишинг бор?!

Оқдўппидан тушингда қўрқдингми?

Кўк дўппини кўриб лабингга учуқ тошдими?

Бутун дунёга подшоҳ бўлган тақдирингда ҳам бировнинг бошкийимига нимага аралашасан?!

Миллийликка қайғураётган бўлсанг, энг олдин ўзингнинг қизингнинг кийимларига боқ: бир гал калта иштончаларда, бошқа гал ярим бадани очиқ, кўкраклари торсиллаган ҳолда халққа кўриниш беради! Кўча аёлларидан бири бўлганида ҳам майлийди, баттар бўлсин, деб кетаверардик. У ахир президентнинг қизи – каттагина бир мамлакат бошлиғининг арзандаси! Ўзини президентликка чоғлаб юрган аёл! Ҳозирдан ўзини тиймаса, эртага бошимизга келганидан кейин мамлакатда қанақа миллийликни жорий этади?!

Менинг оқ дўппимга қарши курашгандан кўра қизингнинг оёғига атлас иштон кийдир, эгнига узун ва кенг кўйлак илдир, бошига рўмол ўрат. Нимага қизингнинг бутига қарамайсан-да, менинг бошимга қарайсан?

Оқдўппи кияманми, кўкдўппи кияманми, анжандўппи кияманми, қўқондўппи кияманми, марғилондўппи кияманми, чустдўппи кияманми – сенга нима!

Ўриснинг шапкасини кийсам, индамайсан. Инглизнинг шиляпасини кийсам, елкамга қоқасан, “Маладес!” дейсан. Оқдўппидан нега жазавага тушасан?!

Яқинда ишхонамга телевидениедан келиб, ёш ижодкорлар ҳақидаги бир кўрсатувга қатнашишимни илтимос қилишди. Олдинига кўнмадим, кейин қаршимда турган ёш шоир ўксимасин деб рози бўлдим. Ишхонамиз ҳовлисига чиқдик. Муҳаррир чайналиб-чайналиб, охири айтадиганини айтди:

‒ Дўппингизни ечиб қўйсангиз бўладими? ‒ деди.

‒ Ечмайман! ‒ дедим.

‒ Ечинг! ‒ деди.

‒ Бошимда изи билиниб қолади, ‒ деб баҳона қилдим.

Хуллас, кўнмадим.

Муҳаррир аёл телевидениедаги бошлиқларига тилпон қилди.

‒ Ака дўппили эканлар, нима қилайлик? ‒ деб сўради.

У ёқдагилар дўпписи қанақа экан деб суриштирди шекилли:

‒ Шу, ўзимизнинг марғилоннусха… ‒ деб жавоб қилди.

Ниҳоят, рухсат тегди…

Бу можаро нимани англатади?

“Муҳтарам Президент” қисқа муддат ичида дўппи масаласида бутун Ўзбекистонни гангитиб ташлаганини англатади!

2007 йили “Ҳазрати Имом” мачити очилиши маросими олдидан оқдўппилилар, кўкдўппилилар огоҳлантирилди: ўзбекча дўппи кийиб келинглар, деб буюрилди. Шунда ҳам ўзининг билганидан қолмаганлар мачитга киритилмади.

Ҳа?

Телекамерага тушиб қолади. “Муҳтарам Юртбоши” кўрсалар, нозик кайфиятлари бузилади. Оқдўппига, кўкдўппига аллергиялари бор. Тўғри тушунасизлар…

Хайрият, Эски Жўва бозори яқин. Танишим айтишича, бир учар йигит бозорга зипиллаб, ҳамма марғилоннусха дўппини кўтарасига арзонгаров сотиб олиб, оқдўппили-кўкдўппилиларга чаканасига пуллабди. Вазиятдан фойдаланиб, тирикчилигини қилиб олибди, қандини урсин!

Лекин ҳеч кимса… такрор айтаман, ҳеч кимса(!): “Нимага дўппимни алмаштиришим керак? Дўппида нима айб? Менинг дўппим билан кимнинг иши бор?” демади.

Ё ўрнак учун ҳам ортига қайтиб кетмади!

Бу ёғи ҳам бор.

Демак, айб дўппида эмас, дўппи кийганларда.

Ор йўқолибди. Номус деган нарса қолмабди. Натижада қўйдан ҳам баттар ювош тортиб… ҳамма дўпписини алмаштирди.

