Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 187
(давоми)
ЎН БИРИНЧИ МЎЖИЗА
Имом Бухорий, Имом Термизий Ҳазрати Анас ибн Моликдан шундоғ ривоят қилурлар:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳумлар ҳаммалари бирга Уҳуд тоғига келишиб, анинг устига чиқдилар эрса, тоғ титрагани турди.
Анда Расулуллоҳ:
— Эй Уҳуд, тўхта. Сенинг устингдаги кишиларнинг бириси Аллоҳнинг пайғамбаридур, иккинчиси, анинг ёри Сиддиқ акбардур, қолган икковлари шаҳиддурлар,— дейишлари билан дарҳол тўхтади.
Энди бу воқеада уч мўжиза бордур:
Биринчиси, Расулуллоҳ тоғ тепасига чиқишлари билан анинг титраб кетиши;
Иккинчиси, Расулуллоҳ сўзларини англаб дарҳол тўхталиши.
Учинчиси, келаси ғайбдан хабар беришларидурким, Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмон икковлари ҳам шаҳид бўлдилар.
Биринчиларини Эрон асири Ҳурмуз кофир, намозда турганларида ханжар уриб шаҳид қилди.
Иккинчиларини эрса, ўзаро чиққан фитначилар уйларига бостириб кириб ўлдиришди, разияллоҳу анҳум.