Шу йилнинг 27 март, пайшанба куни соат эрталабки 10 лар атрофида Тошкент вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро суди судьяси А. Абилов ўз иш жойида пора олаётган вақтда МХҲ ҳодимлари томонидан қўлга олинган. Ушланган пайтда А. Абилов ўз “мижоз”идан 250 000 сўм (100 АҚШ доллари) миқдорида пора олаётган бўлган. Ҳозирда мазкур иш МХҲ назоратига олинган.
Маълумки, судьяларнинг пора билан ушланиши ҳолатлари Ўзбекистонда кўп учрайдиган ҳодиса саналади. Бу эса мутахассислар томонидан Ўбекистонда судьяларнинг ижтимоий жиҳатдан етарлича ҳимоя қилинмаганлиги билан изоҳланади.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йилнинг 2 августида “Суд тизими ҳодимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинганди. Мазкур ҳужжатни қабул қилиш орқали суд тизими ҳодимларини моддий жиҳатдан рағбатлантириш пора олиш амалиётига чек қўйиш назарда тутилганди. Шу мақсадда судьяларни даромад солиқларидан озод қилиш ва уларга узоқ муддатли уй-жой кредитлари бериш билан бир қаторда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди судьяларининг ҳар ойда ойлик маошларининг 50% миқдоридаги устама ҳақлари тўланиши белгилаб қўйилганди.
Бироқ, ҳозирга қадар мазкур рағбатлантириш чоралари ҳам ўз судьяларнинг пора олиш амалиётини камайишига олиб келмади.
Хусусан, 2013 йилнинг 28 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди судьяси пора олишда айбланиб Дилфуза Ризаева Ўзбекистон МХҲ Бухоро вилоят бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ҳибсга олинганди. Ундан бир неча кун олдин эса, Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарë вилояти Қарши туманлараро судининг судяси 34 яшар Фахриддин Жуманазаров ҳам катта миқдорда пора олишда айбланиб МХҲ Қашқадарë бўлиминг тезкор гуруҳи тарафидан Қарши шаҳридаги Пахтазор митти туманида қўлга олинганди.
ЎХҲ ахборот бўлими