O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ўйлаш учун 20 йил

Муҳтарам юртбошингизнинг “Биз киммиз, кимнинг болаларимиз?” Ҳамиша ёдда тутиш керак… “ каби эзмаликлари сизлар учун ёд бўлиб кетган.

Ўйлаш учун 20 йил
167 views
26 December 2012 - 11:01

Thought-LeaderМуҳтарам юртбошингизнинг “Биз киммиз, кимнинг болаларимиз?” Ҳамиша ёдда тутиш керак… “ каби эзмаликлари сизлар учун ёд бўлиб кетган. Эшитишимизча, туғруқхоналарингизда эндигина туғилган чақалоқдан ҳам (қулоғига азон айтиш ўрнига) “Сиз кимсиз, кимнинг боласисиз?” деб сўрашаркан.

Мен сизга айтсам, қиёматлик қўшниларимиз, агар Мустақиллик майдони “дарвозасига қоқилган” турнангиз қулоғига “Сен кимнинг боласисан?” деб йигирма йил эмас, йигирма кун такрорлаганингизда борми, аллақачон жонланиб учиб кетар ва аждодларини номма-ном билиб келган бўларди…

Эй қардош, қариндошларим, йигирма йилдан бери кимлигингизни билолмай оворасиз…  Президентингиз бугун эслатса, эртага ёдингиздан кўтарилиб, қайта бошдан бошлайверасиз: “биз киммиз, кимнинг болаларимиз?” Бутун мамлакат жўровоз такрорлайсиз: “Биз бухорийлар, Термизийлар, Самарқандийлар, Хоразмийлар, Берунийлар, Амир Темурлар зурриёдларимиз!”.

Хўш, нима бўпти? Ҳа, деб ул зотларнинг руҳларини  безовта қилаверганингиз билан улар қилган ишни қила олармидингиз? Уларга ўхшаб ҳалол, тўғри яшай олармидингиз? Ҳамма ёғингизни пора босиб кетганини ким билмайди дейсиз. Порасиз иш битмаслигини сизда боғча боласи ҳам билади-ку.  Яна бир “Зижи” фалоний” тузармидингиз? Майли, осмонни қўя турайлик, ерда бир ўзгариш қилолдингизми? Йигирма йилдан бери собиқ империянинг ғийбатини қиласиз: “ундоқ эди, бундоқ эди, қул эдик, тул эдик”, деб. Ҳозир нима, қул эмасмисиз? Эрингиз, хотинингиз тирик туриб тул эмасмисиз? Ота-онаси ҳаёт бўла туриб болаларингиз тирик етим эмасмилар? Бир йил, уч йилда эрни кўрмаган хотин, хотинни кўрмагaн эр, ота-онасини кўрмаган фарзанд тул ёки тирик етим бўлмай нима? Хапа бўлсангиз ҳам бор гап: Сизда ҳозир ярим миллион қулдорнинг йигирма тўққиз миллион қули бор. Диктаторларингизни катта-катта гапиртираётган ҳам шу қуллар, туллар етимларнинг меҳнати эканини ўйлаганмисиз? Қуллар ва туллар ит азобда топиб келаётган валюта мамлакатнинг хазинасига тушиб турганидан гўё бехабар Каримов йиғинларда  гапиради: “ҳозир халқимиз бой, фаровон, ана, йигитларни олинг, улар мендан кам эмас, тагларида машина, эгнидаги костюмларини кўринг, мен ҳавас қиламан, қувонаман…” . Ичида айтса керак: “ Эй фуқароларим, сизлар иш топиб беринг, деб менинг ёқамдан олмасдан ўзларинг ёт юртларда, ит ётиш кун кўриб, топган пулларингиз ҳисобига мамлакатни, мени бойитяпсизлар. Мен дунё кўриб сизлардек лақмани кўрмадим. Сизларни тилсиз, оғизсиз қилиб туққан ота-оналарингизга раҳмат”.

Президентингиз ўзи азалдан нутки чатоқ эди, қариб, антиқа гапирадиган бўлибди. Мажлис қилса, одамларга қараб, сизлар яхшисизлар, ҳаммаларингиз париштадексизлар, чиройлисизлар, кутмаган эдим, мен сизлардан розиман, дейдими-ей. Ҳокимларга кўзини қисиб, сиз халқ ичида менинг вакилимсиз. Одамларнинг сизга айтган гапи менга айтган гапидир, шунга қараб ишлаш керак, нима дейсиз? Шунда катта-кичик амалдорлар хурсандликдан Диктаторни қарсаклари билан маъқуллашади. Бу ҳол ўтган асрнинг 80- йилларида СССР деган мамлакатнинг амалдорлари қариб, довдираб қолган Леонид Брежневнинг ҳар бир сўзини давомли қарсаклар билан қутлаб туришини  ёдга туширади. Нақадар ўхшаш саҳна. Кўрасиз, оқибати ҳам худди ўшандай бўлса ажабмас.

