Рус истилосидан қутилган Ўрта Осиёда “советчасига фикрлаш”дан ажрала олмаган мансабдорлар мусулмонлар масаласини еча олмаётирлар ва воқеаларга фақат ўзларининг хавфсизлиги, мансабларида узоқроқ қолиши нуқтаи назаридан қарамоқдалар. У ерларда бугун айнан мана шундай вазият кўзга ташланмоқда.
Ўрта Осиё мамлакатларида яшаётган мусулмонлар хусусида олинаётган аянчли хабарлар кун тартибимизни ишғол қилишда давом этиб турибди. Аслида бу ўлкаларда дин (Ислом дини) масаласи муаммо бўлиб қолишда давом қилмоқда, дейиш яна-да тўғрироқ бўлади. Бу ҳолнинг негизида совет даврида Исломга оид ривожланишнинг барча унсурлари давлат тарафидан зўрлик-ла батамом йўқотилиши ётади.
Фаолияти давом этаётган баъзи бир диний тизимлар эса, диндорларни ўз истакларига кўра бошқариш учун давлатнинг қўлида қуролларга (ҳатто баъзан зулм қуролига) айлантирилгандир. Масалан, Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳридаги масжидларга давлат тарафидан камералар ўрнатилиб, бу билан терроризмга қарши пропаганданинг олдини олишни кўзда тутилаётгани айтилади.
Айнан ўша йўлни яқиндан кузатган Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг Наманган шаҳридаги масжидларга камералар ўрнатиб, ўғирликка қарши тадбирлар қўллаётганларини иддао қиладилар.
Бундан ташқари, Тошкентда исломий либослар, айниқса ҳижоб сотилиши таъқиқлаб қўйилган. Совет даврида кўринмаган бир ҳолат, яъни Тожикистонда 18 ёшга тўлмаган ўсмирлар масжида кириши мумкин бўлмаган ҳолга келтирилгандир.
Фақат Қирғизистондаги расмий мақомларнинг Исломий ҳаракатларга қарашлари унинг Ўрта Осиёдаги қўшниларига қараганда бир мунча илиқроқ кўринади.
Ўрта Осиё давлатларининг мусулмонлар (Ислом дини)га қарши сиёсати (зулми)ни тубандаги каби тартиблаш мумкин:
1) Халқ ва мансабдорлар (элитлар)нинг орасида боғланишлар қўпорилди
Советлар режимининг илк йиллариданоқ совет ҳукумати “Худосиз жамият”лар тузиб, Исломга оид барча қадриятларга оммавий ҳужум бошлади. Шу йўл билан атеизм тарғиботини авж олдириб, халқ оммасини динидан қўпоришга жиддий киришди.
Советларнинг “янги совет кишиси”ни етиштириш режасида кўзда тутилган шахсият – дин ва иймондан батамом ажратилган атеист бири эди. Шунинг учун маҳаллий халқдан ўша турдаги кишилар етиштиришга жуда катта куч сарфланди. Масалан, оддий халқ ичидан чиқиб, бошқарув – бюрократиясига кириш учун ана ўша, “янги совет кишиси” синфига ўтиш шарт қилиб қўйилганди. Бироқ халқ бу тарғиботларга оммавий шаклда берилмади. Аксинча, қўлларидан келганича унга қарши туришга ва миллий-диний қадриятларини сақлаб қолишга уринди.
Афсуслар бўлгайки, шу кунларда Ўрта Осиё мамлакатларидаги давлатлар мансабдорларининг катаю-кичик барчаси ўша совет атеистик тарбиясининг асарларидир.
2) Ҳукуматлар ҳар қандай бир қимирлашини ўзларига қарши хавф-хатар шаклида қабул қилади
Исломга ва мусулмонларга муносабатларида бир-бирларига жуда кўп ўхшашликлари бўлган бу давлатлар (айниқса Ўрта Осиёдаги)да ҳокимият бир хил ва фақат ўз истакларини қўллаб-қувватлаган Исломни ва мусулмонларни истайди. Борди-ю уларнинг қайси биридан арзимаган таҳдид сезадиган бўлса, уларга “ваҳҳобий”, “салафий”, “радикал диндор” каби тамғалар босилади.
Ўрта Осиё давлатларида якка ҳоким ва унинг атрофидаги мансабдорлар синфи (олигархияси) шаклида ташкилланган бошқарув системаси, ҳар қандай бир арзимас фуқаровий фаолиятни (ҳаракатни), у диний бўладими ёки йўқми, бундан қатъи назар, ўзларининг авторитар салоҳиятига ҳужум дея баҳолаб, уни йўқотиш учун барча усулларни қўламоқда. Масалан, шундай ҳолатлардан бирига 2005 йилда Андижон фожеасини мисол кўрсатиш мумкин.
