O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўз миллатининг иззатини сақлаган, ҳалолликни асос қилиб олган одам хор бўлмайди…

Ўз миллатининг иззатини сақлаган, ҳалолликни асос қилиб олган одам хор бўлмайди…
131 views
20 January 2018 - 10:00

Шу галги сафаримда самолетда бир йигит билан ёнма-ён ўтириб қолдим. Ҳаракатларидан билдимки, самолетга биринчи марта ўтириши.

Демак, Туркияга ўйнагани кетаётгани йўқ. Гапга солдим. Водийдан экан. Ёши 23 да экан.

-Йўл бўлсин?

-Ишлагани кетяпман.

-Нима ишга?

-Барменлик қилмоқчиман.

-Танишлар борми?

-Ҳа бор. Дўстим. Ўзи ишлаган жойга қўяр экан. Ўзидан олдин опачаси борган экан. Ўша чақиртирган экан.

-Мусулмонмисан?

-Ҳа…

-Ойлик қанча экан?

-700-800 дўллир.
Йигитнинг юзига қарадим. Кўп қийналгани кўриниб турибди. Онаси ва бувиси билан турар экан. Отаси ташлаб кетган экан.

Ўзи қачон четга қора иш учун кетганлар ҳақида гап очилса, кўнглим бузилади. Айниқса Ўрусияга кетаётганларни эшитсам… Алам ҳис қиламан.

Кўнглим бузилиб жим қолдим. Уни нималар кутаётганини таҳмин қилдим. Дўсти уни алдагани аниқ. Туркияда ҳеч қачон янги келган ишчи учун 700-800 $ ойлик беришмайди.

-Билиб қўй, барда ишлаётган ўртоғинг ҳам яхши одам эмас, унинг опаси ҳам. Ишлаётган жойи ҳам яхши жой эмас. Мусулмон турклар бу ишни қилмайдилар. Улар турк кўринишидаги бошқа миллат вакилларидирлар. Дўстинг сени алдаган. Бунча пул ойлик ололмайсан. Эҳтиёт бўл, -дедим.

– Ватанда иш йўқми, дедим.

-Фельдшер эдим. «Скорий»да ишлар эдим.

Ойлик кам.

«Ватанда қаноат қилиб ишлаб юравермайсанми?» деб ақллилик қилмадим.

Унинг аҳволини кўриб бир ачинаман. Ёрдам қилолмаганим учун икки қийналаман. Истанбулда ўқиётган ўғлимнинг тенгдоши экан.

Умуман олганда, йигит киши ризқини излаб қайларгадир бош олиб кетиши айни мардлик, эркаклик!

Аммо, бир оз ўзини таниб, оқ-қорани таниб, мақсадни бир оз баландроқ олиб, йўлга чиқса дейман. Ор-номус масаласини англаса, дейман. Тажрибаларимдан келиб чиқиб шуни ишонтириб айтаманки, ўзининг қадрини билган, миллатининг иззатини сақлаган, тубан ишларга берилмаган, ҳалолликни асос қилиб олган одам, ҳар қандай миллат ичида ҳам хор бўлмайди.

Мухожирликнинг азобларини тортаётган ўғлонларимизнинг барчаларини Аллоҳ ёрдамчилари бўлсин! Ҳифзи ҳимоясида сақласин!

Шаҳид бўлган мард ўғлонларимизга Роббимиз жаҳаннам ўтини абадан ҳаром қилсин!

Яқинларига сабри жамийл берсин!!! Омийн!!!

Шоолим Шомансуров

facebook.com