Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(17-қисм)
Одатда хато билан мақтанилмайди, хижолат чекилади. Биз эса, буюк Амир Темурнинг буюк хатосини олижаноблик деб тақдим этмоқдамиз.
Бу ҳолатимиз Олтин Ўрда ҳукмронлиги тарихини билмаслигимиздан, бу қудратли давлатнинг ижобий томонларини ва тўғридан-тўғри ворисларидан бири эканимизни мутлақо ҳис этмаслигимиздандир.
Натижада “Бизнинг бобомиз сенинг устингдаги истибдодни ағдариб, сенга хизмат қилган!” дея бошда Ўрусия ўлароқ бутун Шарқий Оврупа мамлакатларига ялтоқилик қиламиз.
Бундай қараш илдизда хатодир. Чунки у энг биринчи галда миллат ўзини танимаслигидан, ўзни паст, ўзгаларни устун кўришидан сув ичади. Иккинчидан, бу хил мулоҳазалар бизнинг бошқаларга ҳануз фикрий қарам эканимизни билдиради, тескарини ўнг, хатони тўғри деб ўйлатади.
Қолаверса, хўш, Ўрусия бу яхшиликни билдими? Миннатдор бўлдими? Ва қандай изҳор этди миннатдорлигини?
“Халоскори” Амир Темурни унутиш, устидан мазах қилиб кулиш, ундан қолган юртни босиб олиш, бойликларини талаш ва Олтин Ўрдани енгиб берганларнинг авлодларини қўйдай сўйиш ё қул қилиш билан!
Ҳа, Олтин Ўрда ҳукмронлиги тугатилиб, Ўрусия аста-секин куч тўплаб бораркан, шу аснода неча юз йиллар Туркистонни босиб олиш ва бойликларини талаш режасини тузиб яшади. Ҳатто ўриснинг энг машҳур зиёлилари ҳам аскарларини Туркистон сари юришга чақирди. Ёзувчи Фёдор Достоевскийнинг кундаликларини ва генерал Искобилга йўллаган мактубини ҳамда академик Бартолднинг императорга ҳисоботини (1910 й.) ўқиб кўринглар.
Ниҳоят 19-асрнинг иккинчи ярми ўрталарида тўла-тўкис босиб олди! Ва бир юз йигирма йил устимизда ҳукм юритиб, бизни – маданиятда ўзидан кўра бир неча баробар устун бўлган халқни қўлидан ҳеч иш келмайдиган, саводсиз, қора халқ ўлароқ кўрди ва шунга яраша муомала қилди. Биз бўлсак, ўрис зулмини бошимиздан кечириб туриб ҳам, машҳур “Тошбақа билан чаён” эртагидаги воқеа сингари сувга шартта шўнғиб устимиздаги чаённи бўктириб юбориш ўрнига, ҳамон унга елкамизни тутамиз, кайфиятини ўзимизга мойил қилмоқчи бўламиз.
Ёки Ғарбий Оврупани олинг.
Қайси бир давлати бизнинг дўстимиз? Қадимда ё ҳозир бизни уларга, уларни бизга боғлаган нима бор?
Буюк ипак йўли, дерсиз.
Буюк ипак йўли шу йўлда учраган ҳамма халқларни иқтисодий томондан боғлаган, бунинг оқибатида ўзаро маданий таъсирлар ҳам бўлган, албатта. Бу ерда гап бошқача – қариндошлик, диндошлик боғи ҳақида кетяпти. Бизга бир нарса бўлса, қайси Оврупанинг ичи ачийди ва ичи ачиганми ҳеч – гап шунақа боғ ҳақида.
Ака-ука бир-бири билан урушиб, бири иккинчисини енгса-да, бегона қаршисида ялтоқиланиб: “Мен сени акамнинг (ёки: укамнинг) бўлғуси ёмонликларидан қутқариб қолдим!” деб мақтанса, ачинарли эмасми?! Бунда ким ютади, ким ютқазади?
