2013 йил 20 апрельдан эътиборан Ўзбекистон милллий телерадиокомпанияснинг “Ёшлар”, “Тошкент” ва “Спорт” каналллари орқали антиқа тарғибот-огоҳлантирув лавҳаси эфирга узатила бошлади: мамлакат Ички ишлар вазирлиги фуқароларни огоҳликка чақириб, уйларда сақланаётган ёки ногаҳон топиб олинган ўқотар қуролларни маҳаллий милиция идораларига топширишни сўрамоқда.
Лавҳа давомида кадр ортидан гапираётган диктор: “Агар ўқотар қурол топиб олинганда шундай йўл тутсангиз, сиз нафақат ўзингизнинг, балки бутун жамиятнинг ҳавфсизлигини таъминлашга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз”, – деб, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг ўқотар қуроллар ва портловчи моддаларни яширганлик, сақлаганлик ва тарқатганлик учун белгиланадиган жазо турларини эслатиб ўтмоқда.
Ушбу тарғибот-огоҳлантирув лавҳасининг сюжетида таҳминан 10-12 ёшар бола ҳовли уйнинг ертўласидан бувасидан қолган бир эски милтиқни топиб олади ва отасига олиб бориб беради. Боланинг отаси аввалига милтиқни пуллашни режалаштиради, аммо ўртага турмуш ўртоғи тушиб: “Қўйинг, дадаси! Яхшиси шу милтиқни тинчгина давлатга топширайлик!” – дейди. Ва эр-хотин келишган ҳолда милицияга телефон қилиб, милтиқни расман давлатга топширишади. Лавҳа сўнгида эса юқорида айтилган эслатма ва огоҳлантирувлар кадр ортида ўқиб эшиттирилади.
Ушбу лавҳанинг ҳар куни эфирга узатилиши телетомошабинларда турли фикрларни уйғотмоқда. Баъзилар: “Ўзбекистонда эскидан қолган милтиқ қолибдими?!” – дея киноя қилишаётган бўлса, бошқалар: “Ҳукумат шунча ҳарбий техникаси ва аскари бўлатуриб, қолиб кетган бир-иккита милтиқдан ҳам қўрқиб ўтирибди”, – дея кулмоқда.
Бундай янгиликларни сал теранроқ мушоҳада қилувчилар эса: “Афтидан, Каримов режими: “Ўзбекистонга ноқонуний йўллар орқали катта миқдорда қурол аслаҳа кириб келмоқда, бу қуроллар ўзбек “баҳори”ни уюштириш учун келтирилмоқда” деган васваса ва ҳавотирга тушиб қолган”, – демоқда.
Яна бир тоифа фуқаролар эса: “Бундай лавҳалар ёрдамида Каримов диктатураси фуқароларни ваҳимага солиб, шундоқ ҳам қўрқоқ юракларига ғулғула солиб, уларни таҳмин қилинаётган инқилобий ҳаракатлардан қайтармоқчи”, – деган фикрдалар.
ЎХҲ Хабар бўлими