Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 188
(давоми)
ЎН ИККИНЧИ МЎЖИЗА
Расулуллоҳ қўлларида майда ушоқ тошларнинг тасбеҳ айтишларидур.
Бу воқеани бир неча машҳур ҳадис олимлари ўз китобларида келтирибдурлар. Имом Байҳакий, Имом Табароний Ҳазрати Абу Зардан ривоят қилурлар.
«Бир куни Расулуллоҳни ҳилватда топдим, ёлғиз ўлтирур эканлар. Келиб салом бердим, жавоб берган сўнгида:
— Эй Абу Зар, нима учун келдинг? — деб сўрадилар.
— Ё, Расулаллоҳ, муҳаббатингиз тортиб келди, — дедим.
— Ўлтир, — деб илтифот қилдилар, ёнларига ўлтирдим.
Ўзлари гапирмагач, мен ҳам ҳеч нарса сўрамадим. Сўнгра кўп хиёл ўтмай Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ шошилган кишидек илдам юриб келиб салом берди, жавоб берганларидан сўнг:
— Эй Абу Бакр Сиддиқ, сени ким келтирди? — дедилар.
— Ё Расулаллоҳ, сизнинг муҳаббатингиз, — дедилар.
— Ўлтир, — деб унга ҳам ишорат қилдилар.
Шундай қилиб, кетма-кет Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон ҳам келишди. Алардин ҳам шундоғ сўрадилар эрса, жавоблари биз айтгандек бўлди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ерга қўл узатиб бир сиқим майда тош олдилар.
Ҳовучларини очишлари билан у майда тошлар садо қилиб тасбеҳ айтишгали турди. Ариғўнғиллагандек уларнинг тасбеҳ товушларини атрофда ўлтирган саҳобалар эшитдилар.
Сўнгра чангалларидаги майда тошларни ерга қўйдилар. Тасбеҳ айтиб турган тошлар, ерга қўйишлари билан тўхтаб, жим бўлиб қолишди. Яна уларни олиб, Абу Бакр Сиддиқ олақонига қўйиб эдилар, яна товушлари чиқди. Андин олиб ерга қўйиб эдилар, тасбеҳдан тўхтади.
Сўнгра шу тартибда Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон қўлларига солдилар, яна тасбеҳ айтгали турди.
Ҳазрат Али у куни йўқ эдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу учовларидан бошқа саҳобалар қўлларига ҳам қўйдилар эрса, ҳеч бирларининг қўлларида тасбеҳ айтмади».
Бундан маълум бўлдиким, бошқа саҳобаларга қараганда чорёрларнинг Худо олдида даражалари улуғ экандир. Разияллоҳу анҳум.