Ака-ука урушида албатта бегона ютади. Дўстлар урушида албатта душман ютади. Ҳа, мияга ура-ура, ҳар урганида “Миянг ишламайди сенинг!” деб турса, чиндан мия ишламайдиган, киши манқуртчасига ўйлаб, манқуртчасига хулоса чиқарадиган ва, энг ёмони, ўзи тушиб қолган аҳволни англаб етмайдиган, хатосини билмай, мен тўғри фикрлаяпман, деб ўйлайдиган бўлиб қоларкан.
Ўрис-совет мустамлакачилари ҳар куни ҳар баҳона билан бошларимизга уриб турди, “Миянг ишламайди сенларнинг!” деб онгларимизга қуйди ва бориб-бориб, мияларимиз ишламайди бизнинг деб тан оладиган ҳолга тушдик. Натижада ўзлигимиздан чиқиб кетиб, ёмонни яхши, яхшини ёмон деб баҳолайдиган бўлиб қолдик.
Бўлмаса, ўйламай-нетмай мақтаниб, мана бу каби сўзларни ёзармидик:
“Тарихдан маълумки, Амир Темур даврида Испания ва бошқа Европа давлатлари Усмонли турк империяси хуружларидан таҳликага тушиб қолган эди. Соҳибқирон бобомиз тарих саҳнасига чиқиб, аввал она заминини мўғуллар асоратидан, кейин Россия ва Украинани Олтин Ўрда таҳдидидан халос этди. Усмонли турк империяси таҳдиди остида яшаган Европа давлатлари Амир Темур қудратига нажот билан қарай бошлади”, дермиди?!
Бу қарашларнинг нақадар нотавон ва хатолигини аниқлаш учун бир хаёлий тажриба ўтказайлик.
Тасаввур қилинг, ҳозирги замон бир турк олими: “Тарихдан маълумки, Йилдирим Боязид даврида Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа Осиё давлатлари Амир Темур бошлиқ ўзбеклар империяси хуружларидан таҳликага тушиб қолган эди. Соҳибқирон бобомиз (Йилдирим Боязид) тарих саҳнасига чиқиб, аввал она заминини салжуқли турклар асоратидан, кейин Эрон ва Ҳиндистонни Самарқанд таҳдидидан халос этди. Амир Темур ўзбеклари империяси таҳдиди остида яшаган Осиё давлатлари Йилдирим Боязид қудратига нажот билан қарай бошлади…” деб ёзса, қандай қабул қилар эдик биз?! Қайси ўлчовларга сиғади бу гап?!
Амир Темур ярим Осиёни эгалласа, буни ижобий деймиз ва “Майда давлатларни бирлаштирди, қудратли империя тузди!” деб мақтанамиз, аммо қардошимиз, жондошимиз, бир қориндан талашиб тушганимиз турклар Йилдирим Боязид бошчилигида тарих олдидаги буюк вазифасини бажариб Оврупага қараб юрса, “босқинчилик”, “таҳдид”, “хуруж” деймиз – ақлданми шу?! Инсофданми?!
Унинг ўрнига, икки қардош, икки ака-ука – бири Шарққа, иккинчисига Ғарбга юриб, маҳаллий халқларни мажусийлик ва бутпарастлик жаҳолатларидан қутқариб, бирхудолик эътиқоди байроғи остида бирлаштирса, эзилган халқларга яхшилик ва ижтимоий адолат олиб борса… кейинги авлод ҳам масалага шу нуқтадан боқса бўлмасмиди?
Бўларди!
Аммо бунинг учун онгларимиз мустамлака асоратларидан тўла халос бўлиши, тарихнинг ҳар бир саҳифасига, ҳар бир воқеага миллий кўзқарашларимиз шаклланиши керак.
Энди кечаги кунимиздан бугунимизга қайтсак, бугун ҳам айнан ўша хатоларга йўл қўяётгандекмиз. Хоссатан, кечаги сохта тарихларни ўқиб фикри чалғиган бугунги сиёсатчиларимиз ҳам Туркияга ва барча мусулмон ўлкаларига муносабатда, уларга нисбатан давлат сиёсатини белгилашда тарихнинг у чигал кунларини – Амир Темурнинг буюк хатосини такрорлаяпти.