Дўппини алмаштиргунча бу бошларни алмаштирсак яхши эди, ўртоқлар! Бу яғир, пандавақи бошлар билан биз узоққа бора олмаймиз! Ҳа, айб ўзимизда. Кеча бир хурмача қилиқларига парво қилмадик, бугун бошқа хархашаларини кўтаряпмиз, эртага бундан баттарига ҳам чидашимиз керак бўлади!

Чидаймиз ҳам! Қаёққа борар эдик? Пандавақи бўлса ҳам, оқдўппи ё кўкдўппидан кўра бош азиз.

Алишер Навоийни ўқинг ‒ сув итининг терисини тортиб зўрға бу ҳолга келтирилган бошларни кўрасиз!

Чингиз Айтматовни ўқинг – бошига туя терини сириб тортиб “тарбияланган” кимсалар қанақа бўлишини билиб оласиз. Хуллас, бу бошларга бу дўппилар чиндан ҳам хайф!

Энди тушунилгандир гап нима ҳақда бораётгани?

Бир замонлар Ўрусия подшоҳи Пётр Биринчи исқирт мужикларининг тўрва соқолларини қирдириб, ифлос кийимларини ўзгартириб, кунлаб, ҳафталаб сув кўрмайдиган башарасини ювдириб, халқи юзини Ғарбга бурмоқчи бўлган. Бир миқдорча мақсадига эришган ҳам.

Бугун бизнинг подшоҳ нима қилмоқчи: исқирт мужиклардан фарқли ўлароқ менинг мусулмон халқим беш маҳал таҳоратда юрадиган пок-покизадир. Соқоллари ҳам ҳар таҳоратда парваришланади. Ҳар тукида биттадан фаришта ўтирадиган бу соқолларни қирдириб, қирмаганларини қамаб… оқдўппию кўкдўппиларни ечтириб, ўрнига шапкаю шиляпалар кийдириб… аёлларнинг рўмолларини ечтириб… бошинигина эмас, олдию орқасини ҳам яланғочлаб, қизларнинг киндикларини очтириб… бизнинг юзимизни ҳам таҳоратсиз-ғуслсиз Оврупага бурмоқчими?! Бизни ҳам оврупалик қилмоқчими?!

Пётр жирканган исқирт ўрис мужиги ўша тўрва соқолини қирдириб, ҳаммомга опкириб ювинтирилса, ўзи кўринишдан оврупаликка тортиб туради. Мазҳаби бошқа бўлса-да, дини бир. Юзини ўша ёққа бурса, унча фожиа эмас эди. Аммо илгари ‒ Пётр Биринчи Оврупага туйнук очган паллалари ҳам, кейин ‒ Ўрусия у туйнуклардан Оврупага мўлтираб келаётган уч юз йилдан бери ҳам на Ғарб буларни қаторига қўшди, на ўрис уларга киришиб кетди! Гарчи икки гапининг бирида ўзини оврупалик деса-да!

Бошқача айтганда, шаклини олди, руҳда бегоналигича қолди. Ғарб эса ўриснинг шаклини ҳам, руҳини ҳам борлиғига киритмади. Ҳатто ўзи каби славян ҳисобланувчи украинлар ва полшаликлар ҳалигача ўрисни камситиб келади, руҳидан бегонасирайди.

Бугунга келиб бизнинг Биринчи Подшоҳимиз ўриснинг Биринчи Пётрига тақлид қилгилари қистаб қолди шекилли, Ўзбекистон тупроғидан Ғарбнинг сувига лой қориб, биз шарқлик мусулмон кишисидан бир “оврупалик” ясамоқчи бўляпти!

Пётр Биринчи бошлаб берган ишни бу киши охирига етказмоқчими? Овора бўлгани қолади.

Чунки биз оврупалига ҳеч бўлмаганда жисман ўхшайдиган ўрис каби эмасмиз. Бўтқа лой қориб, минг йил тепиб пишитилмасин, биз барибир бошқачалигимизга қолаверамиз. Бизнинг миллий қадриятларимиз бўлак! Динимиз бўлак!

Шубҳасиз, орқада қолган миллат сифатида бугун Ғарбдан ўрганишимиз ва олишимиз лозим бўлган хусусият кўп. Бир замонлар биз мусулмонлар йўқотган жуда кўп ижтимоий фазилат бугун Ғарбда бор ва шунинг орқасидан гуркираб яшнаяпти.

Бузуқликларини истисно қилганда, бугун тоза ва юксак маданияти ила Ғарб Ислом ўртага қўйган айрим ижтимоий муомалаларда биздан кўра мусулмонроқ. Бу маънода оврупалашсак, ғарблашсак қанийди! Тўғри йўл шу.