Гапни чўзиб нима қилдик. Агар Каримов сизлар боболаримиз деб даво қилаётган зотлар аждодим, деб чиндан ҳам фахрланганида Қуръон, Ҳадис ўқиган ёшларни ваҳҳобийлик, терроризм, диний экстеримизмда айбламасди.  Минглаб навқирон йигитларни Бухорийни ўқигани учун турмаларга тиқиб, майиб қилганлари, ҳозир ҳам бу ишда қаттиқ давом этаётганини ён қўшнилар билмайди, дейсизми? Бизлар сизлар учун ман қилинган интерсайтларга кирамиз, юртбошингиз, юртингиз ҳақидаги ҳақиқатларни ўқиймиз. Сизларнинг миқ этмай яшаётганингизга ҳайрон қоламиз. Бу сабр-тоқатми ёки эси пастликми, тушуна олмаймиз. Аввалги ўзбеклар бунақа эмасди, “туркий қавмнинг бош бўғинлари, сизким Амир Темур авлодлари…”нинг бугунги  аҳволига ҳайронмиз.

Бошлиқларингиз беш-ўн иморати билан мақтаниб чарчамайди, бузган, синтирган, кесганлари ҳақида ғинг демайди. Бутун Ўрта Осиёнинг фахри бўлган Тошкент скверини таг-туги билан бузиб, 1,5 асрлик дарахтларни кесганларини нима билан изоҳлашади у …кесарлар. Ўзидан олдинги раҳбарларнинг яхши ишларини йўқотишдан мақсадлари нима экан? Билмайсизлар.

Эй, ўзига “бек” қўшнилар, ҳали суяги қотмаган ўғил-қизларингизни илм ўқитиш ўрнига уч фасл далага ҳайдайсиз? Қулдек ишлатасиз. Мактабни битиргач эса иш топиб беролмайсиз. Кўриб юрибмиз, бизнинг овулларга ҳам иш излаб қанча йигитлар келиб кетади.  Иш танлаб туришмайди, ғишт ҳам теради, мол ҳам боқади, деҳқончилик ҳам қилаверади, ишқилиб пул топса бўлди. Биров билан, дунё билан ишлари йўқ. Ўзбек–ўзига бек, дегани шу бўлса, бўлмагани яхши экан, дедим мен. Шу дарбадар бечоралардан қандоқ қилиб террорист чиқаркин, деб ўйлаб қолади одам.

Тўғрисини айтганда, Ўзбекистон  ҳукумати сизларни оламдан узибгина қолмай ўз-ўзингиздан ҳам узгандир. Қирғизлар ўзбекларни қирғин қилганида ўзбеклар тараф тортиб келар, дегандик. Сизлар миқ этмадингиз. Биз тушундик, халқ бу аҳволдан бехабар. Каримов деган президентнинг ўзбеклар учун жони ачимас экан.

Сизларнинг ҳаётингизни ўзларингиздан кўра биз кўпроқ биламиз. “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” ва бошқа-да демократик ҳаракатлардан хабардормиз. Каримов қувғин қилган, сиёсий қочқинлар чет элларда туриб ҳам Ватани озодлиги учун курашаётганига қоил қоламиз. Шунча қамаса, қирса ҳам қардошларимизнинг мардлари кўп экан. Ҳаракатлар бирлашиб Ўзбекистонга кирса борми, жонидан тўйган халқ ҳам уларга қўшилиб кетиши тайин. Ана ўшанда Каримов халқи олдида тиз чўкиб ҳисоб беради.

Эндиги гапим, диктаторларингиз ва унга бағишланган, бижғиб кетган мақтовлар ҳақида. Йигирма йиллик вайсақиликни йиғиб, бир жойга уйсангиз, баландлиги 8848 метр бўлган Жамолунгма чўққисини жарликда қолдирар ёки бу йигирма йиллик беҳуда олди-қочдиларингизни Тинч уммони остидаги  11022 метрлик Мариан (чуқурлиги) чўкмасига жойланса, уммон устида  Ер юзининг ҳамма тарафидан кўрса бўладиган янги Жамолунгма чўққиси пайдо бўлган бўларди.

Бас, эй қўшнилар, ўзингизни танишингиз, кўзингизни очишингиз учун сизларга яна неча йил керак?

Йигирма йилдан бери бизнинг овулда неча қўзилар қўчқор, тойлар тулпор, кучуклар бўрибосар бўлди.

Жаноб президент Каримовнинг чорак асрдан бери ўзбекларни ўзига танитаман, деб жағи тушаёзди. Сизингча, “кимлигини, кимнинг болалари” эканлигини билмайдиган бирор кимса қолдимикан, Ўзбекистонда?  Қолган бўлса, у ким? Нега у ҳамон ўзини билгиси келмаяпти, билишни истамаяпти, нима учун?  Балки у ёнингизда, шундай рўпарангизда тургандир. Балки у юртбошингизнинг ўзидир…  Энди, бу ёғи нима бўлади?  Ўйлаш учун ҳам сизларга яна йигирма йил керакми?

Чимкентлик биродарингиз Дарёбой.