Алихонтўра Соғуний
ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 189
(давоми)
ЎН УЧИНЧИ МЎЖИЗА
Анас ибн Молик ривоят қилур:
Бир куни Расулуллоҳга бир киши идиш ҳадя берди. Саҳоблардин бир нечалари шу ерда ўлтиришган эди. Анда Расулуллоҳ:
— Шу ҳозирда бу идишдаги таом тасбеҳ айтиб турадур. Мен унинг товушини эшитдим, яқинроқ кел, сен ҳам эшитурсан, — деб алардан бировига буюрдилар.
У киши ҳам яқинроқ келиб, қулоқ солди эрса, таомдан чиққан тасбеҳ товушини очиқ эшитди.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу таомдан оғизларига солиб эдилар, оғизларида туриб яна тасбеҳ айтди, муни эрса шу ерда бор саҳобалар эшитдилар».
Ибн Масъуд ҳам: «Расулуллоҳ билан таом устида ўлтирган чоғимизда тасбеҳ айтган таом товушини кўп уққанмиз», деб ривоят қилур.
Маккадан Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб келганларидан сўнгра муҳожир, ансор саҳобалар Аллоҳ амри билан икки-иккидан дўстлашдилар. Шунда Абу Дардо билан Салмон Форсий ўрталарида дўстлик боғланмиш эди.
Бир куни икковлари ўлтириб эдилар, олдиларига бир товоқ ош келтирдилар. Бу таомдан еяётганларида ош товоғи тасбеҳ айтгани турди. Бунинг товушини ҳар икковлари англадилар. Бу ҳам Расулуллоҳнинг мўжизаларидан эди.