Гап битта дўппида эмас! Афсус, ҳозир Ўзбекистонда билиб ё билмай миллатни миллат қилиб тургувчи асилларни ўзгартиришга, динимизнинг шаклинигина қолдиришга, фитратимизни бузишга ҳаракат кечяпти.

Ўзимиз ўтирган шохга болта уриб ётибмиз…

duppilar

Тўққизинчи шоҳ: Реклам 

Реклам деганларига айниқса ҳеч тушуниб бўлмайди!

Масалан, патинка боғичига ярим яланғоч аёлнинг нима алоқаси бор?!

Сал энкайса кети кўрингудай калта кўйлакли, иштончаси бор-йўқлиги ҳам билинмайдиган бир ажнабий аёл тўнқайиб олиб, узун тирноқли нозик қўлчалари билан, ишвали ва ишратли қарашлар оғушида… патинка боғичини боғлаяпти!

Ўтган-кетган бу рекламсуратга боқса, энг биринчи нимани кўради? Ҳа, топдингиз – ўшани!

Патинка боғичини кўрмайди. Кўрсаям, ярим соатлардан кейин кўради! Тушунмайман – мақсад нима ўзи?

Мақсад одамни патинка боғичига шавқлантиришми ё калта кўйлакками? Ё ингичка ва юпқагина иштончагами? Ёки узун-узун яланғоч оёқларгами? Ё аёлнинг ўзигами? Ё бузуқлиққами?

Ҳа, булар ҳаммасига ва булар орқали энг охирида санаганимиз бузуқлиққа тарғиб нияти ётибди бу каби рекламда. Патинка боғичи бир восита, холос.

Биз “патинка боғичи” рекламини мисол учунга олдик. Бу хил рекламлар тагида миллатимиз кўзини аста-секин бузуқ қиёфаларга кўниктириб бориб, миллий тарбияларимиз илдизига болта уриш, миллатни миллий асослардан чиқариш ва охирида маънавий илдизларидан узилган, ўзлигини йўқотган, манқуртнамо бир халқни “етиштириш” нияти бўртиб кўриниб турибди.

Ният тўғри бўлганида ‒ бузуқликни эмас, патинка боғичинигина реклам қилиш бўлганида, масалан, иккита полвонни топарди-да, боғични икки томонидан торттирарди: қани, уза олармикан? Қўли шилиниб кетса ҳам, уза олмаса, демак, патинка боғичи пишиқ, узоққа чидайди!

Ёки битта семиз қассоб патинканинг боғичига қўйнинг танасини илиб, терисини шилсин – узилиб кетмадими, пишиқлиги кўринади. Сифатга энг яхши далолат шу-ку!

Хуллас, яна бошқа хилма-хил ҳолатлар ўйлаб топса бўлади. Йўқ, рекламларда албатта ярим яланғоч бир аёл иштирок этиши керак!

Бу бир мисол. Кўча-кўйда, газет-жўрнолда, телевидениеда бунақа хил рекламлар тиқилиб ётибди. Сақичга ҳам яланғоч аёл… устарага ҳам яланғоч аёл… кетмонсопга ҳам аёл… ҳожат қоғозига ҳам яланғоч аёл… деярли 90 фоиз рекламда албатта аёл ва… қичиқ ҳолат!

Эй аёллар! Қани сизларда ҳамият, қани ор, қани номус?! “Биз сенларга товармизми, тимсолимиздан бузуқ ниятда фойдаланяпсан?! Нимага азиз нарсаларга эмас, нуқул бузуқликларга бизни восита қиласан?!” демайсизми?! Бузуқи тимсолингизни яратаётганларга қарши исён кўтармайсизми?! Ҳайронман.

Жаннат оёғингиз тагида турса, жаннатга эришаман деган одам ҳар маънода сизни бошига кўтаришга интилса – сиз мана шундай улуғ мартабага лойиқ бўлсангиз-да, пулга сиғинадиган бу чайқовчи дунё Оллоҳнинг ҳузурида олий қилинган қадр-қимматингизни, шаънингизни бу хил рекламлар, ифлос клиплар, бузуқ кинолар орқали бир тийин қилиб турса, улуғликдан олчоқликка индирса – қандай чидайсиз?!

Ё ахлоқсиз жамиятлар сизларга юклаган бу ифлос вазифаларга кўндингизми?! Рози бўлдингизми?!

Албатта, орангизда бузуқи аёллар ҳам бор, лекин улар ҳамма аёлга мисол бўлмайди! Тузуги кўп! Ва бу тузук аёллар бунақа бузуқ муносабатга албатта кескин жавоб бериши керак.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com