Бизга ичи ачийдиган юртлар бир чеккада қолиб, бизга заррача ичи ачимайдиган, бошимизга бир бало келса чумоли чаққанчалик парво ҳам қилмайдиган, аксинча, Ироқ, Афғонистон, Ливия, Сурия воқеаларида чинакам башарасини кўрсатган ва кўрсатаётган давлатлар билан ўлиб-тирилиб яқинлашгимиз, ўшаларга ёққимиз, уларни ўзимизга мойил қилгимиз келиб ётибди.
Ён қўшни-жон қўшниларимиз билан муносабатларимиз чатоқ, узоқ қардош ва қариндошларимиз билан муносабатлар йўқ ҳисоби, аммо, бизга “жилмайиб” боқаркан ўзининг кир манфаатларинигина кўзлайдиган етти ётларга жон-жаҳдимиз билан талпинамиз.
Ўзни босиб бегонага, дўстни янчиб душманга интиламиз.
Афсус, мингларча афсус бўлсин, давлатимиз ҳам, ҳукуматимиз ҳам сиёсатни белгилашда ва юритишда, назаримда, узоқни кўзлай олмаяпти, ўз билан бегонани ажратмаяпти. Неча йиллардан бери ўзга душманлик қилиб, бегоналарнинг этагини ўпиб келяпти: бир қарасангиз Амрикага, бир қарасангиз Ўрусияга, бир қарасангиз Хитойга суйкаламиз, яхши кўрингимиз келади ‒ у нарсамизни сотамиз, бу нарсамизни сотамиз.
Лекин, яна такрор айтаман, ҳеч қачон уларнинг розилигини тополмаймиз!
Яна бир қарасангиз, ўзимизча Оврупа бўлмоқчи бўламиз: телевизордан тинимсиз тарғиб қилинаётган ғарбча яшаш тарзи, тилимизга сурбетларча бостириб кириб келаётган инглизча-оврупача сўзлар, уй қуришдан тортиб юриш-туришда, кийинишда, ҳатто овқатланишда ғарбга кўр-кўрона тақлид…
Юзимизни, улар қабул қилмаса-да, Оврупага бурар эканмиз, айни чоқда ён қўшни-жон қўшниларимиз билан ҳеч чиқиша олмаймиз, ғиди-биди қилиб уришганимиз уришган. Афғонистонни-ку кепак баҳосига сотдик.
Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғларимиздан бизга омонат қолган, тарих бўйича кўрмиши жафо, чекмиши фиғон бўлган шўрпешана афғон юрти ва халқини Амрика бошлиқ НАТОнинг (“Бирлашган куч” номидаги) бирлашган-қутурган итларига талатиб қўйдик. У тишлонғич бегона итларни ўзимизнинг бир бўлдагимизга олакишлаб, узоқдан томоша қилиб ўтирибмиз!
Халқимиз асосан мусулмон эканига қарамай, биронта мусулмон давлати билан чин дўст эмасмиз. Тилимиз ва динимиз бир бўлган Туркия билан муносабатлар ҳам таранг, ҳатто душманлик кайфиятида. Ўз халқлар вакилларини турли ва майда-чуйда баҳоналар билан мамлакатдан битта-битта қувиб чиқардик, аммо бегоналарга дарвозаларимиз ланг очиқ!
Афсус, мингларча афсус бўлсин, давлатимиз ҳам, ҳукуматимиз ҳам қадимдан бир халқ, бир ватан бўлиб яшаб келган, аммо мустамлакачи кучларнинг жирканч сиёсати билан бўлдаклаб юборилган Туркистон тупроқларини бирлаштириш йўлидан бормади. Аксинча, қайтадан бирлашишга тарихий етилган имкон ва шарт-шароитни ҳам бўғиб, тинимсиз фитна-иғволар билан уларни баттар бир-биридан узоқлаштириб юборди. Боз устига, туркий миллатларнинг бир-бирларига талпиниш жараёнларига халақит қилиб, неча йиллардан бери оёқдан чалиб келмоқдамиз.
