O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўзи хон, кўланкаси майдон

Ўзи хон, кўланкаси майдон
176 views
07 August 2019 - 6:00

Ҳоким боваларнинг можароси сабаб бир воқеа эсимга тушди.

1999 йил мартидаги Саримой воқеасидан кейин Хоразмга борганман. Меҳмонхонада Хоразм телевидениесини қуйсам, янги тайинланган ҳоким Ислом Бобожонов вилоят активи билан йиғилиш ўтказаётган экан. Ҳоким бова нутқининг мана бу жойи эсимда қолган: “Мени президент ҳоким қилиб тайинлади. Ҳоким дегани ўзи нима, биласизларми? Қандай тушунтирсам экан, қадимда Хива хонлари бўлган, шунақами? Ҳозирги ҳоким дегани, ўша Хива хонидай гап. Буни тушунмаган бўлсангиз, яхшилаб тушуниб олинглар”.

Хоразм совет даврида бошқа вилоятлардан кўра автономроқ бўлганини билардим. Шунда ҳам, барибир, ҳокимнинг ўзини расман “Хон” деб эълон қилиши менга эриш туюлди. Аммо иккинчи томондан, Хоразм ҳокими бор гапни айтаётганди, бошқа вилоятларда ҳам амалда вазият шундай эди – ўзи хон, кўланкаси майдон.

Жуда кўп жойларда, масалан, “вилоят ҳокимлигининг нашриёти” деган ёзув ўрнига “вилоят ҳокимининг нашриёти” ёки фалон идораси деган ёзувларга кўзим тушган.

Мустақилликнинг илк йилларида ҳокимлар олдига тартиб ўрнатиш, ўз ҳудудида осойишталикни сақлаб туриш биринчи вазифа сифатида қўйилгани учун ваколат доираси ҳам шунга яраша энига ва бўйига кенгайтирилган. Масалан, ҳозирда марҳум Бургутали Рапиғалиев 1992 йил бошида “Наманганда ё мен бўламан, ё исломчилар бўлади” деганини кўпчилик яхши эслайди.

“Исломчилар” тор-мор этилди, аммо шунинг ўзи билан ҳаёт яхшиланиб қолгани йўқ. Рапиғалиев эса фақат қаттиққўлиги учунгина лавозимда ўтиришда давом этди. Юқорида мен тилга олган Саримой воқеасидан кейин ҳам Хоразм ҳокимига чексиз-чегарасиз ваколатлар берилгани учун бемалол ўзини “Хон” деб эълон қилаётганди.

Ва яқин-яқингача уларнинг ҳаммаси “шубҳасиз хон”лигича қолди.

28 йилда қўлга киритилган қудратни ҳеч ким осонликча бериб қўймайди.Минтақаларда тузук-қуруқ ижтимоий сиёсат бўлмаган. Фақат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин вилоятларда ялпи ички маҳсулот (ВВП) тушунчаси пайдо бўлди. Бунгача минтақаларнинг ЯИМси борлиги ҳақида эшитмаганмиз.

Аммо ҳокимлар сайлови яқин келажакда ҳақиқатга айланишига ишониш қийин. Маҳаллий кенгашларнинг ҳокимларни назорат қилиши ҳам ҳақиқатдан узоқ.

Назаримда, ҳақиқатга яқинроғи президентнинг жойлардаги махсус вакили институтини жорий қилиш бўлса керак.

Ҳокимлар президентнинг вакилимасми, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Охирги селектордан кейин, менимча, ягона вакили эмас.

“Ҳокимлар менинг вакилим, уларга ҳеч ким тегмайди” деган гап, назаримда, ҳокимият ўтиш жараёнининг бошланишида фавқулодда ҳолатлардан келиб чиқиб олинган вақтинчалик қарор, тактик бир ҳаракат эди.

Ҳокимларнинг Мирзиёев айтган “саводсизлиги, китоб ўқимаслиги, президент қарорини ўқимаслиги” ҳам янги муаммо эмас. 1990-йиллар бошида Каримов “ҳокимларимиз саводсиз, нима қилса бўлади” деган масалани қўйган пайт, маслаҳатчилардан бири “эски партия мактабини қайта тиклаш керак” деган таклифни берган экан. Шу асно ҳозирги Президент академияси пайдо бўлган.

Бошида давлат қурилиши эди, кейин сифат жиҳатдан ўзгариш бўлди, деган хулосага келинди чоғи, давлат бошқаруви академияси деб қайта ташкил этилди.

Аммо бу академиядан чиққан ҳокимларда ҳеч қандай сифат ўзгариши содир бўлмаганини президентнинг ўзи айтиб турибди.

Ижтимоий тармоқларда бошланган ҳокимларни “истеъфога мажбурлаш” кампанияси нимага эришишини башорат қилиш қийин, аммо ахборот маконида ҳокимлар “истибдоди”га қарши бошланган тўлқин сабаб аллақачон ҳоким боваларнинг қудратига жиддий путур етди.

Имиж ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Чунки имиж аввалдан бўлган эмас.

Паҳлавон Содиқ