ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 29
(давоми)
Илгари кейин менинг бу китобимни ўқувчиларга маълум бўлғайким, Темур султонни ёқлаб юқоридаги сўзларни ёзишимнинг сабаби шулки, жаҳонгирлар бошлиғи қаҳрамон Темур султон 36 йиллик салтанат даврида, қисқача бўлса ҳам қондурғудек ўз таржимаи ҳолини ёзмиш экан; унга қўшимча қилиб давлат тутиш тартиблари, аскарий ясоқинтизом қонунлари тўпламини ҳам ёзиб, уни «Темур тузуклари» деб атамишдир. Темур томонидан ёзилган бу асар, аслида, ўз тили туркча ёзилган бўлса ҳам, сўнгги Бобур авлоди замонларида форсчага таржима бўлмишдир. Бу «олтин китоб» ўз замонасига кўра сиёсий, ҳарбий ясоқлар қонунномаси бўлганлиқдан, Темур шаҳзодалари уни қизғанишиб, ёшириб сақламиш эдилар. Тахт талашган шайбонийлар темурийларни енгандан кейин, мирза Бобур подшоҳликдан ажраб, хазиналарини ташлаб қочган бўлса ҳам, унга раҳматлар бўлсин, бу китобни у душман қўлида қолдирмай олиб кетмиш экан. Бироқ Ҳиндистонда узун йиллар давлат тутган унинг набиралари турк тилини унутиб, мажбурий равишда урду, форсий тиллик бўлганликлари учун боболари Темур султон асари «Темур тузуклари»дан фойдаланмай қолмиш эдилар. Шунга кўра, бу китобни у авлоддан қайси бирови экан, форсчага таржима қилишга буюрмиш эди.
Бу гавҳар китоб илк вақтида ёширин сақланиб, сўнгги кунлари эса форсча бўлиб қолгани учун, шу кунларгача ўз улуси, ўз меросхўрлари ундан фойдаланиши буён турсин, балки, Темурнинг бундай китоб ёзганлигини, баъзи ҳақиқий тарихчилардан бошқа, ҳеч ким билмаган эди. Мана шундан фойдаланган душманлар ва ҳам уларнинг ялоқчилари бу жаҳон қаҳрамони ҳақида ҳар турлик ақлдан ташқари ноҳақ туҳмат сўзлар ёзиб, матбуот орқали бутун халқ ичига тарқатмиш эдилар. Ўз тарихини танимаганликдан буларга қўшилганлар орасида ўз шарафини билмаган, олимсифат ерлик ахмоқлар ҳам оз эмас эди.
Шунга кўра «Темур тузуклари» номли бу қаҳрамон асарни қўлга келтириб, 1962 йили форсчадан ўз тили туркчага таржима қилдим. 1967 йили Ўзбекистонда янгидан чиқа бошлаган «Гулистон» журналида босилиб, бутун Ўзбекистон халқига тарқалгач, ўз тарихини тушунмаган Тожикистон «олимлари» аталмиш кишилар томонидан таржима устида ва ҳам Темур султон ҳақида ноҳақ ҳужумлар бошланган эди. Унга қарши биз ҳам суякка санчилғудек ақлий ва нақлий далиллар билан жавоб қайтариб, ҳаммани қаноатлантирган сўнггидагина, уларнинг эшаклари лойга ботиб, ўзлари таслим бўлдилар. Ўша ботқақ ўйларида ўзлари тутқалоқдан толласлаётқан чоғларида, шу ёзаётган «Туркистон қайғуси» тарихи воқеалари Темур устига етгач, у адабсизларнинг аҳмоқона сўзларини эскариб, ўқувчиларни шубҳадан чиқариш учун бу ўринда ёздим. Тарих ёзувчилар яхши ёмон, бўлган ўтган воқеаларни бўлганича-борича ҳақиқати билан ёзиб қолдиришлари уларнинг ўз вазифалари бўлганлиқдан, бу ҳам фойдадан ҳоли бўлмаса керак.
Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундай қилиб, Темур султоннинг улуғ ҳиммати, унинг чекинмас чидами орқалик бутун Турон Туркистон мусулмонлари мўғуллар зулмидан қутулган бўлсалар ҳам, иккинчи бу томонлардан умидлари узилиши учун қочганлар орқасидан тақамиш қилиб қувлагани турди. Толас, Мерки, Ашмара орқали ўтказиб, шу сурганича Иссиқкўл, Қоракўл, Қарқара йўллари билан Текасга тушди. Бу ердан қувлаганича Оқсув, Кўксув, Ағиёз ошувларидан ошиб, мўғуллар орқасидан юриб ўлтириб, улуғ Юлдуз яйловига етиб тўхтади. Қараса, қочган мўғуллар бу ерда ҳам туришолмасдан, Илёсхўжа аскарлари туштушга тарқалиб қочмиш эдилар. Буни англағач, набираси Мирзо Улуғбек қўмондасида 10 минг аскар тайинлаб, Олтой томонга қочган Илёсхўжа ўғли Ўғлонхон ортидан қувғин қилди. Қочганлар эса, тиниққан от минганлари учун қувловчиларни етказмай, Иртиш сувидан ўтиб кетдилар. Булар ортидан юравериш хатарлик бўлганликдан, Мирзо Улуғбек шу ердан қайтиб Юлдузга келди.
