Сариосиё, Узун туманларидан Ўзбекистонга Тоҳир Йўлдош, Жума Намонгоний бошлиқ жангарилар бостириб кираётгани муносабати билан, ўшанда уларни қоралаш компанияси бошланди.
Аброр Ҳидоятов театрида шу муносабат билан мажлис бошланди.
Халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев сўзга чиқиб айнан шундай деди “Қани зўр бўлса Тоҳир ҳам Солиҳ ҳам шу ерга келсин…(овозини ниҳоятда баландлаб) Нима… Драматургларимизни қалами синганми? Шахсан мен террористлар ҳақида шундай асар кутябман”деди…
У пайтлар мухолифат менга бегона эди. Лекин юрист, ҳам драматург сифатида бу актёрнинг ўзига бино қўйиб жар солгани нафсониятимга тегди.
Мажлисдан кейин унга “Лутфулла ака аввало юрист сифатида М.Солиҳга бу айбномани қайси ҳужжат, қайси далилга асосланиб сўзладингиз? Иккинчидан “Ўзбектеатр”га бориб террористлар ҳақида асар борлиги ҳақида сўрадингизми?”деб сўрадим.
Биринчи саволимга миқ этолмади.
Иккинчи саволимга “Сизни шу мавзуда асарингиз борми?”деб сўради.
Унга “Бор… Фақат асарда “ўша террористларни бизнинг мухит етиштирган” деган фикр берганман” дедим.
Асарни олиб ўқибди.
Театр раҳбари Олим Салимов билан “мен қўяман, сен қўймайсан”деб талашибдилар. Олим Салимов менга қўнғироқ қилиб “асарни қаерда бўлса ҳам ўзи қўйиш ниятини” айтди. Лекин охири на униси на буниси қўймади.
Сўзга чиққан куни актёримиз шоир Усмон Азимдан ҳам шунга ўхшаш дакки эшитган экан. Ҳар қалай шундан кейин Л.Саъдуллаев ўйлаб сўзлайдиган бўлдилар.
2000 йиллар оғир давр эди. Л.Саъдуллаев ўшанда мени тўғри тушунганига ҳам рахмат…
Лекин Мирза Азизов бу кун нега бундай деди? Ўзини учратсам “чилёсин” ўқийман шекилли.
Ҳар қалай бир вақтлар асаримда ўйнаган…Яхши ўйнаган…
Санжарали Имомов