Туркий давлатлар раҳбарлари йиғилишларига Ўзбекистон раҳбари қатнашмай қўйганига анча йиллар бўлди. Олий даражадаги йиғилишлар ва Биринчи Киши не, оддий илмий анжуманларга оддий олимлар ҳам юборилмайди, йўлларига тўсиқлар қўйилади.
Бу ишлар кимнинг фойдасига?!
Ҳарҳолда Ўзбекистоннинг ҳам, ўзбек халқининг ҳам фойдасига эмас. Фикримиз қуруқ бўлмасин, тағин ўша мақоладан бир парча:
“Шу ўринда яна бир диққатга сазовор изоҳ: Мадриднинг марказий кўчаларидан бирига Руи Гонсалес де Клавихо номи берилган. Бу кўча ҳозир ҳам мавжуд, ҳамон гавжум ҳамда унда серфайз ҳаёт ҳукмрон. Элчилар тарихда кўп ўтган. Аммо Клавиходай, номи кўчалар пештоқида абадийлаштирилган элчилар кам.
Бу – испан халқини Амир Темур салтанати билан дўст айлаган ўз бобокалон элчисига чуқур эҳтиромининг далолатидир. Шу кўча номи билан боғлиқ яна бир тарихий муҳим воқеани албатта, фахрланиб тилга оламиз. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов 2003 йилнинг 27 – 29 январь кунларида Испания Қироллигига қилган давлат сафари пайтида давлатимиз раҳбарининг Испаниядаги муҳим учрашувларидан бири – Мадрид шаҳри мэри Хосе Мария Альварес дел Манзино билан суҳбати – айнан Руи Гонсалес де Клавихо номи билан боғлиқ ана шу кўчадаги муҳташам бинода бўлиб ўтди. Бунинг ўзида эзгу бир рамзий маъно (таъкид бизники. – Н.М.Р.) бор.
Айнан Президентимиз Испанияга давлат ташрифи билан борган 2003 йилда Клавихонинг Амир Темур ҳузурига, 1403 йилда қилган сафарига роппа-роса 600 йил тўлди. Шундай қилиб, Амир Темур даврида мамлакатларимиз ўртасида боғланган самимий дўстлик алоқалари Истиқлол даврига келиб, Президент Ислом Каримовнинг Испанияга давлат ташрифи муносабати билан қайтадан тикланди ва тўхтовсиз мустаҳкамланиб бориб, ажойиб самаралар бермоқда”.
Тўғри тушунилсин, ҳар қандай икки давлат ўртасида самимий муносабатлар ўрнатилса, бунга ҳеч ким қарши эмас. Аксинча, дунёдаги ҳамма мамлакатлар билан сиёсий, иқтисодий, маданий алоқалар йўлга қўйилса, нур устига нур. Бу ўринда бизнинг диққатимизни чеккан томони Туркияга қарши қизғин душманлик кайфиятида турилган бир пайтда Испания (Оврупа) билан бунақа қайноқ яқинликни Амир Темурга орқа қилиб кўкларга кўтарилаётганидир.
Муаллиф айтмоқчи, икки замонда кечган бу икки ҳодисада чиндан ҳам рамзий маъно бор: яъни, ўтмишдаги у ва ҳозирдаги бу ҳодисада ўз билан бегонанинг фарқига бормаслик, бегонага суйкалиб, ўзни кўксидан итариш шармандалигини кўряпмиз… Нима бало, қонимизда борми бунақа ажабтовурлик ё қонларимиз ростакам бузилганми?
Кишини бир нарса ўйлантиради: ҳозирги тушкун авлодда кузатилаётганидек, Амир Темурнинг ўзида ҳам “Оврупа билан яқинлашяпман, улар мени таниб, элчиларини жўнатишяпти!” деган маънода ғурурланиш бўлганмикан? Бизнингча, ундай бўлмаган. Агар шундай бир ғурурланиш бўлса эди, унда Амир Темур паст кетган ва буюклигига соя тушган бўларди. Чунки Амир Темур тузган салтанат қаёқда-ю, майда давлатчаларга бўлиниб кетган у замонги Оврупа қаёқда!
