ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ
(6)
Абуллайс Самарқандий ҳақида
Муфассир, муҳаддис, фокиҳ ва мутасаввуф бўлган Абуллайс Самарқандий ҳазратлари инсон сифатида муттақий илмига амал қилган буюк зот эди.
Абуллайс Самарқандий ҳазратлари ҳижрий 373(милодий 983) йилида вафот этди. Туғилган йили номаълум.
Қўлингиздаги бу китоб минг йилдан бери ислом оламида ўз қийматини йўқотмаган, юзлаб олимларга илҳом қайноғи бўлган ва мусулмонлар учун маёқ ролини ўйнашда давом этаётган бир баракатли, қутлуғ асардир.
Абулайс Самарқандий “илми билан омил” бўлган буюк олимдир.
“Танбеҳул ғофилийн” асари ҳам ахлоқ, ҳам шариат, ҳам тасаввуф ҳақида теран билгилар беради.
Қўлингиздаги китобнинг оригинал матни ҳижрий 1306 йилда Қоҳирада “Матбом хайрия” нашриётида босилган. “Танбеҳул ғофилийн”нинг арабча нашрларидаги китобларнинг ҳошияларида Абуллайс Самарқандийнинг “Бўстон-ул орифийн” асари битилгандир. Оллоҳ насиб қилса, уни ҳам ўзбекчага таржима қилиб, сизларга тақдим этамиз.
Муҳаммад Солиҳ
* * *
(давоми)
Оллоҳ ўлаётган мўминга шу муждани беради:
“Ҳақиқатдан, Раббимиз – Оллоҳдир, деб, сўнгра тўғри бўлганлар бор-ку, ўшаларнинг ёнига малаклар иниб, “Қўрқманглар, ғамгин ҳам бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат билан севининг”, деяжак”. (“Фусилат” сураси, 30-32).
Энди Оллоҳнинг бу оятларини жумла-жумла ўрганайлик:
“Ҳақиқатан, Раббимиз – Оллоҳдир, деб, сўнгра тўғри бўлганлар” Оллоҳ ва Расулига инониб, иймонига сабот этганлардир.
Бошқа бир тафсирга кўра, “фарзларни бажариб, ҳаромлардан қочганлардир”.
Яҳё бин Муаз Розийнинг айтишига кўра, “сўзда тўғри бўлажакларини айтиб, амалда ҳам тўғри бўлганлар”дир.
Бошқа баёнларга кўра эса “аҳли суннат вал-жамоат йўлидан четга чиқмай юрганлар”дир.
“Ўшаларнинг ёнига малаклар келиб, “қўрқманглар, ғамгин ҳам бўлманглар, сизларга ваъда қилинган жаннатга севининг” дейдилар” оятининг маъноси “иймон этиб, тўғри ибодат этганлар ўлар экан, уларнинг устига малаклар тушиб, олдингизда турган ҳисоблашмадан қўрқманглар, сизларга ваъда қилинган жаннат билан қувонинг”, деганидир.
Бир баёнга кўра, ўлаётган мўминга берилган мужда беш турлидир:
1.Оддий мўминлар учун мужда. Уларга шундай дейилади: Абадиян азоб чекамиз, деб қўрқманглар. Абадий азоб чекмаяжаксиз. Чунки пайғамбарлар ва солиҳ қуллар сизларга шафоат этажаклар. Керакли миқдорда савоб ишламаганингиз учун қайғуга ботманглар, жаннат билан севининг. Яъни охирида барибир жаннатга борасизлар.
2.Ихлосли мўминлар учун мужда. Уларга шундай дейилажак: Амалларингиз рад этилажак, деб хавотирланманглар. Чунки амалларингиз қабул этилгандир. Етарли миқдорда савоб олмаганингиз учун хафа бўлманглар. Чунки амалларингиз савоби қат-қат орттирилажак. Тавба этгандан сўнгра янгидан ишлаган гуноҳларингиз учун ҳам қайғуланманглар.
3.Тавба этганлар учун мужда. Уларга шундай дейилажак: Маҳшардан ва ҳисоблашмадан хавотир олманглар. Чунки гуноҳларингизнинг ҳаммаси авф этилди. Тавба этгандан сўнгра савоб олиш фурсатини қочирганингиз учун ҳам қайғуга тушманглар.
4.Зоҳидлар учун мужда. Уларга шундай дейилажак: Ҳисоблашмадан қўрқманглар. Амалларимиз савоби кўп бўлмаяжак, дея хафаланманглар, ҳисобсиз ва азобсиз жаннатга киришингизни ҳозирдан билиб севининглар.
5.Илмлари билан амал этган ва илм билан яхшиликка ўргатган олимлар учун мужда. Уларга шундай дейилажак: Қиёматнинг қўрқинчли саҳналари сизни ҳуркитмасин, буларни ўйлаб, қайғу чекманглар. Чунки Оллоҳ сизларга амалларингиз бадалини беражакдир. Сизларнинг орқангиздан эргашганлар билан бирга жаннатга киргандай ҳозирдан севинаверинг”.
