Ўзини хурмат қилган одам, қилт этмай халқни алдамайди!
Ўзини хурмат қилган одам, 37 миллион долларни бешта масқарабоз партиянинг навбатдаги томошасига сарфланишига жим қараб турмайди!
Ўзини хурмат қилган одам, тобора ботқоққа ботаётган ҳукуматнининг ногорасига ўйнамайди!
Ўзини хурмат қилган одам, “БИЗ УЧУН ЭНГ МУҲИМИ – ХАЛҚИМИЗНИНГ ФАРОВОНЛИГИ ВА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЁРҚИН КЕЛАЖАГИДИР” деган баландпарвоз гаплар билан чалгитмай, партия сайловолди дастурга киритган “халқимизнинг келажакда эмас, бугун яхши яшаши учун шароит яратиш” деган гояни амалда исботлашга харакат қилади!
Ўзини хурмат қилган одам, -50 градусли қахратонда автобусда йўлга чиқаётганлар ўз Ватанида ўрнини топмаган камбагал фуқоролар эканини яхши билади!
Ўзини хурмат қилган одам, рўй берган ва ҳар куни рўй бераётган юзлаб фожеаларда ўз айби ҳам борлигини тан олиб, халқининг юзига тик қарамайди!
Ўзини хурмат қилган одам, олов ичида жизганак бўлиб кўмирга айланган марҳумларни хотирасини, ортида қолган яна қашшоқ холича: газ, свет ва тогдай отасиз яшаётган етимларини хурмат қилади!
Ўзини хурмат қилган одам, халқни бехурмат қилаётган ҳокимлар, катта-кичик амалдорларнинг амалидан кетишини ва жазога тортилишини талаб қилади!
Ўзини хурмат қилган одам, тупрогида Менделеев даврий тизимидаги барча табиий бойликлари бор Ватан болаларини бегона юртларда қул бўлиб юришига жим қараб турмайди!
Ўзини хурмат қилган одам, сайловга сарфланаётган ҳар бир тийинда фожеали халок бўлаётган ҳамюртларимизнинг ҳам насибаси борлигини яхши билади ва бунинг охиратдаги жавобидан қўрқади!
Ўзини хурмат қилган одам, қуруқ сафсаталарни сотмайди!
“Ўғрилик , ғарлик, юлғичлик эмас, халол пул топаман!” деган юртдошларига имкони даражасида муносиб иш ўрниларини яратишга бел боглайди!
Ноилож йўлга чиқаётган меҳнаткаш халққа ҳар томонлама бехатар, беталофат маршрутлар яратади. Чет элларда “Ватандошларга амалий ёрдам” марказларини ташкил қилишни сайловолди дастурига киритади.
Ваколатида бўлмаса, тегишли давлат органларидан талаб қилади!
Эллик икки Ватандошимиз ёниб кетганида бир шеър ёзгандим.
Ўзини хурмат қилган одам халқнинг нафратини бадтар алангалатмайди!
Хоқондай яшайсиз
Халқнинг пулига…
Бисёр ваъдалар ҳам қалашиб кетди.
Сиз чора топгунча
Сиз иш бергунча
Болам оловдан жон талашиб кетди.
Хов қаранг!
Битмаган, пахсали уйни
Тезак ёпиштириб деворларига
Кўнглимни
Кўмирсиз…
Ўтинсиз ёқиб…
Ким билан сўнги дам тиллашиб кетди…
Ўриклар гулламай,
Сумалак пишмай,
Бойчечаклар унмай қадамларидан
Чимилдиққа кирмай
Ўлон эшитмай
Балки ажал билан
Дардлашиб кетди…
-Пул топаман,- деди
-Отам дардига,
Онамнинг дардига
Малҳам топай,- деб
Аллохга таваккал!
Тақдирга кўниб.
Тилсиз темирларга тирмашиб кетди…
Халқнинг елкасидан
Бошига чиқиб,
Яйраб яшаяпсиз
Сиз кўп яшайсиз!
Сизга ишонганлар
Нажот кутганлар
Борса келмасларга бирлашиб кетди…
Муаззам Иброҳимова