Клавихо “Кундалиги” бошларида йўлакай хилма-хил оролларга таъриф бераркан, ўша оролча бошлиқларини “император” деб атайди. Шундан ҳам Амир Темурнинг миқёси билан у “императорча”ларга тўлиб кетган Оврупа қиролликлари миқёсини ажратса бўлади.
У замоннинг кучлиси Амир Темур эди, унга элчи келганидан Амир Темур эмас, элчиларини Амир Темур қабул қилгани учун улар ғурурланиши керак. Бизнингча, шундай бўлган ҳам.
Аммо бу кунларга келиб бизга не бўлди – Оврупанинг у замонги аҳволини унутиб, бу замонги мавқеидан лол ҳолда: “Элчи келди! Оврупа Амир Темур қудратини тан олди!” каби ҳайратлар билан уларни осмонга чиқариб, ўзимизни ерга урамиз!
Оврупа бугун Оврупа, кўзимизга юксак маданий савияда кўринаётган бўлса, бу даражага кейинги асрларда эришди. У замонлар эса, қудратли турк султонлиги қаршисида зир-зир титраб турган, “Ҳайт!” деса, “Хўп бўлади!” деб бошини ерга уришга тайёр мамлакатчалардан иборат ювиқсиз бир макон эди. Шу тарихий ҳақиқатни ҳисобга олмасак, илмий адолат тикланмайди ‒ ўтмишимизга тўғри баҳо бера олмаймиз, ўзлигимизга етолмаймиз.
Хуллас, бугун Оврупа ўрта асрларнинг қоронғи Оврупаси эмас, ривожланган, қудратли давлатлардан иборат бир қитъадир. Бугунги Ўзбекистон эса, аксинча, ўрта асрларнинг қудратли Турони эмас, балки эски шон-шавкатидан асар қолмаган, чегараси қўнжи калта этикдеккина, халқаро майдонда обрўйи сўм каби бирпулгина, мустақиллиги қўштирноқлар ичига сиққудай рамзийгина бир мамлакатчадир.
Бугунги Оврупа бугунги Туркия билан ҳисоблашишга мажбур, аммо бугунги Ўзбекистон билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Сал-пал ҳисоблашаётган бўлса, Афғонистон масаласида (сопини ўзидан чиқаришга эҳтиёж туғилиб қолса) зарур бўлганимиз учунгина муомала қилиб турибди.
Бундай аянчли ҳолга тушиб қолишимизга буюк бобомиз Амир Темурнинг олдин Олтин Ўрдани қулатгани, сўнгра Анқара яқинида “ғалаба” қилгани ҳам сабаб бўлмаганмикан? Неча асрлар дунёга майдон ўқиб келган Туроннинг кучини синдириб, чўкишининг бошланғич нуқтаси бўлмаганмикан у икки уруш? Чунки ўшандан бери орқага кетилди, тинимсиз орқага кетилди, охири Ўрусиянинг ва бошқа оч дунёнинг текин емига айланди буюк Турон!
Амир Темурнинг турк султони Йилдирим Боязид устидан “қозонган ғалаба”си эса, тарихга холис баҳо берганда, бизнинг ношуд-нотавон олим ва журналистларимиз оғиз кўпиртириб сайраётганидек, Оврупани турк империяси таҳдидидан сақлаб ҳам қололгани йўқ. Чунки ўша мағлубиятдан ҳеч қанча вақт ўтмасидан турклар ўзига келиб, дунёда Усмонли турк халифалигини қурди ва кейинги беш аср давомида нафақат Оврупа, балки бутун дунё ҳисоблашадиган қудратли мамлакатга айланди!
Ўн тўққизинчи аср бошларига келибгина кучлар нисбати ўзгара бошлади, ўшанда ҳам ғарбда неча аср салибчи ўлкалар билан, шимолда бир асрдан ортиқ вақт Ўрусия билан тенгма-тенг олиша-олиша, охири толди, енгилди ва… қайтадан куч-қувват тўплаш, жаҳон саҳнасига буткул янгиланиб қайтиш учун бир муддат “таътил”га чекилди.