Дунёдан энг сўнгги насибаси – мужда бўлган инсон нақадар бахтли инсондир. У ўлганда, ёнига малаклар инади. У малакларга:
-Сиз кимсиз? Бугунгача сиз каби гўзал юзли, хуш бўйли зотларни кўрмагандим!, – деяжак у.
-Биз сен кабиларнинг дўстимиз. Яъни сизларнинг дунё ҳаётингиз бўйича сизлар ишлаган амалларни ёзган кузатувчилармиз. Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиз бўламиз, – деяжак малаклар.
Шундай экан, ақли бошида бўлган ғафлат уйқусидан уйғонмоғи керак. Ғафлат уйқусидан уйғонган кишининг тўрт аломати бор:
1.Дунё ишларини қаноат билан кечиктириб қилади.
2.Охират ишларини интизомли ва ихлос билан бажаради.
3.Дин ишларини илм ва ижтиҳод билан адо этади.
4.Инсонлар билан муносабатини насиҳат ва яхши муомала устига иншо этади.
-Айтилишига кўра, энг фазилатли инсон шу беш хислатни ўз нафсида мужассам этган кишидир:
1.Ҳар доим Оллоҳга ибодат этишга чопади.
2.Инсонларга мутлақо фойда келтиради.
3.Ҳеч кимга ундан ёмонлик келмайди.
4.Инсонларнинг қўлидагига кўз тикмайди.
5.Ўлим учун тайёр бўлади.
Биродар, биз ўлиш учун яратилдик. Ўлим биз учун муқаррардир. Зотан, Оллоҳу Таоло шундай дейди:
“Ҳеч шубҳасиз, сен ҳам ўласан, улар ҳам ўлажакдир” (“Зумар” сураси, 30).
Яна Оллоҳу Таоло шундай буюрди:
“Дедики: агар ўлишдан ва ўлдирилишдан қочаётган бўлсангиз, бу қочиш сизга фойда бермас” (“Аҳзоб” сураси, 16)
У ҳолда ҳар бир мусулмоннинг қилиши керак бўлган нарса, ўлим келмасдан олдин унга тайёр бўлишдир. Ҳолбуки, Оллоҳу Таоло шундай дейди:
“Дедики: “агар тўғри сўйлаётган бўлсангиз ўлимни таманний (орзу) қилинглар. (Улар) қилган кирдикорлари туфайли абадиян ўлимни таманний этолмайдилар” (“Бақара” сураси, 94-95).
Кўриниб турибдики, Оллоҳу Таолога тўғри бўлганлар ўлимни таманний (орзу) этадилар. Ёлғончилар эса, ишлаган ёмонликлари сабабли ўлимдан қўрқадилар.
Содиқ мўмин ўлимга ҳозир бўлгани учун Роббига бўлган соғинч таъсирида ўлимни таманний этади.
Абуд Дардо ҳазратлари шундай деган экан:
-Роббимга нисбатан пастфеъл (камтар) бўла олиш учун фақирликни, гуноҳларимга кафорат бўлсин учун – хасталикни, Роббимни соғинганим учун – ўлимни севаман”.
Айтилишига кўра, Абдуллоҳ бин Масъуд ҳазратлари шундай деган экан:
-Яхши бўлсин, ёмон бўлсин, ҳар ким учун ўлим хайирлидир. Агар инсон яхши бўлса, Оллоҳу Таоло бундайлар ҳақда шуни буюрган: “Оллоҳ қатидаги неъматлар яхшилар учун хайирлироқдир” (“Оли Имрон” сураси, 198).
Ёмон одамлар учун эса Оллоҳу Таоло шундай деган: “Уларга гуноҳларини кўпайтириш учунгина муҳлат берамиз. Улар учун хор қилувчи бир азоб бордир (“Оли Имрон” сураси, 178).
Анас бин Моликдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) – ўлим мўминнинг кучидир, – деган.
-Ибни Масъуддан ривоят этилишига кўра, саҳобийлардан бири Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан “Энг фазилатли мўмин кимдир?”, деб сўраганда, Расулуллоҳ (с.а.в.) “Энг гўзал ахлоқлисидир”, деб жавоб берган экан.
Яна бир саҳобийнинг “энг закий мўмин ким?”, деган саволига эса “ўлим ҳақда энг кўп ўйлаган ва ўлимга энг яхши ҳозирланган мўминдир”, деб жавоб берган.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) яна шундай деган:
“Закий инсон нафсига қулоқ солмасдан, ўлимдан кейинги ҳаёти учун амал ишлаган кимсадир. Энг аянчли одам эса, нафси орзуларига бўйсуниб, унга тобеъ бўлган ва яна Оллоҳдан авф умид қилган кимсадир”.
(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси