O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзингиздан каромат изламанг

Ўзингиздан каромат изламанг
510 views
04 May 2020 - 14:29

Акром МАЛИК

РАМАЗОН КУНДАЛИГИ

ЎЗИНГИЗДАН КАРОМАТ ИЗЛАМАНГ
(Ўн биринчи кун)

Инсонлар томонидан содир этиладиган ғайритабиий ҳаракатлар “ҳориқул одот” деб аталади. Пайғамбарларнинг бундай ишлари мўъжиза, авлиёларнинг ишлари эса каромат дейилади. Диний ҳаёт кечиришни бошлаган баъзи инсонлар, шунингдек, илм ва ибодат ила нисбатан кўпроқ машғул бўлувчилар уларда кароматлар зоҳир бўлаётгани ҳақида гапиришади. Масалан, бундай одамлар тушларга ҳаддан ортиқ эътибор берадилар. Улар учун туш ғайбдан бир хабардек, моҳиятан, туш кўрувчининг авлиё одам бўлиб қолганидан дарак беради, гўё.

Бундай одамларга озор берганлар тезда жазоланадилар, воқеаларни олдиндан сезишади, ақлий ва ҳиссий қобилиятлари худди ўзгалардан устун…

Албатта, кимки ўзидан каромат изласа, ўзини кароматгўй деб билса, у одамга адашиш хатари беҳад яқиндир. Зотан, мўминнинг Аллоҳга яқинлиги унинг кароматлари билан исботланмайди. Аллоҳга яқинлик – Аллоҳнинг амри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини сидқу ихлос ила адо этишда намоён бўлади.

Тушда аршни кўрса ҳам, сув унинг учун ерга айланса ҳам, мўмин инсон бунга диққат сарф этмайди. Аллоҳга садоқатли қул бўлиш – бутун коинотни бошқаришдан кўра афзалроқ, балки, энг улуғ саодатдир. Шамолу жинларни бошқарган Сулаймон, оловда гулзор топган Иброҳим, оёғини Арш ўпган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламлар ки, Аллоҳга қул эдилар, бошқа соҳибкароматлар ким бўлибди!

Аллоҳга содиқ қул бўлиш саодатини оламдаги ҳамма нарсани идора этиш билан қиёслаб бўладими?! Асло!

Аллоҳнинг бандам деган сўзи учун жону жаҳонларни қурбон этиб ҳам, бадал топиб бўлмагай.

Аллоҳим, бизга сидқу ихлос бер! Солиҳ қулларинг сафида айла!

2020 йил, 4 май