Бу улуғ яйловда эрув қилиб, қирқ кун ўткузганларича қочган, писган мўғуллар ҳар томондан тўп-тўп бўлиб келишиб, ўз одатларича бош қўйиб, тиз букиб, барилари қуллик билдирдилар. Шу билан душмани енгилиб, бутун ишлар ўз ўрнида бажарилиб кўнгли тинчигач, зафар байроғини кўтарганича шон-шавкат билан хон ўрдуси, Тўғлуқ Темурхон пойтахти Олмалиғга қараб қайтди.
Жаҳонгир Чингиз ўрдуси биринчи қурилишида шу кунги қизил Мўғулистон маркази ҳисобланган Ўлан Ботир яқинидаги Қоруқурум деган жойда қурилмиш экандур. Сўнгра, бу авлоддан қайси бирлари томонидан у ердан кўчирилиб, Ғулжа шаҳри бошида, ҳозирги Қўрғос аталган Олмалиғга келтирилмиш эди. Ўша кундан бошлаб, Темур султон даврига келгунча, бутун Турон Туркистон мамлакатларига марказ бўлиб, мўғул хонлари буйруқ ёрлиқларини от улов чопарчилари орқали шу ердан юбориб турдилар. Ўтган хонлар уруғ аймоғлари, уларнинг энг сўнггиси Тўғлуқ Темурхон оиласи билан бутун давлат арбобларининг қочмай қолганлари шу ерда эдилар. Хазина дафина, турлик асбоб ускуналар ўз вақтида Марказий Хитойдан келтирилган оқ тош, кўк тошлар каби хитой, мўғул ҳоқонларидан қолган тахт тошлари, булардан бошқа бутун мамлакатлардан жаҳонгир Чингиз даврида ва ундан кейинги вақтда ҳам талаб тортиб келтурилган турлик нарсаларнинг қолдиқлари шу Олмалиғдаги хон саройи хазинасида тўпланмиш эди.
Темур султон душманларини тор мор қилиб, ғолибият байроғини кўкка кўтарган ҳолда шон шараф билан Олмалиғ хон ўрдусига келиб тушди. Бу ерга келгач, биринчидан, мўғуллар ичида ўз ўрнини мустаҳкамлаш, иккинчидан, «Хонлар Чингиз авлодидан бўлади», деган бутун турк улуслари олдида бузилмас қонун ҳукмини олган сўз кучини юмшатиш учун, Тўғлуқ Темурхоннинг бекачасини шонлиқ тўй томошалар ўтказиб, ўз никоҳига олади. Унинг ўз ўрнида қилган шу тадбири билан мўғуллар душманликлари дўстликка айланиб, хон қизини олгани учун Темур султонни «Кўрагон» деб атайдиларки, мўғулча куёв демакдир. Шу билан узун йиллардан бери йиғилиб ётган Олмалиғ хазинасини йиғиштирган сўнггида, янги хоним Туркон оғачани сеп седри, зебзийнатлари билан пойтахт Самарқандга олиб қайтмоқчи бўладилар. Бутун дунёга отағи чиққан жаҳонгир Чингизхоннинг набираси, улуғ ҳоқон Тўғлуқ Темурхоннинг қизи бўлғани учун, мўғулларнинг расм одатлари бўйича буюк ҳашамат кўрсатиб, хонимнинг тароғи ва сирғасини олтин укакларга (қутиларга, идишларга) солишиб, ҳурмат атағи чиқариш учун ўрду сарой соқчиларидан ҳар бирини юзтадан икки юз қалмоқ кезиклашиб (галма-галдан) кўтарган ҳолда Самарқандга етказмиш эди. Ўша кундан бошлаб, тароқ кўтарганлар тарамочи, сирға кўтарганлар сирғали деб аталиб қолди.
Шу кунларда ҳам Самарқанд шаҳри атрофида «Сирғали», «Тарамочи» номида икки уруғ ўзбеклар яшамокдадир. Яна Чингиз замонида устига тахт ўрнатилган, халқ оғзидаги тарихий оқтош, кўктошларни, ҳар бирининг ўзига лойиқлаб ясатилган араваларга солдириб, уларни ҳам Самарқандга келтирмиш эди. Англашимизча, оқтош Самарқанд Темур ўрдусида шу кунга давр сақланиб келган бўлса ҳам, кўктош, Самарқанд руслар томонидан босиб олингач, уни Темур султоннинг тахти ўрнида кўришиб, Петербург музейига юборилган деган хабарни англамиш эдик. Ҳар қандай бўлар экан, Ўзбекистон музейхоналарини зийнатлашга лойиқ тарихий эсдалигимиз бошқа аҳамияти қолмаган бўлса ҳам, ўз эгалари қўлида бўлиши лозимдир.
Яна ўз сўзимизга келайлик. Ғулжага келганимизда тушган кишимиз эса, бизнинг бир юрт, бир маҳалла қадрдон оғайнимиз бўлгани учун, бу ердан бошқа ёққа чиқишга розилик беришмади. Буларнинг розилигига қараб, ярим йилга яқин шуларникида туриб қолдим. Қарасам, совет Русияси томонидан у ерга ҳам ҳар ёқлама иқтисодий тузоқлар қўйилиб, сайёдлик тўрлари ҳар қадамда тортилмиш экан. Даҳрийлар давлати қурилган кунидан бошлаб, мен Ғулжага ўтган 1931 йилгача сиёсий томондан бутун совет халқи чексиз оғирчиликлар кечирган ҳолда, иқтисодий томондан ҳам энг қаттиқ қисмчилик кўрмоқда эдилар. Шунга қарамай, иқтисодий борлиқ нарсаларини кўз бўёв қилиб, атрофга, айниқса Ғулжага чиқармиш экандир.