Бизларга – Туркистон туркларига, буюк Турон туркларига не бўлди, бугун ҳам қардошимиз, жондошимиз, тилдошимиз ва диндошимиз Туркиядан юз ўгириб, яна-тағин ўша эски хатомизни такрорлаб, дунё бўйича милёнлаб мусулмоннинг қонини ичаётган мустамлакачи юртларнинг эски ноғорасига ўйнамоқдамиз?!
Бугун Ғарб бизга нажот истаб боқмайди, биз уларга нажот бера олмаслигимизни ҳар қандай аҳмоқ ҳам билади, аммо у замонларда буюк бобомиз Амир Темурга элчи (жосус)лар йўллаб, икки қардошни бир-бирига қарши гиж-гижлаб, уриштириб, катта томошада қўлини иситганлар бугун ҳам бизлар бир-биримиз билан топишишимизга, бирлашишимизга, қардошлик туйғуларимиз уйғонишига тиш-тирноғи билан қаршидир, хилма-хил воситалар ила бунга йўл қўймасликка тиришиб ётибди. Ғарб ҳатто мактаб дарсликларимизга маблағ (грант)лар ажратиб, ўзларининг манфаатларига уйғун, демак бизнинг миллий ва диний манфаатларимизга терс ғояларни сингдиришга анча-мунча эришди. Воқеалар ўша, аммо унинг талқини, мафкураси бизники эмас.
Мисолини тепада кўрдик. Керак бўлса, яна келтирамиз. Мана, 5-синф тарих дарслигини олиб кўрайлик:
“Амир Темур Мовароуннаҳр ва Хуросонни ўз ичига олган марказлашган давлат барпо этди. Мамлакатда тинчлик ва осойишталик қарор топди. Осиёнинг кўплаб давлатларини ҳам мўғуллар зулмидан озод этди. Буюк Ипак йўлини тиклади. Бироқ бу даврда Амир Темур давлатига мўғуллар барпо этган Олтин Ўрда давлати хавф сола бошлаган. Бу давлат тахтида Тўхтамишхон ўтирар эди.
Амир Темур Олтин Ўрданинг таҳдидларини бартараф этишга киришди. 1395 йилда Амир Темур Тўхтамишхоннинг лашкарини Терек (7-синф дарслигида “Тарак” ёзилган – тилимизга шуниси тўғри. – Н.М.Р.) дарёси (Шимолий Кавказ) бўйида тор-мор этади. Бу ғалаба Олтин Ўрдани ниҳоятда заифлаштириб қўйган. Ғалаба Олтин Ўрдага қарам бўлган Руснинг (Россиянинг) мўғуллар зулмидан озод бўлишини тезлаштирган.
Амир Темур Ғарбий Европа халқларига катта таҳдид солаётган Туркия султони Боязидга ҳам қарши юриш бошлаган. 1402 йилда Анқара ёнида бўлган жангда Боязид лашкари тор-мор этилган. Туркиянинг бу мағлубияти унинг Европа давлатларига солаётган хавфини йўққа чиқарган. Шу боисдан Европа халқлари Амир Темурни ўз халоскори деб ҳисоблайдилар.
Буни диққат билан ўқинг:
Амир Темур 1402 йилда Анқарада эришган ғалабаси билан иккинчи марта Европа халқларига хизмат кўрсатди.
Александр Якубовский, Россия тарихчи олими.
Боязиднинг таҳдидидан халос бўлган Европа давлатлари Амир Темурга миннатдорчилик мактубларини жўнатишган. Франсия ва Испания қироллари эса элчилар ҳам юборишган.” (У.Жўраев, Қ.Исмоилов, А.Нурқулов. Тарихдан ҳикоялар. Умумий ўрта таълим мактабларининг 5-синфи учун дарслик. Чўлпон номидаги нашриёт матбаа-ижодий уйи, Тошкент – 2011, 113 – 114-бетлар. Хатолари билан айнан келтирилди.)