3) Исломий ҳаракатларга ишониш қийинлашган ва 11-сентябр ҳужумлари баҳонаси, антидемократик режимлар ҳукмрон бўлган мамлакатларнинг ҳокимлари, мамлакатларидаги қашшоқлик, порахўрлик, ўғирлик ва шу каби жиноятларни ниқоблаш мақсадида “Радикал Ислом” харитасини қўллаш билан дунё жамоатчилигининг диққатини асосий муаммолардан чалғитишга уринмоқдалар
11-сентябр воқеалари Ўрта Осиёда ҳам янги бир хавфсизлик системасининг юзага келишига сабаб бўлди. Ўша ҳужумлар баҳонасида бутун дунёнинг авторитар режимлари сингари Ўрта Осиё давлатларида ҳам “ашаддий диндор”, “радикал (ёки фундаменталист) исломчи”, “жиҳодчи”ларни овлаш бошлаб юборилди.
АҚШ 2001 йилда юритган сиёсатида Ўрта Осиё мамлакатларидан, айниқса Ўзбекистондан, дастак олиши алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Бундан фойдаланган Каримов режими, бир тарафдан халқаро доирада ўзини кўз-кўз қила олган бўлса, бошқа тарафдан юрт ичидаги мустабидлигини ҳам яна-да мутлақлаштириш йўли билан ҳокимиятини бир мунча мустаҳкамлаб олди.
4) “Расмий Ислом’’ ва “Халқ исломи“ орасидаги зиддият Совет давридан бошлаб Ўрта Осиёда кенг тармоқ олган Исломни таништириш усулларидан бири, “расмий“ ва “норасмий“ Ислом шаклидаги бир тушунишдир. Иккинчи жаҳон уруши давомида Советларда мусулмонларнинг ҳам ёрдамини олиш ниятида дин ва диний масалалар билан шуғулланадиган тўртта диний идора (бошқарма) ташкил этилди. Улардан бирининг маркази Тошкентга бўлиб, Ўрта Осий ва Қозоғистон мусулмонлари идораси деб аталадиган бўлди. Бу бошқарма “расмий Ислом“ ҳисобланиб, расмий (давлат) масжидларида ишлайдиган имомларни етиштириш, турли хил исломий фатволар тарқатиш ва Исломга оид баъзи даврий нашрларни ҳам назорат қилиш вазифасини бажарар эди.
“Норасмий” исломий гуруҳлар ичида эса суфий тариқатлари (айниқса Нақшбандийлик, Яссавийлик, Қодирийлик, Қубровийлик) каби аждодлардан буён келаётган ибодат шакли ва Ўрта Осиёда анча ёйилган “авлиёга сиғиниш” атрофида мозору-сағаналарга даврий зиёратлар, норасмий масжидларда қилинадиган ибодатлар, зикр халқалари, норасмий исломий тарбия, расмий дин кишиларидан бошқалар тарафидан қилинаётган ибодатлар ва диний амалиётларнинг бошқа шакллари давом этиб келди. Ҳамиша, айниқса суфийлар ва уларга эргашувчилар орасида расмий исломга қаршилик кўрсатилиб турилди.
Советлар тугатилганидан сўнгра ҳам бу вазият айни тарзда давом этди. Мустақил бўлган Ўрта Осиё давлатларининг ҳар бири ўз диний бошқармаларини тузиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний бошқармаси таркибидан чиқиб олдилар. Бу янги диний бошқармалар ҳам давлатлар тасарруфида қолаётгани сабабли маҳаллий халқ – мусулмонлар тарафидан илиқ қабул қилинмади. Ҳақиқатан ҳам бу янги диний бошқармалар мусулмонлар (умуман халқ)нинг диний ва ижтимоий эҳтиёжларига жавоб бера оладиган даражада фаолият юрита олмаяптилар.
Рус истилосидан қутилган Ўрта Осиёда “советчасига фикрлаш”дан ажрала олмаган мансабдорлар мусулмонлар масаласини ҳал этолмаётирлар ва воқеъликка фақат ўзларининг хавфсизлиги, мансабида узоқроқ қолиши нуқтаи назаридан қарамоқдалар. У ерларда бугун айнан мана шундай вазият кўзга ташланмоқда, холос.
“Араб баҳори” юз берган диёрларда халқнинг зулмга ортиқ чидай олмасликларини намойиш қилиб турган бир пайтда, дунёнинг кўпгина ўлкалари, айниқса Ўрта Осиё мамлакатлари янги ўзгаришларга, ҳатто инқилобий ўзгаришгларга ҳомиладордир.
Ziya Oktay/ TİMETÜRK
Туркчадан Алибой Йўляхши таржимаси